Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Янгиликлар | Рўйхатга ўтиш

Аҳолининг ижтимоий ҳимояси биз учун устувор масала

Шу йилнинг 24 декабрь куни Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашлари учун сайлов ўтказилиши мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеалардан биридир. Янги ташкилий-ҳуқуқий шароитда ўтказилаётган мазкур сайлов пойтахтимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда катта аҳамиятга эга. Чунки шаҳримиз туманларида халқ депутатлари Кенгашларининг тузилиши аҳолини ўйлантираётган масалаларнинг илдизига етиб бориш, депутатлик ва жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, маҳаллий давлат органлари раҳбарларининг ўз фаолияти тўғрисида ҳисоботлари ва ахборотларини эшитиш, муқобил ва асосли таклифларни шакллантиришда муҳим роль ўйнайди.

Ўз-ўзидан аёнки, сессияда бир туман миқёсидаги масала кўтарилгандан кейин уни чуқур кўриб чиқиш, таҳлил ва хулосаларни умумлаштириш, пухта ва пишиқ таклифлар ишлаб чиқиш имкони ортади. Чунки унда кўтарилаётган ҳар бир масала айнан битта ҳудуд мисолида кўриб чиқилади.

Бунда нафақат аҳолини ташвишлантириб келаётган масалалар атрофлича кўриб чиқилади, балки туманлар даражасида маҳаллий бюджет, ҳудудни ривожлантиришнинг истиқболга мўлжалланган дастурлари ишлаб чиқилади ва қабул қилинади. Демак, ушбу амалиёт пойтахт туманлари ривожида ҳал қилувчи аҳамиятга эга, деб бемалол айтиш мумкин.

Кўриниб турибдики, бу муҳим ижтимоий-сиёсий жараён сиёсий партияларнинг жамиятдаги ўрнини ҳам белгилаб беради. Сайловдан кейин ҳар бир туман Кенгашида депутатлик гуруҳларининг тузилиши партиянинг тўлақонли фаолият юритиши, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ташаббус ва амалий ҳаракатлари кучайишига хизмат қилади.

Шундан келиб чиқиб, айни кунларда депутатликка кўрсатилган номзодлар ҳудудларда сайловолди тарғибот ишларини қизғин олиб боряпти. Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳам ушбу сайловда фаол ва муносиб иштирок этишга ҳаракат қилмоқда. Партиямиз Сайловолди дастурига тўхталадиган бўлсак, унда кам таъминланган оилаларни манзилли ижтимоий ҳимоялаш, меҳнатга лаёқатли фуқароларни муносиб ҳақ тўланадиган барқарор иш ўринлари билан таъминлаш, аҳолига юқори сифатли ва мақбул тиббий ёрдам кўрсатишни янада яхшилаш, шунингдек, демократик ҳуқуқий давлат ва очиқ фуқаролик жамиятини шакллантиришга оид қатор таклифлар илгари сурилган. Булар ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Бизнингча, кучли ижтимоий сиёсат бир қатор масалаларни қамраб олади. Аввало, меҳнатга лаёқатли аҳолининг муносиб ҳақ тўланадиган иш топишга интилишини қўллаб-қувватлаш, уларнинг шахсий ташаббускорлиги ва тадбиркорлигини рағбатлантириш керак. Шунингдек, пенсионерлар, меҳнатга лаёқатсиз ногиронлар, етим-есирлар ва аҳолининг меҳнат қила олмайдиган бошқа ижтимоий гуруҳлари ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришни кафолатловчи пенсия таъминоти ва ижтимоий нафақаларнинг самарали тизимини вужудга келтириш долзарб аҳамиятга эга.

Ушбу вазифаларни ҳал этиш иқтисодий ривожланиш ва ижтимоий сиёсатнинг устувор йўналишларини танлашда давлатнинг асосий тартибга солувчилик ролини янада мустаҳкамлашни талаб этади. Бу эса амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар ижтимоий самарадорлигининг зарурий шарти ҳисобланади.

Шу орқали Ўзбекистон ХДП мамлакатимизнинг ўсиб бораётган иқтисодий салоҳиятидан аҳолининг барча қатламлари, шу жумладан, унинг кам таъминланган гуруҳлари турмуш даражасини яхшилаш учун фойдаланишга қаратилган стратегик йўналишни фаол қўллаб-қуввватлайди. Чунки булар энг долзарб ҳаётий вазифалар бўлиб, аҳолининг ижтимоий фаоллигини ошириш, иқтисодий даромадларини кўпайтириш масалаларини ўз ичига олади.

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар туман Кенгашлари учун ўтказилаётган сайловда партиямиздан депутатликка номзодларнинг дастурларида ҳам ушбу масалалар кенг ўрин олган.

Ҳар бир одам меҳнат қилишга, муносиб ҳаёт кечиришга ҳақли, албатта. Бу инсоннинг энг бирламчи, устувор ҳуқуқидир. Лекин ҳаёт тақозоси, турли омиллар сабаб ҳаммада ҳам бундай имконият бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун давлат ва жамият эҳтиёжманд кишиларнинг интилиши ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаши, уларга ҳар томонлама мадад бериши зарур. Халқимиз тарихи ва турмушдаги юксак анъаналаримиз шуни тақозо қилади. Учтепа туманидаги 18-Боғистон сайлов округидан депутатликка номзод Бахтиёр Абдуллаевнинг дастурида ана шу масалаларга чуқур эътибор қаратилган.

Хусусан, дастурда ижтимоий қўллаб-қувватлашни боқимандалик кайфиятини тугатишга йўналтириш, фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, уларнинг бу борадаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида урғу берилган. Бу таклифлар тараққиётимизнинг бугунги босқичида жуда долзарб аҳамиятга эга.

Жамиятда шундай инсонлар борки, жисмоний имконияти чекланган бўлишига қарамасдан меҳнат қилиб, барқарор даромад манбаига эга бўлиш учун интилади. Албатта, уларнинг бу ҳаракати қўллаб-қувватланиши керак. Айниқса, ногиронларнинг ижтимоий мослашувини таъминлаш мақсадида ногиронлар меҳнат қилиши учун ихтисослашган корхоналар ташкил этишнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқиш, жумладан, шу мақсадда давлатнинг марказлашган сармоялари ҳисобидан бундай корхоналар тармоғини ривожлантириш чораларини кўриш, йирик корхоналарга касаначилик иш жойларини ташкил этиш бўйича мажбурий квоталар белгилаш орқали жисмоний имкониятлари чекланган шахсларни касаначилик фаолиятига жалб қилишни кенгайтириш уларнинг ижтимоий муҳофазасини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлади. Номзодимиз шу таклифни илгари сурар экан, қўлидан иш келадиган жисмоний имконияти чекланган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаётга қизиқишини ошириш мақсадини ҳам кўзда тутади. Имкон доирасида меҳнат билан банд бўлишга ҳаракат қилиб, оиласи фаровонлигига ҳисса қўшишна интилаётган ана шундай инсонларга далда бўлиш, уларнинг бандлигини таъминлашга яқиндан туриб кўмаклашиш эса бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан бири.

Ҳаммамиз яхши биламиз, одамларимизнинг ҳаёт тарзи ва даражасини юксалтиришда бандликни таъминлаш муҳим ўрин тутади. Ишли, турмуш даражаси юқори бўлган одам эртасидан кўнгли тўқ бўлиб яшайди. Шу маънода изоҳлайдиган бўлсак, аҳолининг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш учун, аввало, одамларга меҳнат қилиш имкониятини бериш керак. Бунинг учун бандлик дастури ва бошқа ижтимоий-иқтисодий дастурларнинг ижросини қатъий таъминлаш талаб этилади. Халқ демократик партиясидан кўрсатилган номзоднинг дастури шу жиҳатлари билан аҳамиятлидир.

Партиямиз мамлакатимизда давлат ва жамиятнинг манзилли ижтимоий муҳофаза ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлашига эҳтиёжманд аҳоли қатламлари манфаатларини ҳимоя қилиш, таълим ва соғлиқни сақлаш, суд-ҳуқуқ, уй-жой ва коммунал хизматлар кўрсатиш тизимини янада ислоҳ этишга эътибор қаратади. Шайхонтоҳур туманидаги 25-Бўстон сайлов округидан депутатликка номзод Ирода Абдуллаеванинг Сайловолди дастури ҳам партиямизнинг айнан мазкур йўналишлардаги устувор ғояларига асосланади.

Депутатликка номзод мустақил ҳаётга кириб келаётган ёшларга ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, касб танлаши, таълим олиши ва ўқув муассасаларини битиргач, албатта, биринчи иш ўринларига эга бўлиши учун адолатли, тенг ва ижтимоий жиҳатдан мақбул шарт-шароитлар яратиш зарур, деган таклифни илгари суряпти. Агар чуқур мулоҳаза билан қаралса, депутатликка номзод ўз сайловолди дастурида жуда долзарб масалаларни кўтарган. Чунки, таълим-тарбия, бандлик масаласи мамлакат келажагини белгиловчи асосий омиллардан биридир.

Шайхонтоҳур туманида 9 та касб-ҳунар коллежи,

3 та лицей фаолият юритмоқда. 2016-2017 ўқув йилида уларни 3764 нафар йигит-қизлар тамомлади. Очиғини айтиш керак, улар орасида ҳали-ҳамон иш қидираётганлар бор. Номзодимиз фикрича, уларни иш билан таъминлаш кечиктириб бўлмайдиган вазифадир.

Бунинг учун касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг ўзлари мустақил равишда иш ўрнига эга бўлишларини таъминлаш, якка тартибдаги меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун уларга имтиёзли микрокредитлар бериш тизимини янада кучайтириш лозим. Яна бир гап. Катта ҳаётга кириб келаётган ёшларни ишга жойлаштириш масаласини улар ўқишни битириш арафасида эмас, балки таълим масканига ўқишга кириши билан бошлаш керак. Масалан, корхона ва ташкилотлар эҳтиёжларидан келиб чиқиб, ўрта махсус маълумотга эга бўлган кадрлар тайёрлаш амалиётини янада ривожлантиришни замоннинг ўзи талаб қиляпти. Бунда соҳа корхона ва ташкилотларининг ўқувчиларнинг юқори касбий малакасини кафолатловчи ишлаб чиқариш амалиётини самарали ташкил этиш борасидаги масъулиятини ошириш зарур, дейди депутатликка номзод.

Умуман олганда, партиямиз Сайловолди дастуридан ўрин олган ғоялар юртимиз тараққиётини янги босқичга олиб чиқишга, амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришга, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш ва фаровонлаштиришга йўналтирилган. Дастур мамлакатимизда изчил олиб борилаётган кучли ижтимоий сиёсат, инсонпарвар демократик ислоҳотларнинг бош мақсадига мос келади.

Ҳурматли ҳамшаҳарлар, азиз сайловчилар!

24 ДЕКАБРЬ КУНИ БЎЛИБ ЎТАДИГАН САЙЛОВДА ПАРТИЯМИЗ САЙЛОВОЛДИ ДАСТУРИДАГИ ўОЯЛАРНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАБ, ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИ ТОМОНИДАН КЎРСАТИЛГАН НОМЗОДЛАРГА ОВОЗ БЕРИНГ!

МАҚСАДИМИЗ – ХАЛҚИМИЗ ТУРМУШ ДАРАЖАСИНИ ЯНАДА ОШИРИШ!


Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкент шаҳар Кенгаши

13156

04Декабрь 2017



Долзарб мавзулар