Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Янгиликлар | Рўйхатга ўтиш

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси М.Э.Абдусаломовнинг Марказий сайлов комиссияси Матбуот марказида ёшлар билан бўлиб ўтган учрашувдаги нутқи

Ассалому алайкум, ҳурматли ёшлар, учрашув иштирокчилари!

Сизлар билан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Матбуот марказида учрашиб турганимиздан мамнун эканлигимизни билдирмоқчиман.

Жорий йилнинг 23 декабрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ва ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш борасида улкан аҳамиятга эга бўлган муҳим сиёсий тадбирдир.

Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига қараганда, мамлакатимиз сайловчиларининг умумий сони 16 миллион 297,4 минг кишини ташкил қилади. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва сайлов қонунчилигига асосан давлат раҳбари сайловида 18 ёшга тўлганидан бошлаб барча фуқаролар иштирок этиш ҳуқуқига эга. Бўлажак сайловда 2 миллионга яқин йигит ва қизлар бундай ҳуқуқдан илк бор фойдаланадилар.

Шу ўринда жаҳондаги кўплаб демократик мамлакатларда тараққиётнинг дастлабки босқичларида халқнинг катта қисми, яъни ёшларнинг давлатни бошқаришда иштирок этиши борасидаги сиёсий ҳуқуқларига нисбатан чекловлар ўрнатилганлигини ҳам эслатиб ўтиш жоиз. Масалан, Буюк Британияда фақат 1969 йилга келиб ёш цензи 21 дан 18 га туширилган. Бундай ҳуқуқ ёшларга Германияда 1970 йилда, Францияда 1974 йилда, Грецияда 1982 йилда берилганлигини таъкидлаш мумкин. Малайзия, Марокаш, Латвия, Боливия каби давлатларда ёшлар 21га тўлгандагина сайлов ҳуқуқига эга бўладилар.

Айтмоқчимизки, мамлакатимизда ёшларнинг сайловларда қатнашиш ҳуқуқи мустақилликнинг илк йиллариданоқ конституциявий тарзда кафолатланган.

Сайлов куни сиз, азиз ёшлар ўзингиз муносиб деб ҳисоблаган у ёки бу номзодга ўз муносабатингизни билдириб, муҳим ва масъулиятли қарор қабул қиласизлар.

Учрашувимиздан асосий мақсад - ёшларнинг сайлов ҳақидаги тасаввурларини ошириш, уларнинг жамиятда кечаётган демократик ўзгаришларга муносабатини мустаҳкамлаш ҳамда сизларга юртимизда кечаётган сайловолди жараёни ҳақида ахборот беришдан иборатдир. Умид қиламанки, бугунги суҳбатимиз сизларнинг сайлов ҳуқуқи тўғрисидаги билимларингиз ва фуқаролик позициянгизни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Айнан шунинг учун ҳам сизларни, ёшларнинг энг фаол вакилларини очиқ ва эркин мулоқотга таклиф этдик.

Шуни таъкидлаш жоизки, сайловчиларнинг, хусусан ёшларнинг сайлов тўғрисидаги билим даражаларини ошириш масаласи ҳамиша Марказий сайлов комиссияси ва бунинг учун масъул бўлган ташкилотларнинг диққат марказида бўлиб келган. Сайлов қонунчилигининг хусусиятларига бағишланган оммавий ахборот воситаларидаги чиқишларимизда биз кенг жамоатчилик, шу жумладан ёшларга миллий сайлов қонунчилигимизнинг мазмуни ва моҳиятини етказишга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз.

Мамлакатимизда сайловлар "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги Қонуннинг 4-моддасига мувофиқ ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширадиган Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси бошқарадиган мустақил сайлов комиссиялари томонидан ташкил этилади ва ўтказилади. Комиссия фаолияти қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик, мустақиллик ва адолатлилик принципларига асосланади. Олдимизга қўйилган энг асосий мақсад - сайлов тизимининг демократик принципларини амалга оширишга кўмаклашиш, сайловчиларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш имкониятини таъминлашдир.

Алоҳида таъкидлаш зарурки, мустақиллик йилларида фуқаролар томонидан ўз сайлов ҳуқуқларини амалга оширишлари учун Ўзбекистонда барча зарур шарт-шароитлар яратилди. Сайловлар замонавий демократиянинг муҳим институтидир. У халқнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш, сиёсий ҳаётда, давлатни бошқаришда ҳамда давлат ҳокимиятини шакллантиришда ҳар бир фуқаронинг шахсан иштирок этишининг асосий воситасига айланиб бормоқда. Шунинг учун ҳам бўлажак Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг жамиятимиз сиёсий ҳаётидаги аҳамияти беқиёсдир.

Ҳозирги пайтда сайловлар ҳар бир давлатдаги фуқаролик жамиятининг нуфузини ва унинг сиёсий-ҳуқуқий маданияти даражасини белгилаб берадиган мезондир. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда шаклланган сайлов тизими ва сайлов қонунчилиги сайловларни очиқ ва транспарент ўтказишнинг мустаҳкам механизмини ўзида мужассам этган ҳамда жамиятимиздаги демократик ўзгаришларнинг ёрқин натижаларидан биридир. Ривожланган давлатларнинг илғор тажрибаси ва асрлар давомида шаклланган миллий анъаналаримизнинг ўзаро уйғунлашуви миллий сайлов қонунчилигимизда халқнинг хоҳиш-иродасини эркин билдиришини таъминловчи барча жиҳатларни акс эттиришга имкон берди.

Експертлар миллий сайлов қонунчилигимизнинг бошқа айрим ғарб давлатлари қонунчилигидан кўра анча афзал томонлари мавжуд эканлигини ҳам эътироф этмоқда. Қонунчилигимизда демократик сайловларнинг умумийлиги, ҳамма учун тенг сайлов ҳуқуқи, тўғридан-тўғри ва яширин овоз бериш, сайловларда ихтиёрий иштирок этиш, ошкоралик каби асосий халқаро қабул қилинган тамойиллар ўз ифодасини топган.

Бугунги кунда Марказий сайлов комиссияси томонидан Президент сайлови билан боғлиқ қатор тадбирлар ўтказилди.

Жумладан, Марказий сайлов комиссияси "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампанияси 21 сентябрдан эътиборан бошланишини эълон қилди, бугунги кунгача 14 та сайлов округи, округ сайлов комиссиялари ва 8 мингдан зиёд сайлов участкаси тузилди. Сайлов округларининг жойлашган манзили, сайловчилар сони кўрсатилган рўйхат матбуотда эълон қилинди.

Ҳозир участка сайлов комиссияларининг таркибини шакллантириш жараёни давом этмоқда, уларнинг рўйхати ҳам матбуотда эълон қилинади.

"Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги Қонуннинг 241-моддасига асосан Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этишга ижозат берилган сиёсий партиялар ва сайловчилар ташаббускор гуруҳларининг рўйхатини тасдиқлади. Бугунги кунда республикамизда фаолият кўрсатаётган бешта сиёсий партия, битта сайловчилар ташаббускор гуруҳи сайловда иштирок этмоқда.

"Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги Қонуннинг 242-моддасига асосан Президентликка номзодлар кўрсатиш жараёни тугалланаяпти.

Сиёсий партиянинг раҳбари, сайловчилар ташаббускор гуруҳининг ваколатли вакили Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни рўйхатга олишни илтимос қилиб, Марказий сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат этади.

Аризага қуйидагилар илова қилинади:

1. сиёсий партия юқори органининг, сайловчилар ташаббускор гуруҳининг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисидаги қарори;

2. сиёсий партия юқори органи мажлисининг, сайловчилар ташаббускор гуруҳи йиғилишининг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисидаги баённомаси, унда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, касби, лавозими (машғулотининг тури), иш ва яшаш жойи, партияга мансублиги кўрсатилади;

3. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг ўз номзоди овозга қўйилишига рози эканлиги тўғрисидаги аризаси;

4. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватловчи имзо варақалари.

Имзо варақалари Ўзбекистон Республикаси жами сайловчиларининг умумий сони камида беш фоизининг, камида саккизта маъмурий-ҳудудий тузилма намояндаси бўлган сайловчиларнинг имзосини қамраб олган бўлиши керак.

Маъмурий-ҳудудий тузилмалардан бирида, яъни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатган сиёсий партия, сайловчилар ташаббускор гуруҳи имзолар умумий миқдорининг кўпи билан саккиз фоизини тўплаши мумкин.

Сайловчилар фақат битта номзодни қўллаб-қувватлаб, бир мартагина имзо қўйишга ҳақли.
Номзодларни рўйхатга олиш сайловга ўттиз беш кун қолганида тугалланади. Келиб тушган аризалар, ҳужжатлар ва имзо варақаларини кўриб чиқиб Марказий сайлов комиссияси "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги Қонуннинг 25-моддасига асосан рўйхатга олинган номзодлар тўғрисидаги маълумотларни 23 ноябргача эълон қилади.

Сайловолди ташвиқоти "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги Қонуннинг 28-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган кундан эътиборан бошланади. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга, сиёсий партияларга, сайловчилар ташаббускор гуруҳига оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда, сайловолди учрашувларини ўтказишда, сайловолди дастурлари билан чиқишда, уларни эълон қилишда тенг ҳуқуқ берилади.

Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг ошкоралиги ва очиқлигига алоҳида эътибор қаратмоқда. Сайлов комиссиялари мажлисларининг барчаси оммавий ахборот воситалари иштирокида ўтказилмоқда ва бу ҳақдаги маълумотлар аҳолига етказиб берилмоқда. Марказий сайлов комиссиясининг матбуот маркази ва округ сайлов комиссияларининг матбуот хизматлари фаолият кўрсатмоқда.

Бундан ташқари, Марказий сайлов комиссияси билан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларини холисона ёритишга оид битим имзоланди.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниямиз орқали бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёнлари ҳақидаги хабарлар нафақат Ўзбекистон ҳудудига, балки сунъий йўлдош орқали 100 дан ортиқ хорижий давлатларга ҳам узатиб келинмоқда.

Шу билан бирга, Марказий сайлов комиссияси томонидан округ сайлов комиссияларининг раислари, котиблари ва матбуот хизматлари ходимлари учун илмий-амалий семинарлар ҳам ўтказилди.

Марказий сайлов комиссияси тадбирларни қонунда ва календар режасида белгиланган муддатларда ўтказишга ва қонунийликни таъминлашга алоҳида эътибор бермоқда.

Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини халқаро андозаларга мос бўлган миллий сайлов қонунчилигимиз асосида ўтиши учун барча зарур чораларни кўрмоқда.

11881

08Ноябрь 2007



Долзарб мавзулар