Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Янгиликлар | Рўйхатга ўтиш

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ўринбосари С. Артикованинг мамлакатимиз ва чет эл оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов натижаларига бағишланган брифингдаги маърузаси


2014 йилги сайловларни ёритиш бўйича

Республика матбуот маркази

2014 йил 25 декабрь

соат 17.00

Ҳурматли брифинг қатнашчилари!


Хонимлар ва жаноблар!

 

Шу йилнинг 21 декабрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов миллий сайлов қонунчилиги талабларига, унда мустаҳкамлаб қўйилган очиқлик, ошкоралик ва муқобиллик каби демократик тамойилларга тўлиқ мос ҳолда ўтказилди.

 

Буни Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган 5 та халқаро ташкилот – Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти миссияларининг сайлов якунлари бўйича баҳолари, қолаверса, хорижий мамлакатлар кузатувчиларининг оммавий ахборот воситаларига берган интервьюларидаги эътирофи ҳам тасдиқлайди. Энг муҳими, сайловчиларимиз ўзларининг конституциявий ҳуқуқларини амалга ошириш учун барча шароитлар мукаммал яратилганини эътироф этишди.

 

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Марказий сайлов комиссиясига сайлов якунларига таъсир қилиши мумкин бўлган сайлов тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилганлиги юзасидан маълумот ва мурожаатлар тушмади.

 

Марказий сайлов комиссиясининг бугун бўлиб ўтган мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, парламент қуйи палатасига сайлов якунлари кўриб чиқилди ва сайлов округларида ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракатининг Конференциясида сайланган депутатлар рўйхатга олинди.

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов бўйича тузилган 135 та сайлов округидан 127 тасида битта депутатлик мандати учун 4 нафардан номзод, 8 тасида 3 нафардан номзод кураш олиб борди.

 

Мамлакатимиз бўйича сайловчилар рўйхатига 20 миллион 789 минг 572 нафар сайловчининг фамилияси киритилиб, сайловда 18 миллион 490 минг 245 нафар ёки сайловчиларнинг 88,94 фоизи қатнашди.

 

Овоз бериш натижаларига кўра, 113 та сайлов округида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайланди. Уларнинг 47 нафари Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан, 28 нафари Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан, 21 нафари Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан ва 17 нафари Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан.


 “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, 21 декабрь куни Ўзбекистон экологик ҳаракатининг Конференциясида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 15 нафар депутати сайланди.

 

Сайланган депутатлар орасида иқтисодиёт соҳаси вакиллари – 31 киши, таълим соҳаси вакиллари – 26 киши, ҳуқуқшунослар – 33, ишлаб чиқариш соҳаси вакиллари – 21, тиббиёт соҳаси -7, жамоат ташкилотлари – 3, бошқа соҳа вакиллари – 7.

 

Ёш бўйича 29 ёшгача – 6 нафар, 30-39 ёшдагилар – 39 нафар, 40-49 ёшдагилар – 44 киши, 50 ва ундар катта ёшдагилар – 39 киши.

 

Депутатларнинг 43 нафари магистр, фан номзоди ва фан доктори илмий даражаларига эга.

 

Депутатлар таркибида ўзбек, қорақалпоқ, рус, тожик, қозоқ, корейс миллатларининг вакиллари бор.

 

Сайланган 128 нафар депутатнинг 21 нафари хотин-қизлардир.

 

Депутатларнинг 38 нафари олдинги чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари бўлган.

 

Ҳурматли брифинг иштирокчилари!

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов бўйича 22 та сайлов округида номзодларнинг бирортаси ҳам сайланиш учун зарур овозни тўплай олмади. Шу муносабат билан Марказий сайлов комиссияси мазкур округларда 2015 йил 4 январь куни такрорий овоз беришга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди.

 

Унга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Навоий, Самарқанд, Сирдарё, Хоразм, Қашқадарё вилоятиларида ва Тошкент шаҳрида биттадан, Наманган, Тошкент вилоятларида иккитадан, Фарғона вилоятида учта, Сурхондарё вилоятида бешта сайлов округида такрорий овоз бериш ўтказилади.

 

Сайлов қонунчилигига биноан, такрорий овоз бериш 22 та сайлов округининг ҳар бирида асосий сайловда сайловчиларнинг энг кўп овозини олган икки нафар депутатликка номзод бўйича ўтказилади.

 

Унга мувофиқ, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан 15 нафар, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан 11 нафар, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан – 9 нафар, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан 9 нафар номзод бўйича такрорий овоз бериш ўтказилади.

 

Такрорий овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг овозини бошқа номзодга нисбатан кўпроқ олган депутатликка номзод сайланган деб ҳисобланади.

 

Марказий сайлов комиссиясининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайланган депутатларни рўйхатга олиш тўғрисидаги ва такрорий овоз беришга тегишли қарорлари матбуотда эълон қилинади.

 

Эътиборингиз учун ташаккур!

21234

25Декабрь 2014



Долзарб мавзулар