Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Янгиликлар | Рўйхатга ўтиш

Президент сайлови ва ёшлар

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Матбуот марказида мамлакатимиз ёшлари вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Тадбирда Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати фаоллари, олий ўқув юртлари талабалари, академик лицейлар, ўрта махсус касб ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Матбуот марказида жамоатчиликнинг турли вакиллари билан учрашувлар ташкил этиш одат тусини олди. Навбатдаги учрашувнинг ёшлар билан ўтказилишидан асосий мақсад уларнинг сайлов ва сайлов ҳуқуқи ҳақидаги тасаввурларини оширишдан иборат бўлди.

Жорий йилнинг 23 декабр куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштиришда улкан аҳамиятга эга бўлган муҳим сиёсий тадбирдир.

Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига қараганда, мамлакатимизда сайловчиларнинг умумий сони 16 миллион 297,4 минг кишини ташкил қилади. Сайлов қонунчилигига мувофиқ Президент сайловида 18 ёшга тўлган барча фуқаролар иштирок этиш ҳуқуқига эга. Бўлажак сайловда 2 миллионга яқин йигит ва қизларимиз бундай ҳуқуқдан илк бор фойдаланадилар.
Шу жиҳатдан ўтказилган учрашувнинг ёшларнинг сайлов ҳақидаги тасаввурларини бойитиш ва уларнинг жамиятда кечаётган демократик ўзгаришларга муносабатини мустаҳкамлашдаги ўрни катта аҳамиятга эга бўлди.

Таъкидлаш жоизки, сайловчиларнинг, хусусан ёшларнинг сайлов тўғрисидаги билимини юксалтириш масаласига Марказий сайлов комиссияси ва бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан доимий эътибор қаратиб келинмоқда. Оммавий ахборот воситалари орқали кенг жамоатчиликка, шу жумладан ёшларга миллий сайлов қонунчилигимизнинг мазмун ва моҳиятини тушунтириш борасида бир қатор амалий ишлар қилинмоқда.

Учрашувда таъкидланганидек, мамлакатимизда Президент сайлови "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги Қонуннинг 4-моддасига мувофиқ ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширадиган Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси бошқарадиган мустақил сайлов комиссиялари томонидан ташкил этилади ва ўтказилади. Комиссия фаолияти қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик, мустақиллик ва адолатлилик принципларига асосланади. Мақсад-сайлов тизимининг демократик принципларини амалга оширишга кўмаклашиш, сайловчиларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш имкониятини тўлиқ таъминлашдир.

- Мустақиллик йилларида фуқароларнинг ўз сайлов ҳуқуқларини амалга оширишлари учун Ўзбекистонда барча зарур шарт-шароитлар яратилди,-деди Марказий сайлов комиссияси раиси М. Абдусаломов. - Сайловлар демократиянинг муҳим институтидир. У халқнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш, сиёсий ҳаётда, давлатни бошқаришда ҳамда давлат ҳокимиятини шакллантиришда ҳар бир фуқаронинг шахсан иштирок этишининг асосий воситасига айланиб бормоқда. Шу боисдан ҳам бўлажак Президент сайловининг жамиятимиз ҳаётидаги аҳамияти беқиёсдир.

Мустақиллик йилларида шаклланган сайлов тизими ва сайлов қонунчилиги сайловларни очиқ ва ошкора ўтказишнинг мустаҳкам механизмини ўзида ифода этган. Ривожланган мамлакатларнинг илғор тажрибаси ва асрлар давомида шаклланган миллий анъаналаримизнинг ўзаро уйғунлашуви миллий сайлов қонунчилигида халқнинг хоҳиш-иродасини эркин билдиришини таъминловчи барча жиҳатларини акс эттиришга имкон берди.

Експертлар миллий сайлов қонунчилигимизнинг бошқа айрим ғарб давлатлари қонунчилигидан анча афзал томонлари мавжуд эканлигини таъкидлашмоқда.

Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов ҳозирга қадар Марказий сайлов комиссияси томонидан Президент сайлови билан боғлиқ бир қатор тадбирлар ўтказилганини таъкидлади.

Жумладан, Марказий сайлов комиссияси "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги Қонунга мувофиқ 21 сентябрдан эътиборан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампанияси бошланганини эълон қилди. Ушбу қонунга асосан шунингдек, 14 та сайлов округи, сайлов комиссиялари ва 8 мингдан зиёд сайлов участкаси тузилди. Сайлов округларининг жойлашган манзили, сайловчилар сони кўрсатилган рўйхат матбуотда эълон қилинди. Учрашувда қайд этилганидек, округ сайлов комиссиялари аъзолари орасида ёшларнинг вакиллари ҳам кўпчиликни ташкил қилади.

Ҳозир участка сайлов комиссияларининг таркибини шакллантириш жараёни қизғин давом этмоқда.

"Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги Қонунга мувофиқ Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этишга ижозат берилган сиёсий партиялар ва сайловчилар ташаббускор гуруҳларининг рўйхатини тасдиқлади. Бешта сиёсий партия ва битта сайловчилар ташаббускор гуруҳи сайловда иштирок этмоқда. Айни чоғда Президентликка номзодлар кўрсатиш жараёни тугалланиш арафасида.

Марказий сайлов комиссияси 23 ноябргача рўйхатга олинган номзодлар тўғрисидаги маълумотларни матбуотда эълон қилади.

Сайловолди ташвиқоти Президентликка номзодлар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган кундан эътиборан бошланади. Президентликка номзодларга, сиёсий партияларга, сайловчилар ташаббускор гуруҳига оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда, сайловолди учрашувларини ўтказишда, сайловолди дастурлари билан чиқишда, уларни эълон қилишда тенг ҳуқуқ берилади.

Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг ошкоралиги ва очиқлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Сайлов комиссиялари мажлисларининг барчаси оммавий ахборот воситалари иштирокида ўтказилмоқда ва бу ҳақдаги маълумотлар аҳолига изчил етказилмоқда. Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот маркази ва округ сайлов комиссияларининг матбуот хизматлари фаолият кўрсатмоқда. Яқинда Марказий сайлов комиссияси томонидан округ сайлов комиссиялари раислари, котиблари ва матбуот хизматлари ходимлари учун илмий-амалий семинарлар ҳам ўтказилди.

Бундан ташқари, Марказий сайлов комиссияси ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларини холисона ёритишга оид битим имзоланди.

Бугунги кунда Миллий телерадиокомпания орқали сайлов жараёнлари ҳақидаги хабарлар нафақат мамлакатимиз, балки сунъий йўлдош орқали 100 дан ортиқ хорижий давлатларга ҳам узатилмоқда.

Марказий сайлов комиссияси тадбирларни қонунда ва календар режасида белгиланган муддатларда ўтказишга ҳамда қонунийликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Ёшлар билан учрашув қизғин ва эркин мулоқот руҳида ўтди. Марказий сайлов комиссияси раиси ёшларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берди.

11314

08Ноябрь 2007



Долзарб мавзулар