Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Янгиликлар | Рўйхатга ўтиш

Миллий тикланиш миллий ўзликни англаш демакдир

Сайлов мамлакатда демократия тамойилларининг қай даражада устувор эканлигини кўрсатиб турувчи, фуқароларнинг давлат бошқарувидаги иштирокини таъминлашга хизмат қилувчи муҳим сиёсий жараён ҳисобланади. Мустақил тараққиёт йилларида миллий сайлов қонунчилигимиз мустаҳкамланиб, янада такомиллашиб бормоқда. Миллий ва умумэътироф этилган норма ва принципларни ўзида мужассамлаштирган сайлов қонунчилигимиз мамлакатимизда сайлов жараёнларининг очиқ-ошкора, адолатли, эркин ва демократик тарзда ўтишида муҳим омил бўлаётир. Бу, айниқса, 2014-2015 йилларда бўлиб ўтган парламент ва маҳаллий кенгашларга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёнида яққол намоён бўлди.

Маълумки, 2017 йил 24 декабрь куни Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов ўтказилади. Айни пайтда пойтахтимизда ушбу сиёсий жараёнга қонунчиликда белгилаб қўйилган талаблар асосида қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги қонунининг 20-моддасига кўра, халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари депутатлигига сиёсий партиялар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари номзод кўрсатиш ҳуқуқига эгадирлар. Айни пайтда мамлакатимиздаги тўртта сиёсий партия ҳамда ўзини ўзи бошқариш органлари мазкур ҳуқуқлардан келиб чиқиб, сайлов жараёнига қизғин ҳозирлик кўрмоқда. Жумладан, мазкур жараёнда ўз номзодлари билан иштирок этувчи Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳам сайловда муносиб қатнашиш, маҳаллий вакиллик органларидан кўпчилик депутатлик ўринларини эгаллаш мақсадида тайёргарлик ишларини изчил олиб бормоқда. 2017 йил 23 сентябрь – сайлов кампанияси расман эълон қилингандан буён партия Марказий кенгаши, Тошкент шаҳар ва туман Кенгашлари мазкур сайловда ҳар жиҳатдан фаол иштирок этишга пухта тайёргарлик кўрмоқда.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси муҳим сиёсий жараёнга ҳозирлик кўришда, энг аввало, ўтган сайловларда орттирган тажрибасига таянади. Дарҳақиқат, 2009, 2014 йилларда парламент ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтган сайловда партия ўз номзодлари билан иштирок этиб, муносиб ўрин эгаллади. Партиянинг йилдан йилга жамият ва давлат ҳаётидаги ўрни ва мавқеи ошиб бораётганини мазкур сайловлардаги натижалар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Масалан, 2009 йилги сайловда ЎзМТДПдан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 31 номзод депутат этиб сайланган бўлса, бу кўрсаткич 2014 йилги сайловда 36 нафарни ташкил этиб, парламентда депутатлик ўринлари бўйича иккинчи ўринни эгаллади. Худди шунингдек, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларда ҳам 951 дан 1109 нафар депутатга кўпайди.

Партиямизнинг сайловда қандай натижаларга эришиши, албатта, у илгари сурган дастурий мақсад ва ғоялар билан чамбарчас боғлиқ. ЎзМТДП Сайловолди дастури партия ташкилотлари ва барча даражадаги депутатлар учун амалга ошириш зарур бўлган вазифалар дастуруламали ҳисобланади. Бу вазифалар партия ғояси, мафкураси, ижтимоий қатлами ва электорати манфаатларига жавоб бериши, партиянинг куч ва имкониятларига мос келиши, энг муҳими, Ватанимиз ва халқимиз манфаатларига уйғун бўлиши ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Шу маънода ЎзМТДП Сайловолди дастурида 7 та йўналиш бўйича вазифалар ўз аксини топган бўлиб, улар сиёсий муносабатлар тизимида миллий ғоя устуворлигини таъминлаш, жамиятимизнинг ахлоқий ва маънавий асосларини мустаҳкамлаш, миллати, дини ва эътиқоди, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, Ўзбекистон халқи ва барча фуқароларнинг бирдамлигини мустаҳкамлаш, миллий тикланиш ғоясини ривожлантириш, маҳалла тизимини янада такомиллаштиришга кўмаклашишни назарда тутади. Шунингдек, унда партиямиз учун энг муҳим соҳа – маънавий-маърифий соҳада миллий ўзликни англаш ва миллий тикланиш жараёнларидан миллий юксалиш сари бораётган жамиятимиз олдида турган бугунги долзарб вазифалар акс этган.

Партиямиз иқтисодиёт соҳасига алоҳида эътибор қаратиб келади. Бунда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, бозорларимизни ўзимизда ишлаб чиқарилган товарлар билан тўлдириш ва уни хорижнинг сифатсиз маҳсулотларидан ҳимоя қилиш, миллий брендлар яратиш ҳамда, энг муҳими, соҳанинг ҳуқуқий базасини такомиллаштириш асосий вазифа сифатида белгиланган. Шунингдек, мамлакатимиз иқтисодиётини янада ривожлантириш мақсадида туризм соҳасини тараққий эттириш ҳамда юртимизни жаҳон туризм марказларидан бирига айлантириш партия Сайловолди дастуридаги муҳим вазифалардандир. Партия туристик маршрутларни такомиллаштириш, сайёҳларга юқори даражада хизмат кўрсатишни таъминлаш ҳамда туристик фаолият билан шуғулланадиган субъектларни қўллаб-қувватлаш каби масалаларни устувор вазифаларидан деб билади. Зеро, мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳияти юқори бўлиб, энг ноёб ва тарихий масканлар туризм ривожида муҳим аҳамият касб этади.

ЎзМТДП суд-ҳуқуқ соҳасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маданиятини ошириш, қонунларимизнинг миллий қадриятлар руҳи билан суғорилишига эришиш ва Ўзбекистон халқининг миллий анъана ва урф-одатларини ўзида акс эттирган, унга хос бўлган мурувват, кечиримлилик, инсонпарварлик ва бағрикенглик каби олижаноб фазилатлар суд амалиётига жорий этилишини устувор вазифаларидан деб билади.

Аҳоли турмуш сифати ва қулайликларини ошириш – партиянинг ижтимоий соҳада олиб бораётган фаолиятининг бош мақсадидир. Бундан ташқари, Сайловолди дастуримизда фан, таълим, маданият, санъат, спорт ва ахборот соҳасига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, ахборот соҳасида жамиятнинг информацион-мафкуравий ҳимоясини таъминлаш етакчи вазифа сифатида белгиланган.

Партия давлатимизнинг инсоният тамаддунининг қадимги Шарқ ва ўарбни бирлаштирувчи, сиёсий, иқтисодий ва маданий-инсонпарварлик соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларини институционал мустаҳкамлаш ва кенгайтиришда муҳим ўрин тутадиган Буюк Ипак йўлини қайта тиклаш, “Буюк Ипак йўли” брендини илгари суриш сиёсатини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Умуман, дастурда белгиланган, ўз зиммамизга олган барча йўналишдаги вазифаларга миллий қадрият ва анъаналар ҳамда Ватанимизнинг миллий манфаатларидан келиб чиқиб ёндашилганини алоҳида эътироф этиш жоиз.

Сиёсий партиялар ўртасида соғлом рақобат муҳити тобора ривожланиб, уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги иштироки кенгаяётган бир пайтда аниқ, ҳаётий ва аҳоли манфаатларига мос мақсад-вазифаларни ўз зиммасига олган партиянинг мавқеи мустаҳкам бўлади. Шу маънода ЎзМТДП сайловолди дастурида белгиланган ғоя ва мақсадлар бугунги замон талабига мос, давр тақозо этаётган муҳим масалаларни ўз ичига олганлиги билан аҳамиятлидир. Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов жараёнида партиянинг, ундан кўрсатилаётган номзодларнинг ҳаётий, халқчил дастурий мақсад-вазифалар билан сиёсий майдонга чиқиши, айниқса, ҳал қилувчи куч ҳисобланади. Фуқароларимизнинг ҳуқуқий онги, сиёсий ва ҳуқуқий маданияти юксалиб бораётган, кечаги сайловчи билан бугунги сайловчининг тафаккури, сиёсий қарашлари ўртасида жуда катта фарқ юзага келган бир пайтда ҳаётий ва аниқ мақсад-ғоялар муҳим ўрин тутади. Бугун сайловчилар сиёсий партияларнинг бир-биридан фарқи, уларнинг мақсад-вазифалари, ижтимоий қатлами ҳақида етарли маълумотга эга. Бундан ташқари, фуқароларимиз онги ва тафаккури, эътиқодида рўй берган туб ўзгаришлар, уларда атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга дахлдорлик туйғуси, фуқаролик бурчи ва эртанги кунимизга шахсий жавобгарлик ҳиссининг ортиб бораётгани сайлов жараёнининг очиқ-ошкора, ҳаққоний ва уюшқоқлик билан ўтишида муҳим аҳамият касб этади.

Шу йил 24 декабрь куни Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайлов ҳам сиёсий партиямиз, ҳам пойтахт ҳаёти ва аҳолиси учун ғоят муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлаш жоиз. Маълумки, пойтахтимизда кенг қамровли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларининг амалга оширилиши самарасида Тошкент шаҳри кундан кунга чирой очиб бораётир, аҳоли учун кенг ва қулай шароитлар яратилмоқда. Аммо шу билан бирга, икки ярим миллионга яқин аҳоли истиқомат қилаётган азим пойтахтимизда ўзига хос муаммолар ҳам борлиги сир эмас, албатта. Масалан, Президентимизнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналарига келаётган мурожаатларнинг энг кўпи айнан Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келади.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида сиёсий партияларнинг ўрни ва масъулиятини ошириш, айниқса, партияларнинг шаҳар ва туман Кенгашлари фаолиятини янги босқичга кўтариш, қонун қабул қилишда халқ билан мулоқот қилиш тизимини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани фуқароларнинг вакиллик органлари орқали давлат бошқаруви ҳамда жамият ҳаёти, кенг кўламли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилади.

Бугун пойтахтимиз туманлари кун сайин ривожланиб, янги иқтисодий имкониятларга эришмоқда, улар салоҳиятини оширишга эътибор қаратилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, ҳар бир туманда самарали назорат ўрнатиш эҳтиёжини юзага келтирмоқда. Шу нуқтаи назардан туман Кенгашларининг ташкил этилиши депутатлик назоратини ўрнатиш, қолаверса, ҳудудлар ривожига қаратилган янги таклиф ва ташаббуслар билан чиқишда муҳим аҳамиятга эга. Туманлар даражасида маҳаллий бюджетни ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва ижросини назорат қилиш, шунингдек, туман Кенгашлари сессиясида маҳаллий давлат органлари мансабдор шахсларининг ҳисобот ва ахборотларини тинглаш муҳим қарорлар қабул қилиш имконини беради. Ҳудуддаги муаммо ва масалалар халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари аралашуви ҳамда кўмаги билан жойида ҳал этилади.

Пойтахт туманларида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ташкил этилиши Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг ҳудуд ривожидаги иштирокини, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги имкониятларини янада кенгайтиради. Яъни, пойтахт туманларидаги вакиллик органларига ЎзМТДПдан сайланган депутатлар фаоллик кўрсатиб, партия дастурий вазифалари ижросини таъминлашга, электорат манфаатларини ҳимоя қилишга эришади. Шу боис ҳам ушбу сайлов партиямиз зиммасига катта масъулият юклайди. ЎзМТДП шуни инобатга олган ҳолда бугун сайловга қизғин ҳозирлик кўрмоқда, вакиллик органларидан кўп ўрин эгаллаш учун фаол ҳаракат қилишга, сайлов кампанияси даврида бор куч ва имкониятлардан самарали фойдаланишга эътибор қаратмоқда.

Айни пайтда сиёсий партиялар ва улардан кўрсатилган барча даражадаги депутатликка номзодлар учун муҳим палла – сайловолди ташвиқоти бошланди. Мамлакатимиз сайлов қонунчилигида сайловолди ташвиқотининг тартиб-қоидалари, турлари, шакллари ва усуллари ҳамда мазкур даврда сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларга бир хил шароит ва имкониятлар яратилиши мустаҳкамлаб қўйилган. Жумладан, сайловолди ташвиқоти олиб борилаётганда оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда депутатликка номзодларга, сиёсий партияларга ҳажмига кўра бир хил бўлган эфир вақти ва нашр майдонини бепул бериш йўли билан тенг шароитлар таъминланади. Шунингдек, депутатликка номзод сайловолди ташвиқотлари юритиш жараёнида ишончли вакил институтидан фойдаланиш ҳуқуқига ҳам эга. Мазкур ҳуқуқдан унумли ва самарали фойдаланиш номзоднинг муваффақият қозониши учун замин бўлиб хизмат қилади.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси миллий сайлов қонунчилигимизда белгиланган қоида ва талаблар асосида 2017 йил 24 декабрь куни Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловга уюшқоқлик билан ва пухта ҳозирлик кўраётир. Сайлов кампаниясининг ҳар бир босқичини изчиллик билан ташкил этиб келмоқда. Зеро, мазкур сайловдаги муваффақиятли иштирок ва самарали натижа партия учун янги имкониятлар эшигини очади.

Ҳурматли ҳамшаҳарлар, азиз сайловчилар!

24 ДЕКАБРЬ КУНИ БЎЛИБ ЎТАДИГАН САЙЛОВДА ЎЗБЕКИСТОН “МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ” ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИ НОМЗОДЛАРИГА ОВОЗ БЕРИНГ!

Миллий Қадриятларимиз Ҳимояси – бош вазифамиз!


Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг

Тошкент шаҳар Кенгаши

18532

04Декабрь 2017



Долзарб мавзулар