Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Янгиликлар | Рўйхатга ўтиш

Ўзбекистонда сайловчиларнинг 56,8 фоизи овоз берди

21 декабрь куни Тошкент вақти билан соат 13.00 да 2014 йилги сайловни ёритиш бўйича республика матбуот марказида мамлакатимиз ва чет эл оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказилди.

 

Брифингда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов бугун соат 6.00 да Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларини сайлаш бўйича барча сайлов округларида «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги қонуннинг 38-моддасида белгиланган тартибда 9035 сайлов участкаси, шу жумладан, мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида 44 сайлов участкаси очилгани ва улар билан мунтазам алоқа ўрнатилганини маълум қилди.

 

Ўзбекистон Республикасининг Япония, Жанубий Корея, Малайзия, Сингапур, Хитой, Индонезия, Таиланд ва Ҳиндистондаги ваколатхоналари ҳузурида, шунингдек, Россиянинг айрим ҳудудларида ташкил этилган сайлов участкаларининг овоз бериш хоналари биринчи бўлиб очилди.

 

Бугун, шунингдек, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги қонунга мувофиқ Экологик ҳаракатнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига 15 нафар депутатни кўрсатиш ва сайлашга бағишланган конференцияси ҳам бўлиб ўтмоқда. Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан делегатлар қатнашмоқда.

 

Марказий сайлов комиссиясига овоз беришнинг дастлабки натижалари ҳақида маълумотлар онлайн режимида келиб тушмоқда.

 

Брифингда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сайлов жараёнида сиёсий фаоллик кўрсатаётгани таъкидланди. Сайловчилар рўйхатига киритилган 20 миллион 789 минг 572 сайловчининг 11,8 миллиондан ортиғи Тошкент вақти билан соат 13.00 гача овоз беришда иштирок этиб бўлгани маълум қилинди. Бу сайловчилар умумий сонининг 56,8 фоизини ташкил этади.

 

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги қонуннинг 44-модасига кўра рўйхатга киритилган сайловчиларнинг 33 фоизидан зиёди сайловда қатнашса парламент Қонунчилик палатаси депутатлари сайлови ўтган, деб ҳисобланади.

 

Сайлов барча халқаро стандартларга жавоб берадиган миллий сайлов қонунчилигимизга, унда белгилаб қўйилган ошкоралик, очиқлиқ ва адолатлилик тамойиларига тўла мос ҳолда ўтказилмоқда.

 

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги қонуннинг 3-модасига кўра, мамлакатимизнинг барча фуқаролари тенг сайлов ҳуқуқига эга. Ушбу қонуннинг 5-моддасида белгиланганидек, сайловда эркин ва яширин овоз берилади. Овоз берувчиларнинг хоҳиш-иродаси назорат қилинишига йўл қўйилмайди.

 

Сайлов қонунчилиги нормаларига биноан, саломатлигининг яхши эмаслиги ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш жойига кела олмаган сайловчилар учун участка сайлов комиссиялари овоз беришни улар турган жойда ташкил этади.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайловида Осиё, Европа, Африка ва Американинг элликдан ортиқ давлатидан, шунингдек, беш халқаро ташкилот – Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотидан 300 нафардан ортиқ кузатувчи иштирок этмоқда.

 

Юқорида қайд этилган қонуннинг 6-моддасига кўра, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан биттадан кузатувчи, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этиш ҳуқуқига эга. Хусусан, сайловда сиёсий партиялардан 35 мингдан зиёд кузатувчи қатнашмоқда.

 

Бундан ташқари, мамлакатимиз ва чет эл оммавий ахборот воситаларининг Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, ҳудудий сайлов комиссиялари томонидан рўйхатга олинган 340 дан ортиқ вакили сайлов жараёнини кенг ёритиб бормоқда.

 

Марказий сайлов комиссияси раисининг таъкидлашича, айни пайтгача жойлардан сайлов жараёни давомида сайлов қонунчилиги бузилиши ҳақида маълумот келиб тушмаган.

 

Шунингдек, Марказий сайлов комиссияси раиси кенг жамоатчиликни овоз бериш жараёнидан хабардор қилиш бўйича навбатдаги брифинг соат 17.00 да бўлиб ўтишини маълум қилди.

 

Сардор Тожиев, ЎзА

13099

21Декабрь 2014



Долзарб мавзулар