Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Янгиликлар | Рўйхатга ўтиш

“Сайлов қонунчилигини такомиллаштириш ва демократик сайловлар: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт” мавзуидаги халқаро конференциянинг биринчи куни

bukhoroda_saylovga_oid_khal_aro_konferentsiya_b_lib_tadi.jpg

16 ноябрь куни Бухоро шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг ташаббуси билан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ҳамда Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган “Сайлов қонунчилигини такомиллаштириш ва демократик сайловлар: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт” мавзусидаги халқаро конференция ўз ишини бошлади. Конференцияни ташкил этишда Олий Мажлис палаталари, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ва Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳам иштирок этмоқда.


Мазкур конференциядан кўзланган мақсад халқаро ва хорижий экспертлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси лойиҳаси, шунингдек сайлов жараёнларига ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишдан иборат.


Конференция ишида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Венециан комиссияси, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси, БМТ Котибияти ҳузуридаги Сиёсий масалалар бўйича департаментнинг сайловлар ўтказишга кўмаклашиш бўлими ва бошқа шу каби халқаро институтларнинг вакиллари иштирок этишмоқда.


Шунингдек, анжуманда Россия Федерацияси, Қирғизистон Республикаси, Руминия сайлов органлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти институтлари, ҳуқуқ соҳаси илмий жамоатчилиги, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашмоқда.


Конференциянинг биринчи иш кунида иштирокчилар сайлов қонунчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикасида ҳуқуқни қўллаш амалиёти масалаларини муҳокама қилдилар.


Анжуман давомида Ўзбекистонда давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги ислоҳотлар тизимли ва изчил хусусиятга эга эканлиги, демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ҳамда сайлов эркинлигини таъминлашга қаратилганлиги таъкидланди.


Ўзбекистонда сайлов тизими ва сайлов қонунчилигини такомиллаштириш борасидаги ишлар халқаро стандартлар ва демократик тамойилларни инобатга олган ҳолда амалга оширилмоқда.


Маълумки, Сайлов кодекси лойиҳаси Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолати тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайловлар тўғрисида”ги, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳарлар Кенгашларига сайловлар тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги амалдаги қонунлари билан унификация қилинган.


Муҳокамалар доирасида Винициан комиссияси ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси лойиҳаси юзасидан қўшма хулосаси, шунингдек сайлов қонунчилигини ривожлантиришнинг хорижий амалиёти бўйича тавсиялари тақдим этилди.


Жумладан, экспертлар Татьяна Хильшер-Богусевич ва Пере Вилованова Триас Венециан комиссияси ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг қўшма хулосасига асосланиб, Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси муҳокамаси бўйича ўз тавсиялари билан ўртоқлашдилар.


Шунингдек, конференцияда сўз олган Россия Федерацияси Марказий сайлов комиссияси аъзоси Николай Левичев, Венециан комиссияси кенгашининг ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатчиси Гаэл Мартин Минкалефф Ўзбекистон миллий сайлов қонунчилиги такомиллашиб бораётганини қайд этар эканлар, тегишли халқаро ташкилотларнинг таклиф ва тавсиялари асосида тайёрланган Сайлов кодекси лойиҳаси сайловлар демократия, ошкоралик, тенглик каби муҳим тамойиллар асосида ўтказилишини таъминлашини таъкидладилар. Экспертлар мазкур ҳужжатнинг афзалликлари ва устувор жиҳатларига алоҳида эътибор қаратдилар.


Анжуманда мамлакатимиздаги соҳа мутахассислари ва хорижлик экспертлар ҳуқуқни қўллаш амалиёти, сайлов кампаниясини молиялаштириш, партиялараро рақобат, фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш масалалари юзасидан ўз фикрларини билдиришди.


Эртага – 17 ноябрь куни халқаро конференция ўз ишини давом эттиради. Унда сайлов жараёнларида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишнинг долзарб масалалари муҳокама қилинади.


Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

261

16Ноябрь 2018



Долзарб мавзулар