Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Янгиликлар | Рўйхатга ўтиш

Сайлов тизимини демократлаштириш – демократиянинг асосий мезони

Самарқандда 19-20 сентабр кунлари “Сайлов тизимини демократлаштириш масалалари: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси” мавзуида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси томонидан ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси офиси, Фридрих эберт номидаги жамғарманинг (ГФР) мамлакатимиздаги ваколатхонаси ва Миллий демократик институтнинг (АҚШ) филиали билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Давра суҳбатида ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Германия, Жанубий Корея, АҚШ, Украина, Франсия, Исроил, Япониядан экспертлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Марказий ва вилоят сайлов комиссияларининг аъзолари, сиёсий партиялар, Ўзбекистон экологик ҳаракати, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вакиллари, сайлов ҳуқуқи соҳаси мутахассислари ва олимлар иштирок этди.

Истиқлол йилларида Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ҳаётимизнинг барча жабҳаларида, шу жумладан, сайлов тизимида ҳам кенг кўламли демократик ислоҳотлар амалга оширилгани таъкидланди. “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” тамойили асосида мамлакатимизни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, энг юксак демократик талаблар ва халқаро ҳуқуқ стандартларига мос миллий сайлов қонунчилиги шаклланди. Бундан ташқари, фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамланган сайлов ҳуқуқларининг тўлиқ амалга оширилишини ишончли кафолатлайдиган сайлов қонунчилиги, шунингдек, фуқаролар ва сиёсий партияларнинг сайлов жараёнларида эркин, фаол иштирок этиши учун барча зарур ташкилий-ҳуқуқий ҳамда моддий-техник шароитлар яратилди.

Буларнинг барчаси миллий сайлов тизимини босқичма-босқич ва изчил эркинлаштириш, мамлакатимиз икки палатали парламентига сайловларни умумеътироф этилган халқаро нормалар ва демократия принсипларига мувофиқ ўтказиш имконини бермоқда. Давра суҳбати қатнашчиларининг таъкидлашича, сайловлар кучли фуқаролик жамиятига эга демократик ҳуқуқий давлатнинг ажралмас таркибий қисми, халқнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этишининг, фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокининг асосий шакли ҳисобланади. Шу муносабат билан Ўзбекистоннинг амалдаги сайловларни кўппартиявийлик асосида ўтказиш тизими фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини, жамият ва давлат бошқарувидаги ролини ошириш имконини бериши қайд этилди. Бугун мамлакатимиз фуқаролик жамияти институтлари давлат ҳокимиятининг марказ ва жойлардаги вакиллик органларини шакллантириш ва уларнинг фаолиятида, сайловларнинг ҳаққонийлиги, холислиги ҳамда очиқлигини таъминлашда фаол қатнашмоқда.

Давра суҳбати иштирокчиларининг фикрича, Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг изчил ривожланишини инобатга олган ҳолда сайлов қонунчилигининг мунтазам равишда такомиллаштириб борилаётганлиги давлатимиз раҳбари томонидан янада демократлаштириш сиёсати босқичма-босқич амалга оширилаётганининг ёрқин далилидир. Сўнгги йилларда мамлакатимиз сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишлар хорижлик экспертлар томонидан ниҳоятда муҳим деб баҳоланди.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Дерд Сабонинг таъкидлашича, “сайловлар демократиянинг муҳим шарти ҳисобланади. Истиқлолга эришгач, ҳуқуқий демократик давлат, эркин фуқаролик жамиятини қуриш йўлини танлаган Ўзбекистонда қисқа муддат ичида бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ўтган вақт давомида мамлакатингиз парламентига ўтказилган сайловлар пухта ишлаб чиқилган миллий қонунчилик асосида ва халқаро меъёрларга мос тарзда ташкил этилди. Биз сайловларни ташкил қилиш ва ўтказиш, сайлов қонунчилигини халқаро стандартлар эътиборга олинган ҳолда уйғунлаштириш масалалари бўйича Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси ва парламенти билан яқин ҳамкорлик қилмоқдамиз. Мамлакатингизда сайлов қонунчилиги мунтазам равишда такомиллашиб бораётганлиги эътиборга лойиқдир ва бу сайлов жараёнини демократлаштиришнинг муҳим омили ҳисобланади”.

Президентимиз Ислом Каримов томонидан тақдим этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш консепсияси Ўзбекистонда демократик сайлов тизимини ривожлантиришнинг янги босқичини бошлаб бергани алоҳида таъкидланди. Хорижлик экспертлар ушбу дастурий ҳужжатда сайлов жараёнини янада демократлаштиришга, хусусан, “сайловолди ташвиқоти” тушунчасига аниқ таъриф бериш, уни олиб бориш турлари, шакл ҳамда усулларини, шунингдек, муддатидан олдин овоз бериш тартиб-қоидасини белгилаш, жамоатчилик фикри сўровлари маълумотларидан фойдаланишни тартибга солиш, Ўзбекистон экологик ҳаракатидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутатлар сайловининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашга қаратилган қонунчилик ташаббусларининг ўта муҳимлиги ва долзарблигини қайд этдилар.

Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш доирасида “Сайлов эркинлигининг бундан буён ҳам таъминланиши ва сайловга оид қонун ҳужжатларининг ривожлантирилиши муносабати билан “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги ҳамда “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ҳамда парламентимиз Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди. Уни ишлаб чиқиш давомида турли демократик давлатлар тажрибаси чуқур ўрганилди. Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида сайлов комиссиялари аъзолари, сиёсий партиялар, экологик ҳаракат, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари ва ҳуқуқшунослар иштирокида қонун лойиҳаси кенг муҳокама этилди.

Давра суҳбати қатнашчилари янги қонун лойиҳасининг қоидаларини батафсил муҳокама қилдилар.

"Турли мамлакатлар қонунларида бир-бирига ўхшаш жиҳатлар, биринчи навбатда, дунёда умумеътироф этилган демократик принсиплар мавжуд, – дейди Миллий демократик институтнинг (АҚШ) Ўзбекистондаги филиали директори Кларк Плексико. – Бироқ, бунда ҳар бир давлат, ҳар бир халқнинг ўз миллий манфаатлари, ривожланиш тарихи ва хусусиятлари ҳисобга олиниши керак. Ўзбекистон айнан шу асосда ўз сайлов қонунчилигини яратиб, уни такомиллаштириб бормоқда. Президент Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Мамлакатда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш консепсиясида Ўзбекистонни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича қатор муҳим қонунчилик ташаббуслари асослаб берилган. Янги қонун лойиҳасининг дунёнинг ривожланган давлатлари тажрибаси ва уни кенг муҳокама этиш чоғида билдирилган жамоатчилик фикри эътиборга олинган ҳолда ишлаб чиқилгани катта аҳамиятга эгадир. Бу, шубҳасиз, уни амалда муваффақиятли қўллашга ёрдам беради".

Қуддус университети профессори Владимир Месамеднинг (Исроил) фикрича, "янги қонуннинг ишлаб чиқилиши – мамлакат сайлов қонунчилигини янада демократлаштириш ва унга халқаро нормаларни имплементация қилиш бўйича навбатдаги муҳим қадамдир. Масалан, унда сайловчининг муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эгалиги ва уни амалга ошириш тартиби аниқ белгиланган. Сайловчиларга бундай ҳуқуқнинг берилиши Ўзбекистонда инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланганидан ёрқин далолатдир. Исроилда ҳам бошқа кўплаб давлатлардаги каби бундай тизим амал қилмоқда ва фуқаролар ундан самарали фойдаланмоқда".

Тадбирда янги қонуннинг қабул қилиниши ва нормаларининг ҳаётга татбиқ этилиши сайлов эркинлиги принсипини тўлиқ рўёбга чиқариш, мамлакатимиз сайлов тизимини янада демократлаштириш, сайловолди ташвиқотини ўтказишда депутатликка номзодлар ва сиёсий партияларга тенг шароитлар яратиш, шунингдек, сайловлар очиқ ва ошкоралиги принсипларининг самарадорлигини ошириш имконини бериши таъкидланди.

"Сайловолди ташвиқотини амалга оширишда оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш – сиёсий партиялар ва депутатликка номзодлар учун ўз дастур ҳамда ғояларини кенг жамоатчиликка етказишнинг энг қулай ҳамда самарали воситасидир, – деди Нагоя университетининг ҳуқуқ факултети профессори Оно Кожи (Япония). – Ўзбекистон сайлов қонунчилигида бу борада тегишли нормалар мавжуд. Бироқ, янги қонун лойиҳасида улар янада аниқ тартибга солинмоқда. Жумладан, нафақат даврий матбуотда барча сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларга бир хил бепул эфир вақти ва нашр майдонининг ажратилиши, балки шу мақсадда нодавлат оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш тартибининг белгиланиши сайлов кампанияси давомида тенглик ва холисликни таъминлашга хизмат қилади. Бундан ташқари, оммавий ахборот воситалари орқали сайловолди ташвиқотини олиб бориш шакллари қонунчилик даражасида аниқ белгилангани, шунингдек, депутатликка номзодлар шаъни, қадр-қимматига путур етказувчи маълумотларнинг тарқатилиши тақиқлангани ҳам жуда муҳимдир".

"Янги қонун лойиҳасига кўра, сайловолди ташвиқотини амалга ошириш турлари, шакллари ва усуллари, жумладан, тегишли босма, аудиовизуал ва бошқа материалларни чиқариш ва тарқатиш, сайловчилар билан учрашувлар ташкил этиш тартибини белгиловчи қўшимча нормалар киритилмоқда, – дейди Амалий сиёсат институти директори Богдана Бабич (Украина). – Бундай аниқ қоидалар сайлов кампаниясини ноқонуний амалга оширишнинг олдини олиш, барча сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларга сайловларда қатнашиш учун тенг шарт-шароитлар ва имкониятлар яратишга кўмаклашади. Сайловолди ташвиқотини нафақат сайлов куни, балки сайловга бир кун қолганда ўтказишни тақиқлаш сайловчиларга ўзининг сиёсий хайрихоҳлигини аниқ белгилаш, кимга овоз бериш ҳақида онгли равишда қарор қабул қилишга ёрдам беради".

Хорижлик экспертлар яна бир муҳим янгилик, яъни, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутатларни сайлаш бўйича Ўзбекистон экологик ҳаракати конференсиясида кузатувчиларга иштирок этиш ҳуқуқининг берилиши ушбу жараённинг янада очиқ ва ошкоралигини таъминлаш имконини яратишини таъкидладилар.

“Франсия сайлов қонунчилиги икки юз йиллик тарихга эга, лекин ҳалигача унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда, – дейди Гавр университети профессори Пер Шабал (Франсия). – Мамлакатингизда қисқа вақт – мустақил ривожланишнинг 21 йили давомида демократия талабларига жавоб берадиган миллий сайлов қонунчилиги шаклланиб, мунтазам такомиллаштирилаётгани Ўзбекистоннинг демократик жамият қуришга интилаётганидан ёрқин далолатдир. Бунда асосий эътибор сайловларни адолат мезонлари асосида, тенг ҳуқуқлилик, очиқ-ошкоралик принсиплари бўйича ўтказишга қаратилмоқда. Мазкур қонун лойиҳаси бу борадаги ишларнинг мантиқий давомидир. Масалан, кузатувчиларга, шу жумладан, хорижий кузатувчиларга Ўзбекистон экологик ҳаракатининг Қонунчилик палатаси депутатларини сайлаш бўйича конференсиясида иштирок этиш ҳуқуқининг берилиши сайловларнинг очиқ ва ошкоралигини таъминлайди”.

Давра суҳбати иштирокчилари ўз чиқишларида сайлов қонунчилигини Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш консепсиясига мувофиқ такомиллаштириш кўппартиявийликни ривожлантириш ва партиялараро рақобатни кучайтириш, сайлов жараёнини янада эркинлаштириш учун асос бўлиб хизмат қилиши, мамлакатимизда демократик жараёнларни чуқурлаштиришнинг муҳим омили бўлишига ишонч билдирдилар. Улар Ўзбекистонда сайлов тизимини демократлаштириш борасида катта тажриба тўплангани ва ундан бошқа мамлакатлар ҳам фойдаланиши мумкинлиги ҳақида якдил фикрга келдилар.

Давра суҳбати якуни бўйича тегишли тавсиялар қабул қилинди.

 

O'zA

16842

21Сентябрь 2012



Долзарб мавзулар