Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Янгиликлар | Рўйхатга ўтиш

Сайловда муносиб иштирок этиш – юксак савия ва уюшқоқликни талаб этади

2017 йил 24 декабрь куни Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайлов тобора ўзининг қизғин палласига кириб бормоқда. Ҳеч шубҳасиз, бу сана мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим воқеа сифатида тарих саҳифаларига муҳрланади. Боиси, 1993 йилдан бери илк бор Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов ўтказилиб, унда мамлакатимиздаги сиёсий партиялар ва ўзини-ўзи бошқариш органларидан кўрсатилган номзодлар депутатлик мақомида азим пойтахтимизнинг равнақи ва юрт фаровонлиги йўлида фаолият бошлайдилар.

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси учун ҳам мазкур сайловларда муносиб қатнашиш, маҳаллий вакиллик органларидан кўпчилик депутатлик ўринларини эгаллаш, пойтахтимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшиш муҳим вазифалардан биридир.

Албатта, ЎзЛиДеП ўтган давр мобайнида катта сиёсий тажриба тўплади. Партия ўзининг 14 йиллик фаолияти давомида вакиллик органларига бўлиб ўтган сайловларда муваффақиятли иштирок этиб, ғалаба қозониб келди. Хусусан, сўнгги 2014 йилнинг декабрида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ўтказилган сайловлар ҳам бундан мустасно эмас. Ушбу сайлов якунларига кўра ЎзЛиДеП парламент қуйи палатасида 52 кишидан иборат энг йирик фракцияни тузишга муваффақ бўлди. Шунингдек, маҳаллий Кенгашларда ҳам партиянинг ўрни тобора мустаҳкамланиб бораётганлигини таъкидлаб ўтиш лозим. Хусусан, бугунги кунга келиб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларида ЎзЛиДеП кўпчилик депутатлик ўринларига эга. Бу натижалар йирик депутатлик корпусига таянган ҳолда, партияга марказда ва ҳудудларда муҳим ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий жараёнларда фаол иштирок этишга, тадбиркорлар ва фермерлар манфаатларини самарали ҳимоя қилишга асос яратмоқда.

Бундай фаолият аҳоли орасида партия обрўсининг ортишига, ЎзЛиДеП сафларининг тобора кенгайишига ижобий таъсир этмоқда. Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, айни пайтда аъзоларимиз сони 384 мингдан ошди. Уларнинг 52 мингга яқини Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келади. Улар 1255 та БПТ атрофида бирлашган. Партия тобора яқинлашаётган халқ депутатлари Тошкент шаҳар туман Кенгашларига бўладиган сайловларга ана шундай салоҳият билан кириб бормоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, 2017 йил 23 сентябрь кунидан – сайлов кампанияси расман эълон қилингандан буён партиямиз мазкур сайловда ҳар жиҳатдан фаол иштирок этишга пухта ҳозирлик кўрмоқда.

Партия томонидан шаҳар кенгаши ва туман ташкилотларида сайлов штаблари тузилиб, зарур шароитлар яратилди. Оммавий ахборот воситаларида номзодларнинг сайловолди дастурини тарғибот ва ташвиқот қилиш, депутатликка номзодларнинг ҳужжатларини тайёрлаш ва сайлов комиссиялари билан ишлаш, партиянинг ваколатли вакили, номзодларнинг ишончли вакиллари, кузатувчиларни тайёрлаш ва улар билан ишлаш гуруҳлари шакллантирилиб, уларнинг таркиби тасдиқланди. Партиямизнинг сайловда иштирок этиши учун тегишли ҳужжатлар сайлов участкаларига топширилди.

Қолаверса, Тошкент шаҳридаги барча туман Кенгашларининг конференциялари кўтаринки руҳда ўтказилиб, уларда халқ депутатлари туман Кенгашларига ЎзЛиДеПдан 330 та номзод кўрсатилди.

Сайловда муносиб номзодларнинг иштирок этиши юқори натижага эришишда муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Шу туфайли бугунги ислоҳотлардан яхши хабардор ва ўз фаолияти билан унга жавоб беришга қодир бўлган фаолларимиз орасидан муносиб номзодлар танлаб олинди.

Таъкидлаш жоизки, партиямиз ушбу сайловларда ўз дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, асосий эътиборни Марказий Осиёнинг энг йирик марказларидан ҳисобланган Тошкент шаҳри ва унинг туманларида жадал олиб борилаётган иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги ислоҳотларни изчил давом эттириш, давлат бошқаруви органлари фаолиятини янада такомиллаштириш ва кучли фуқаролик жамияти асосларини мустаҳкамлашда фаол иштирок этишга қаратмоқда.

Бунда хусусий мулк ҳимоясини янада кучайтириш, тадбиркорлик учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, соҳа ривожи учун зарур бўлган самарали инфратузилмани ривожлантириш каби муҳим масалалар партиямизнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади. Партиямиз кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, айниқса бу соҳаларга ёшлар ва аёлларнинг кенгроқ кириб келишига эришиш орқали аҳолининг барқарор иш ўринлари билан таъминланиши, турмуш фаровонлиги ошишини таъминлашни ҳам ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Дарҳақиқат, ҳудудларда истиқомат қилаётган кўп сонли ёшларнинг ўз иқтидор ва истеъдодини рўёбга чиқаришлари, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари учун кенг шароитлар яратиш партиямизнинг доимий диққат эътиборидадир.

Бинобарин, бугун энг илғор ва тараққий этган мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, иқтисодиётни юксалтириш, аҳоли турмуш даражасини оширишда ўрта синф – кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси вакиллари муҳим ўрин тутмоқда.

Мазкур соҳани қўллаб-қувватламай туриб, иқтисодий ўсишга эришган, ишсизлик муаммосини ижобий ҳал қилган бирор-бир давлат йўқ, десак асло муболаға бўлмайди. Қайси бир тараққий этган мамлакатнинг иқтисодий соҳада босиб ўтган йўлига назар ташламайлик, айнан тадбиркорлик соҳаси мамлакат иқтисодиётида ҳал қилувчи аҳамиятга эгалигини кўрамиз.

Шу билан бирга партия мамлакатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Ҳаракатлар стратегиясида ўз аксини топган Тошкент шаҳрини дунёнинг ривожланган мегаполисларига хос бўлган тамойиллар асосида ривожлантириш, шаҳарда юқори технологияларга асосланган, жаҳон бозорида рақобатбардош саноат маҳсулотларининг янги турларини ишлаб чиқариш, замонавий хизматлар кўрсатишни ташкил этиш ва ахборот инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги узоқни кўзловчи мақсадларни амалга оширишни ўз олдида турган муҳим вазифа деб билади ва ушбу вазифаларни бажаришда айнан тадбиркорлик субъектлари етакчилик қилиши зарур, деб ҳисоблайди.

Бунинг учун эса кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш, шахсий ташаббусларга кенг йўл очиш мақсадида қулай ишбилармонлик муҳитини, қолаверса, инвестицион муҳитни янада яхшилаш масалалари партиямиз учун асосий мақсад бўлиб қолаверади. Айнан ушбу масалалар ЎзЛиДеПнинг Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига ўтказиладиган сайловлардаги иштирокида иқтисодий соҳадаги устуворликлари сирасига киради. Шунингдек, партия ўз фаолияти давомида хусусий мулк дахлсизлиги бўйича конституциявий тамойилни ҳимоя қилиб, уни ҳаётга изчил татбиқ этишда фаол қатнашади.

Албатта, мамлакатимиз тараққиётининг келгуси беш йилига мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясининг бекаму кўст амалга ошиши кўп жиҳатдан жойлардаги ислоҳотларнинг қандай боришига бевосита боғлиқ. Эътибор қаратадиган бўлсак, ушбу дастурий ҳужжатда тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳудудларда янги кичик бизнес субъектларининг кўпайишига шарт-шароитлар яратиш орқали маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини кенгайтириш борасида ҳам аниқ вазифалар белгиланган. Шу маънода туманлар даражасида маҳаллий бюджетни қабул қилиш ва ижросини назорат қилиш, шунингдек, туман Кенгашлари сессиясида маҳаллий давлат органлари мансабдор шахсларининг ҳисобот ва ахборотларини тинглаб, муҳим қарорлар қабул қилиш алоҳида аҳамият касб этади. ЎзЛиДеП Сайловолди дастурида бу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилган. Бундай амалиёт келгусида энг аввало пойтахт туманларининг ривожида муҳим ўрин тутиб, шакллантирилган бюджетни тўғри тақсимлаш, уни мақсадли сарфлашга ҳам хизмат қилади.

Умуман олганда, туман Кенгашларининг ташкил этилиши жойларда депутатлик назоратини кучайтириш, қолаверса, ҳудудлар ривожига қаратилган янги таклиф ва ташаббуслар билан чиқишда долзарб аҳамиятга эга. Бунинг натижасида бевосита туман Кенгаши депутатлари аралашуви ва кўмаги билан ҳудудлардаги муаммолар ўз вақтида ечим топади. Биламизки, ҳар бир масалани аҳоли ичига кирмасдан, улар билан яқин мулоқот ўрнатмасдан, жойига бориб, чуқур ўрганмасдан ҳал этиш бугунги ислоҳотлар талабига асло тўғри келмайди.

Партиямизнинг ушбу сайловларда иштироки билан боғлиқ яна бир муҳим жиҳат. Маълумки, бугунги кунда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг 16 фоиздан ортиғи, инвестицияларнинг 18 фоиздан, саноат маҳсулотларининг 20 фоиздан зиёди Тошкент шаҳрига тўғри келмоқда. Кейинги вақтда ана шу кўрсаткичларни янада яхшилаш, пойтахтнинг иқтисодий имкониятлари ва салоҳиятини кўтаришга қаратилган янгича ислоҳотлар изчиллик касб этмоқда. Бу борада бир қатор истиқболли дастурлар қабул қилиниб, улар ҳаётга татбиқ этилаяпти. Аҳамиятлиси, электротехника, машинасозлик, қурилиш-пудрат ташкилотлари, тиббиёт хизматларини кўрсатиш соҳаларида фаолият юритаётган кичик бизнес корхоналарини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Масалан, пойтахтимиз туманлари кесимида олиб қарайдиган бўлсак, Яшнобод ва Олмазор туманларида кичик бизнеснинг инновацион технопарклари ташкил этилади ва қиймати 102 миллиард сўм бўлган 285 та инновацион лойиҳа амалга оширилади. Бектемир туманида қиймати 20 миллион доллар бўлган, йилига 1500 та юк ташиш вагонларини қайта таъмирлаш лойиҳасининг ишга туширилиши режалаштирилган. Шунингдек, Миробод туманида “Нано Медик” корхонасида йилига 450 минг дона 9 турдаги дори воситаларини ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилади. Бундай йирик лойиҳалар пойтахтимизнинг бошқа туманларида ҳам амалга оширилиши белгиланган.

Кўриниб турибдики, ушбу аниқ ва мақсадли ишларни рўёбга чиқариш нафақат ижро ҳокимияти вакиллари фаоллигига, балки айнан тадбиркорлар ва ишбилармонлар номидан сиёсий майдонга чиққан ЎзЛиДеП ва унинг Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларида шакллантирилаётган депутатлик гуруҳлари фаоллигига ҳам боғлиқдир.

ЎзЛиДеП ушбу мақсадларга эришиш учун ўз ғояларига содиқ фаолларни депутатликка номзод сифатида кўрсатди.

Мухтасар қилиб айтганда, мазкур сайлов пойтахтимиз аҳолисининг ўз хоҳиш-иродасини тўғридан тўғри рўёбга чиқаришининг амалий ифодаси, катта ижтимоий-сиёсий тадбирдир. Юксак савия ва уюшқоқликни талаб этадиган ушбу сиёсий тадбирда ЎзЛиДеП муносиб иштирок этиш ва сайловчилар ишончини қозониш орқали ўз вакиллари воситасида жонажон пойтахтимизнинг иқтисодий салоҳиятини янада ошириш ва аҳоли турмуш сифатини юксалтиришни кўзламоқда. Ишончимиз комилки, асосий электоратимиз ҳисобланмиш мулкдорлар қатлами ҳамда либерал-демократик ғоялар тарафдорлари кўпчиликни ташкил этади ва бўлажак сайловда партиямиз Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларида ҳам энг кўп вакилларига эга бўлади.

Тадбиркорликни ривожлантириш – оила фаровонлиги, юрт ободлигига элтувчи йЎл!

Ҳурматли сайловчилар – азиз ҳамшаҳарлар!

Сайловда ана шундай аниқ вазифаларни олдига қўйиб, Тошкент шаҳрини гўзал ва бетакрор марказга айлантиришни мақсад қилган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси номзодларига овоз беринг!

ЎзЛиДеП Тошкент шаҳар Кенгаши

14626

04Декабрь 2017



Долзарб мавзулар