Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Янгиликлар | Рўйхатга ўтиш

Мақсадимиз – халқимиз турмуш даражасини янада ошириш

Мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён – Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашлари учун сайловга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Сайловни юксак савияда, уюшқоқлик билан ўтказиш учун ҳар бир фуқаро бирдек масъулдир. Бу эса бир вақтнинг ўзида сиёсий партиялар фаолиятини янада кучайтиришни, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифаларини амалга оширишда уларнинг ролини кенгайтиришни талаб этади. Бу тўла маънода бизнинг фаоллигимизга боғлиқ.

Шу ўринда савол туғилади. Бизга қандай депутат керак? Кимлар депутат бўлишга маънан ҳақли-ю кимлар бу номга муносиб эмас? Уларнинг Сайловолди дастурларида белгиланган вазифалар айнан қайси жиҳатлари билан эътиборга молик? Сайлов куни қайси номзодни қўллаб овоз берсак янглишмаймиз? Бу каби саволлар партия фаоли, қолаверса, сайловчи сифатида ҳар биримизни ўйлантириши табиий. Ахир сизу биз бугун номзодини кўрсатаётган фуқаро эртага депутат этиб сайланса-ю қандай яшаётганинг, ҳудудингда учраётган муаммолар билан қизиқмаса. Бу ҳолни бирон бир тарзда оқлаш мумкинми? Шу боис биз депутатликка номзодларни фаол ва ташаббускор, ҳар қандай шароитда одамлар билан елкама-елка турадиган кишилар орасидан танлашимиз, уларнинг Сайловолди дастурида ифода этилган вазифалар муаммоларимизни ҳал этишга хизмат қилиши керак.

Хўш, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар мазмун-моҳияти ҳақида нима дейиш мумкин? Уларнинг электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш, мамлакатимизни янада тараққий эттиришдаги ўрни нимадан иборат?

Барчамизга маълумки, Ўзбекистон Халқ демократик партияси мамлакатимизда давлат ва жамиятнинг манзилли ижтимоий муҳофазаси ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлашига эҳтиёжманд аҳоли қатламлари манфаатларини ҳимоя қилиш, таълим ва соғлиқни сақлаш, суд-ҳуқуқ, уй-жой ва коммунал хизматлар кўрсатиш тизимини янада ислоҳ этишга эътибор қаратади. Партиядан Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига номзодларимиз дастурлари ҳам айнан мазкур йўналишлардаги устувор ғояларга асосланади.

Мамлакатимизнинг ҳар томонлама ривожланиши борасида амалга оширилаётган стратегиянинг муҳим ижтимоий йўналиши бу аҳоли турмушининг сифатини янада оширишдан иборат.

Кейинги йилларда жойларда замонавий лойиҳалар бўйича уй-жойлар қуришга қаратилган кенг кўламли дастурлар аҳоли турмуши ва яшаш тарзига катта ижобий таъсир кўрсатмоқда. Бу ишларни изчил давом эттириш билан бир қаторда, уй-жой-коммунал хизмат кўрсатишни такомиллаштириш, бунинг учун зарур бўлган муҳандислик ва ижтимоий инфратузилмани жадал тараққий топтириш энг муҳим масалалардан саналади.

Ушбу вазифаларни ҳал қилишда эришилган натижалар ва олиб борилаётган ишлар аҳолининг ижтимоий жиҳатдан заиф қатламларининг сифатли уй-жой шароитлари, ижтимоий инфратузилма билан таъминланганлик даражасини оширишга хизмат қилади. Шуларни инобатга олган ҳолда Шайхонтоҳур туманидаги 10-Боғкўча сайлов округидан партиямиздан кўрсатилган номзод Гулчеҳра Холматованинг дастурида уй-жой ва коммунал хизматлар, ижтимоий инфратузилма объектларининг мақбуллигини таъминлаш бўйича муҳим йўналишлар ўрин олган.

Сир эмаски, одамлар ҳаётини янада яхшилаш учун жонини койитиб ишлайдиган, жойларда иқтисодий-ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш учун изланишдан чарчамайдиган депутат сайловчилар томонидан фаол қўллаб-қувватланади. Улар одамлар орасида бошини баланд кўтариб юради, юзи ёруғ бўлиб, халқ ичида обрў-эътиборга эга бўлади. Бунинг учун у вакиллик ҳокимиятида кўтариб чиқаётган таклифлар асосли бўлиши, у одамлар манфаатини кўзлаши керак.

Номзодимиз фикрича, давлат мулкини хусусийлаштиришдан тушган маблағларнинг бир қисми ҳисобидан аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламлари учун ижтимоий уй-жой фондини ташкил қилишнинг аниқ механизмларини яратиш зарур.

Коммунал хизматлар нархлари ва тарифлари шаклланиши жараёнлари очиқлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш зарур. Бундан ташқари, қурилиш ишларини лойиҳалаштиришда ушбу ҳудуд инфратузилмасини ҳар томонлама ривожлантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиш керак.

Яна бир муҳим томони, номзодимиз ногиронларнинг ижтимоий мослашувини янада кенгайтириш масаласини ҳам кўтариб чиқмоқда. Уларнинг меҳнат қилиши учун ихтисослаштирилган корхоналар ташкил этиш, йирик корхоналарга касаначилик иш жойларини ташкил қилиш бўйича мажбурий квоталар белгилашга ҳаракат қилмоқда. Аҳоли пунктлари, бино ва иншоотларни ногиронлар учун мослаштирган ҳолда лойиҳалаштириш, уларнинг ижтимоий объектлардан, транспортдан бемалол фойдаланишлари учун шароитларни яхшилаш масаласини илгари суряпти.

Ногиронлар ҳам жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси. Демак, улар учун ҳеч кимдан кам бўлмаган шарт-шароитларни яратиш, ўзини эркин ҳис қилиши учун барча имкониятларни ишга солиш энг муҳим масаладир.

Жамиятда шундай инсонлар борки, жисмоний имконияти чекланган бўлишига қарамасдан меҳнат қилиб, барқарор даромад манбаига эга бўлиш учун интилади. Албатта, уларнинг бу ҳаракати қўллаб-қувватланиши керак. Айниқса, ногиронларнинг ижтимоий мослашувини таъминлаш мақсадида ногиронлар меҳнат қилиши учун ихтисослашган корхоналар ташкил этишнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқиш, жумладан, шу мақсадда давлатнинг марказлашган сармоялари ҳисобидан бундай корхоналар тармоғини ривожлантириш чораларини кўриш, йирик корхоналарга касаначилик иш жойларини ташкил этиш бўйича мажбурий квоталар белгилаш орқали жисмоний имкониятлари чекланган шахсларни касаначилик фаолиятига жалб қилишни кенгайтириш уларнинг ижтимоий муҳофазасини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлади. Биноларни қуришда, ижтимоий объектларда ҳам уларнинг бемалол ҳаракатланиши учун махсус пандуслар яратиш зарур.

Шунингдек, депутатликка номзод коммунал хизматлар ва кўп қаватли уйларда турар жойдан фойдаланиш харажатлари нархларининг ижтимоий мақбуллик даражасини ошириш мақсадида бир қатор таклифларни илгари сурмоқда. Аввало, тармоқ муҳандислик инфратузилмаси билан боғлиқ бўлмаган коммунал хизматларни кўрсатишнинг арзон муқобил турларини ривожлантириш керак, деб ҳисоблайди. Табиий монополия субъектлари бўлган корхоналарнинг хизматлари (электр ва иссиқлик қуввати, газ таъминоти, ичимлик суви ва канализация хизматлари)га нарх ва тарифларни ўрнатишнинг иқтисодий асосланган аниқ мезонларини ишлаб чиқиш долзарб вазифа, дейди.

Кўриниб турибдики, депутатликка номзод илгари сураётган масалалар пойтахтимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти учун муҳим аҳамиятга эга. Унинг Сайловолди дастурида кўтарилган ушбу ҳаётий масалалар яхши яшаш, муносиб турмуш тарзига эга бўлиш учун хизмат қилади.

Депутатликка номзод илгари сураётган таклиф асосли бўлиши, одамлар манфаатига қаратилиши, уларнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлаши лозим. Мисол учун, Учтепа туманидаги 9-Назарбек сайлов округидан Ўзбекистон Халқ демократик партияси номзоди Алишер Маҳкамовнинг Сайловолди дастурида аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам ва хизматларнинг мақбуллиги ва юқори сифатини таъминлаш бўйича долзарб ва муҳим таклифлар билдирилган. Бу таклифларнинг қанчалик тўғри, асосли экани депутатликка номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларида ўз тасдиғини топмоқда.

Соғлиқни сақлаш соҳасини изчил ислоҳ қилиш натижасида мустақиллик йилларида мамлакатимизда аҳолига тиббий ёрдам ва хизмат кўрсатишнинг яхлит замонавий инфратузилмаси шакллантирилди. Уни ривожлантиришга йўналтирилаётган бюджет харажатлари йил сайин ортиб бормоқда.

Ўзбекистон ХДП бу стратегик йўналишни қўллаб-қувватлаган ҳолда аҳолига бирламчи тиббиёт-санитария ёрдами ва мақбул тиббий хизмат кўрсатилишини янада кенгайтириш ва унинг сифатини оширишни муҳим йўналиш, деб ҳисоблайди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сайловолди дастуридан келиб чиққан ҳолда, номзодимиз ўз дастурида соҳани янада ривожлантириш учун бир қатор масалаларда қўшимча чоралар кўриш кераклигини таъкидлайди. Аввало, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш, унинг ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонлар учун мақбуллигини таъминлаш, дори-дармон воситаларига нарх қўйиш устидан давлат назоратини кучайтириш каби долзарб масалаларга алоҳида эътиборни кучайтириш зарур.

Ҳозирда номзодимиз қўйилган сайлов округида 4 мингга яқин сайловчи бор. Улар билан учрашувлар давомида одамларни ўйлантираётган, соҳада ечимини кутаётган масалаларга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Бугунги кунда Учтепа туманида истиқомат қилаётган 280 минг нафардан зиёд аҳолига 5 та оилавий поликлиника, 1 та болалар шифохонаси, 1 та стоматология шифохонаси, 1 та туғруқхона,

1 та болалар сил касаллиги оромгоҳи, тез тиббий клиника шифохонаси хизмат кўрсатмоқда. Депутатликка номзод уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, малакали кадрлар билан таъминлаш лозим, деб ҳисоблайди.

Бугунги кунда тиббиёт соҳасидаги энг муҳим масалалардан бири – бу малакали кадрлардир. Шундан келиб чиқиб, унинг Сайловолди дастурида тиббиёт йўналишидаги олий ўқув юртларида мақсадли қабул амалиётини кенг жорий қилишни янада такомиллаштириш, айниқса, умумамалиёт шифокорларини талабдан келиб чиқиб тайёрлаш масаласини зудлик билан ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилган. У аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишда врачлар малакасини ошириш йўналишини қайта кўриб чиқиш тарафдори.

Яна бир аҳамиятли томони, номзод жисмоний имконияти чекланган, ҳисобда турадиган инсонларга рецепт асосида берилаётган дори воситалари билан боғлиқ муаммо бўлмаслиги керак, деган таклифни илгари сурмоқда. Шу орқали биз аҳолининг, айниқса, электорат вакилларининг эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаймиз, дея қатъий таъкидлайди у.

Бир сўз билан айтганда, депутатликка номзод Алишер Маҳкамовнинг Сайловолди дастурида соғлиқни сақлаш тизимини янада ислоҳ қилиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатлами учун кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш, соҳада учраётган айрим муаммоларни ҳал этиш бўйича муҳим таклифлар ўз ифодасини топган.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда таълим соҳасини тубдан янгилаш ва ислоҳ қилиш борасида салмоқли натижаларга эришилди. Мамлакатимизда ёшларнинг умумтаълим ва касб тайёргарлигини таъминлашнинг замонавий модели амалга оширилган бўлиб, унинг воситасида ҳар томонлама баркамол ва мустақил фикрловчи, меҳнат бозорида талаб катта бўлган касбларни эгаллаган, қатъий фуқаролик позициясига эга ёшлар тарбияланмоқда.

Ҳозирги кунда Чилонзор туманида 30 та мактаб, 11 та касб-ҳунар коллежи, 4 та академик лицей фаолият юритяпти. Партиямиз сифатли таълим ва касб-ҳунар ўрганишнинг барча учун тенг, адолатли ва ижтимоий жиҳатдан мақбул тизимини янада такомиллаштириш тарафдори. Шундан келиб чиқиб, Чилонзор туманидаги 12-Нафосат сайлов округидан депутатликка номзод Лаъли Джураева ушбу қарашни ёқлаш билан бир қаторда, бу борада ўз таклифларини ишлаб чиқди.

Унинг фикрича, жамиятнинг барча қатламларига эркин ва тенг таълим олиш имкониятларини яратиш мақсадида минтақалардаги демографик ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда, мактабгача, ўрта, ўрта-махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларини олдиндан барпо этиш амалиётини янада ривожлантириш зарур. Ногирон болаларни зарур махсус адабиёт ва қўлланмалар билан таъминлашни ўз ичига оладиган инклюзив таълим тизимини янада ривожлантириш ва соҳа ўқитувчиларига имтиёзлар жорий этиш, жисмоний имкониятлари чекланган (ногирон) талабаларнинг олий ўқув юртларида таълим олиш имкониятларини кенгайтириш лозим.

Номзоднинг мазкур ғояларини кўпчилик маъқулламоқда. Чунки улар мамлакатимиз тараққиёти, ёшларимиз келажагига дахлдор масалалардир. Шунингдек, кўнгли ўксик, лекин бир олам орзулар билан яшаётган жисмоний имконияти чекланган фуқароларнинг яшашга қизиқишини ошириш, уларни тўлақонли ҳаётга қайтариш, ижтимоий қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади.

Умуман олганда, партиямиздан депутатликка кўрсатилган номзодлар билдираётган таклифлар бугун ҳаётимизда кузатилаётган, одамларга қийинчилик туғдираётган камчиликларни бартараф этишга хизмат қилади.

Ҳурматли сайловчилар! Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан кўрсатилган номзодларга овоз берсангиз, энг мақбул, энг ишончли йўлни танлаган бўласиз.

Ҳурматли ҳамшаҳарлар, азиз сайловчилар!

24 ДЕКАБРЬ КУНИ БЎЛИБ ЎТАДИГАН САЙЛОВДА ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИ НОМЗОДЛАРИГА ОВОЗ БЕРИНГ!

Кучли ижтимоий Ҳимоя – асосий мақсадимиз!


Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкент шаҳар Кенгаши

12775

04Декабрь 2017



Долзарб мавзулар