Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Янгиликлар | Рўйхатга ўтиш

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси М. Абдусаломовнинг халқаро ва хорижий кузатувчилар, маҳаллий ва чет эл оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ўтказилган матбуот анжуманидаги маърузаси


2014 йилги сайловларни ёритиш бўйича

Республика матбуот маркази

2014 йил 22 декабрь соат: 15.00.


Ҳурматли матбуот анжумани қатнашчилари!

 

Хонимлар ва жаноблар!

 

Кеча, 21 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов бўлиб ўтди.

 

Давлат ҳокимияти вакиллик органлари сайлови мамлакатимизни демократик янгилаш ва модернизация қилишга қаратилган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлди, деб айтиш учун барча асосларимиз бор.

 

Бу ҳақда сўз юритар эканмиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан илгари сурилган ва Олий Мажлис томонидан 2010 йил ноябрь ойида қабул қилинган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси қоидаларининг ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани бу борада муҳим асос бўлаётганини алоҳида таъкидлаш жоиздир.

 

Мамлакатимизнинг узоқ ва давомли муддатга мўлжалланган стратегияси ҳисобланган мазкур ҳужжатга мувофиқ, юртимизда сайлов тизимини ривожлантириш соҳасида ҳам чуқур демократик ўзгаришлар амалга оширилди.

 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига киритилган сўнгги тузатишларга мувофиқ, Марказий сайлов комиссиясини демократик асосда шакллантириш тизими ва шунингдек, унинг асосий фаолият принциплари конституциявий жиҳатдан мустаҳкамланди, ҳокимиятнинг вакиллик органларига сайловларни ташкил этиш учун масъул бўлган сайлов органларининг бутун тизими мустақиллигининг кафолатлари кучайтирилди.

 

Сайлов қонунчилигига киритилган, сайлаш эркинлиги ва ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш борасидаги конституциявий тамойилни амалга оширишга қаратилган ана шундай ва бошқа қатор ўзгартиш ва қўшимчалар сайловни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва миллий сайлов қонунчилиги ҳамда халқаро демократик стандартлар талабларига тўла мос тарзда ўтказиш имконини берди.

 

Шулар қаторида, Концепция асосида қонунчилик соҳасида олиб борилган ишлар натижасида давлат ҳокимияти органлари тизимида Олий Мажлиснинг роли ва аҳамияти сезиларли даражада кучайтирилгани, давлатимизнинг ички ва ташқи сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда мамлакатимиз олий қонунчилик органининг имкониятлари кенгайтирилганини алоҳида қайд қилиш лозим, деб ўйлайман. Айни пайтда ҳукуматнинг парламент олдида, жойлардаги давлат бошқаруви органларининг Халқ депутатлари кенгашлари олдидаги масъулияти оширилди.

 

Конституциявий қонунчиликка Бош вазир лавозимига номзод Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасида энг кўп депутатлик ўрнини олган сиёсий партия томонидан таклиф этилиши тўғрисидаги норманинг киритилиши сиёсий партияларнинг мамлакатимиз ҳаётидаги ўрни ва ролини янада юксалтиришда тамомила янги имкониятларни пайдо қилди, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди.

 

Қонунлар ва норматив ҳужжатларни кўриб чиқиш ва қабул қилишнинг барча босқичларида депутатлар бирлашмалари ва сиёсий партиялар фракцияларининг роли ҳам кучайтирилди. Бугун бирон-бир қонун ҳужжати фракцияларнинг фикрлари ва таклифларини ҳисобга олмасдан қабул қилинмайди.

 

Бош қомусимизда парламент ва жамоатчилик назорати институти, уни амалга ошириш механизмларининг мустаҳкамлангани ҳам ҳокимиятни демократик модернизация қилишда улкан аҳамият касб этди.

 

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва мамлакатимиз қонунчилигидаги бундай ўзгаришлар қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият фаолиятини янада демократлаштириш, сиёсий партиялар фаоллигини ошириш, демократик жамиятнинг энг муҳим белги ва аломати бўлмиш партиялараро рақобатни кучайтиришга замин яратди.

 

Ҳурматли матбуот анжумани қатнашчилари!

 

Марказий сайлов комиссияси томонидан 2014 йил 12 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар дастури қабул қилингани ва изчил равишда амалга оширилгани сайловни қонун талабларига тўлиқ риоя этган ҳолда, юксак ташкилий даражада ўтказишни таъминлашда муҳим аҳамият касб этди. Сайлов кампанияси жараёнида қонунчилик ва мазкур дастурда белгиланган талаблар ҳамма учун бир хил ва мажбурийлиги ҳақидаги қоидаларга оғишмай амал қилинди.

 

Натижада кеча халқимиз Ватанимизнинг эртанги истиқболи, фаровонлиги учун ҳисса қўша оладиган, давлат ҳокимияти вакиллик органларида ўзининг вакили сифатида кўришни истаган, ўзи маъқул деб топган муносиб номзодларга овоз берди.

 

Бу йилги сайловнинг ўзига хос хусусиятларини белгилаб берадиган яна бир муҳим омил – бу сайловчиларимизнинг фуқаролик масъулияти, уларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳот ва ўзгаришларга дахлдорлик ҳисси янада ошганлигидир. Мамлакатимиз фуқаролари сайловда юксак сиёсий фаолликни намоён этди.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловида 18 миллион 400 минг нафар сайловчи иштирок этди ва бу рўйхатга киритилган сайловчилар умумий сонининг 89 фоизини ташкил этади.

 

8 минг 311 нафар сайловчи муддатидан олдин овоз бериш имкониятидан фойдаланди.

 

Дастлабки маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 135 сайлов округининг 113 тасида депутатлар сайланди. Шу жумладан, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан 47 нафар, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан 28 нафар, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан 21 нафар, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан 17 нафар депутат сайланди.

 

Қонунчиликка кўра, овоз бериш натижаларини аниқлашда округ миқёсида овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг ярмидан кўпини овозини, яъни 50 фоиздан ортиқ овоз олган номзод депутат этиб сайланган деб ҳисобланди.

 

Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 22 округда номзодларнинг биронтаси ҳам етарли миқдорда овоз ололмаганлиги сабабли мазкур округлардан депутат сайланмади.

 

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Қонуннинг 45-моддасига биноан, агар сайлов округи бўйича депутатликка икки нафардан ортиқ номзод қўйилган бўлса-ю, улардан биронтаси ҳам сайланмаса, икки ҳафта ичида энг кўп овоз олган икки нафар номзод бўйича округда такрорий овоз бериш ўтказилади. Бу ҳолда такрорий овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг овозини бошқа номзодга нисбатан кўпроқ олган депутатликка номзод сайланган деб ҳисобланади.

 

Кеча шунингдек, Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг конференцияси ҳам бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизнинг ҳар бир маъмурий-ҳудудий бирлиги ва Экоҳаракат Марказий кенгаши Ижроия қўмитасидан иштирок этган делегатлар томонидан яширин овоз бериш йўли билан Қонунчилик палатасига мазкур ҳаракатдан 15 нафар депутат сайланди.

 

Ўзбекистон Экологик ҳаракати олий органининг вакили Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан Қонунчилик палатасига сайланган депутатлар рўйхатини Марказий сайлов комиссиясига тақдим этди.

 

Давлат ҳокимияти вакиллик органларига ўтказилган сайлов бўйича сайловга доир қонунчилик талаблари қўпол равишда бузилганлиги ҳолатлари ҳақида хабар ва маълумотлар келиб тушмади. Лекин, Марказий сайлов комиссияси ишонч телефонларига қатор мурожаатлар, таклифлар, баъзи масалаларда эътирозлар келиб тушди. Уларнинг барчасини қонунда кўрсатилган муддат ва тартибда кўриб чиқиш ва ҳал этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар кўрилди.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва сайлов тўғрисидаги қонунларида мустаҳкамлаб қўйилган барча демократик қоида ва принципларга риоя қилган ҳолда ўтказилди.

 

Энг муҳими, сайловларнинг очиқ ва ошкора ўтиши унда иштирок этган халқаро, хорижий ва маҳаллий кузатувчилар фаолияти орқали таъминланди. Сайловда Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган 5 та халқаро ташкилот – Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотидан ҳамда 50 дан ортиқ давлатдан 300 дан зиёд кузатувчилар, шунингдек, сиёсий партияларнинг 70 мингдан зиёд кузатувчи ва ваколатли вакиллари иштирок этди.

 

Сайлов жараёнини кенг ёритиш, жамоатчиликка мамлакатимизда ўтказилган сайлов ҳақида холис ва тўлиқ ахборотларни етказишда 340 дан ортиқ маҳаллий ва чет эл оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этишди.

 

Уларнинг фаолиятига кўмаклашиш мақсадида сайловларни ёритиш бўйича Республика матбуот маркази ташкил этилиб, унда журналистлар учун барча шароитлар яратилди. Бу ерда қатор матбуот анжуманлари, брифинглар, семинарлар ўтказилди.

 

Ҳозирги вақтда Марказий сайлов комиссияси округ сайлов комиссиялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати томонидан тақдим этилган баённомалар ҳамда бошқа ҳужжатларни кўриб чиқмоқда.

 

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, зарур ҳолларда – алоҳида участка сайлов комиссияларининг материаллари Марказий сайлов комиссияси томонидан яна бир бор синчиклаб кўриб чиқилиши мумкин. Фақат шундан сўнг Марказий сайлов комиссияси сайлов якунлари тўғрисида қарор қабул қилади.

 

Қонунчиликка кўра, сайлов якунлари тўғрисидаги ахборотни ва Қонунчилик палатасига сайланган депутатларнинг рўйхати сайловдан сўнг 10 кундан, яъни 2014 йилнинг 31 декабрдан кечиктирмай Марказий сайлов комиссияси томонидан матбуотда эълон қилинади.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига 21 декабрь куни бўлиб ўтган сайлов демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, аҳолимизнинг ҳаёт ва турмуш даражасини янада юксалтириш, ўз олдимизга қўйган юксак мақсадларга эришиш йўлида халқимиз бир тан, бир жон бўлиб, ўзаро ҳамжиҳатликда ҳаракат қилаётганини яна бир бор намойиш этди.

 

Эътиборингиз учун раҳмат!

23727

22Декабрь 2014



Долзарб мавзулар