Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Янгиликлар | Рўйхатга ўтиш

Очиқ ва ошкора сайловлар – демократиянинг муҳим мезони

Сюзан Сканлан, халқаро кузатувчи (АҚШ):

 

– Ўзбекистон сайлов тизимида хотин-қизларга алоҳида эътибор қаратилгани эътиборимни тортди. Сиёсий партиялар томонидан кўрсатиладиган депутатликка номзодларнинг камида 30 фоизи хотин-қизлардан иборат бўлиши белгилаб қўйилгани таҳсинга сазовор. Деярли ҳар бир округ бўйича депутатликка номзодлар орасида аёллар борлиги ўрнак олса арзигулик сайлов амалиётидир.

 

Самарқанд вилоятида сайлов жараёнларини кузатиб, фуқаролар ўзларининг конституциявий ҳуқуқидан фойдаланиб, муҳим сиёсий жараёнда фаол иштирок этаётганига гувоҳ бўлдим. Бу ҳолатни америкаликлар билан таққослаганда, Ўзбекистон фуқароларида фаоллик ва дахлдорлик туйғуси юқорилигини кўриш мумкин. Айниқса, ёшларнинг шижоати, ўз келажагига бефарқ эмаслиги эътиборимни тортди. Улар билан суҳбатлашиб, билим ва тафаккури кенглигига қойил қолдим. Сайлов қонунчилиги бўйича жуда яхши маълумотга эга экан.

 

Абрам Ракко, халқаро кузатувчи (Италия):

 

– Қорақалпоғистон Республикасида овоз бериш жараёни жуда фаол ўтмоқда. Ёшларнинг сиёсий фаоллиги, кўтаринки кайфияти, дунёқаришининг кенглиги, атрофда содир бўлаётган воқеаларга тўғри ва холис муносабат билдира олиши менда катта таассурот қолдирди.

 

Амударё туманидаги бир неча сайлов участкасида бўлдим. Одамларнинг ҳамжиҳатлиги диққатимни тортди. Айниқса, 80-сайлов участкасида ёшлар билан мулоқотим узоқ вақт хотирамда сақланади. Билимли, иқтидорли ёшлар ўз фикрларини инглиз тилида бемалол, эркин баён қилишди.

 

Юртнинг ободлиги, шаҳарларнинг кўркамлиги, қишлоқларда намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилаётган турар-жойларни кўриб, ҳавасим келди.

 

Петер Франкс, “WOSTOK” журнали бош муҳаррири (Германия):

 

– Урганч шаҳридаги 22-сайлов участкасида овоз бериш жараёни билан танишар эканман, сайловчиларнинг фаоллиги мени ҳайратлантирди. Соат ўнгача қирқ фоиз сайловчининг овоз бериб бўлганига ўзим гувоҳман.

 

Сайловчиларнинг бу қадар фаоллигини бошқа давлатларда кузатиш қийин. Масалан, Германияда парламент сайловларида кун давомида етмиш фоиз, бошқа сайловларда 50-60 фоиз аҳоли овоз беради. Бу ердаги сайлов участкаларида яратилган шароитлар ва комиссия аъзоларининг иш фаолияти тўғрисида фақат яхши фикрлар айтаман. Хоразмга сафарим давомида бу ерда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан ҳам танишиб, Ўзбекистоннинг тараққиёти бундан-да юксак бўлишига ишонч ҳосил қилдим.

 

Аккан Сувер, «Marmara Group» стратегик ва ижтимоий тадқиқотлар жамғармаси бош директори (Туркия):

 

– Мен кўп давлатларда кузатувчи сифатида иштирок этганман. Ўзбекистондаги сайловлардан ўрнак олса арзийди. Фарғона шаҳридаги 697-сайлов участкасида сайловчиларнинг фаоллиги бизни ҳайратга солди. Оналар қўлида чақалоғи билан келиб, ўзларининг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширмоқда. Бунинг учун махсус она ва бола хонаси ташкил қилинган. Сайлов участка комиссиялари таркибида ҳам хотин-қизларнинг кўплиги муҳим мезон ҳисобланади. Кексалар, беморлар учун махсус қутилар ташкил этилиши ва уларнинг уйига борилишини бошқалар ҳам ўзида татбиқ этса арзийди. Ўзбекистонни “Осиё гавҳари” деб аташларида жуда катта ҳақиқат ва ҳикмат борлигига амин бўлдим.

 

Ўзбекистонда Президент Ислом Каримов раҳнамолигида демократик ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни ривожлантириш, халқ фаровонлигини янада юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон халқи келажакка қатъий ишонч билан яшаётганини бугунги сайлов ҳам яққол кўрсатиб турибди.

 

Ғ.Ҳасанов, А.Ортиқбоев, А.Шокиров, М.Сулаймонов, ЎзА

11624

21Декабрь 2014



Долзарб мавзулар