Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Янгиликлар | Рўйхатга ўтиш

Жиззахда сайловлар кўтаринки руҳда ўтмоқда

Бугун эрта тонгданоқ Жиззах вилоятидаги 463 та сайлов участкасида овоз бериш жараёнлари кўтаринки руҳда бошланди. Вилоят ҳудудида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 5 та, халқ депутатлари вилоят кенгашига сайлов ўтказувчи 57 та, туман кенгашларига сайлов ўтказувчи 302 та ҳамда шаҳар кенгашларига сайлов ўтказувчи 30 та округдаги барча сайлов участкаларида қисқа муддат  ичида, энг аввало сайловчилар учун  овоз бериш қулай бўлган бинолар танланиб, уларда сайловчилар ва сайлов комиссиялари, кузатувчилар учун барча шарт-шароитлар яратилгани муҳим сиёсий жараённинг ўта юқори савияда давом этишини таъминламоқда.

 

– Сайлов участкамиз ҳудудида овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 2990 нафар сайловчи рўйхатдан ўтказилган, – дейди Жиззах шаҳридаги 22-Чаманзор сайлов округига қарашли 19-Ўзбекистон сайлов участкаси раиси Мурод Саидов. – Улардан 227 нафари биринчи марта овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланишмоқда. Мазкур жараённинг қонунчилик талаблари ҳамда юқори савияда ўтишини таъминлаш учун барча зарурий имкониятлар – овоз бериш кабиналари, сайлов қутилар, кузатувчилар, ОАВ ходимлари учун шароитлар муҳайё этилган. Оналар ва болалар ҳамда тиббиёт хоналари ташкил этилган. Бундан ташқари, участкамиз ҳудудида комиссиямизга келиб овоз бериш имконига эга бўлмаган 15 нафар ногирон ва бемор сайловчи яшашини аниқлаганмиз. Уларга кўчма овоз бериш қутиларини махсус автомашинада, кузатувчилар ҳамроҳлигида олиб бориш таъминланаяпти.

 

– Мен бугун ўзим муносиб деб билган номзодларга овоз бердим, – дейди Жиззах шаҳридаги Заргарлик маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Маматқул Бердимуродов. – Бунинг учун участка сайлов комиссияси аъзолари овоз бериш бюллетенини беришди ва овоз бериш тартибини яна бир бор яхшилаб тушунтиришди. Ишонаманки, бугун сайланаётган депутатларимиз халқимиз фаровонлиги, юртимиз тинчлиги, фарзандларимиз бахт-саодати учун хизмат қилишади.

 

Умуман, айни пайтда Жиззах вилоятида рўйхатга олинган 812 минг 259 нафар сайловчи ўз конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланиб, депутатликка номзодларнинг энг муносиблари учун овоз бериб, фуқаролик бурчларини  адо этмоқдалар.

 

2014 йилги сайловларни ёритиш бўйича

Жиззах вилояти матбуот маркази

11520

21Декабрь 2014



Долзарб мавзулар