Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Янгиликлар | Рўйхатга ўтиш

Олимжон Тоштемирович Абдуназаров хотирасига бағишланади


Умрни оқар дарёга ўхшатишади. Инсонга Аллоҳ томонидан берилган бу беназир неъматнинг залворли йилларини мазмунли ва фарахбахш этиш, эзгу ва хайрли амалларни бажариш орқали инсон ўзидан яхши ном, яхши хотиралар қолдиради.


Хотираси ёдга олинаётган Олимжон Абдуназаров ҳам ўзининг қисқа ва сермазмун умри давомида дилга яқинлари, дўстлари, айниқса ҳамкасблари орасида ўзидан ана шундай нурли хотима қолдирди.


Олимжон ака.jpg


2019 йилнинг 19 апрель куни Олимжон Тоштемирович касбий салоҳиятининг айни етуклик даврида Индонезиядаги хизмат сафаридан қайтиш чоғида юрак хуружи туфайли бевақт оламдан ўтди. Шафқатсиз ўлим унинг оила аъзолари, дўсту-биродарлари ҳамда устозу-шогирдлари қалбини чуқур қайғуга солиб, орамиздан олиб кетди.


Олимжон Абдуназаров асли 1967 йилнинг 19 майида Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида зиёлилар хонадонида таваллуд топди. Интилувчанлик ва билимга чанқоқлик уни пойтахт сари етаклаб, 1992 йилда у Тошкент Давлат аграр университети талабаси бўлди. 2005 йилда эса Термиз давлат университетининг магистуратура босқичини якунлади.


У меҳнат фаолиятини ҳали талаба бўлмасиданоқ ўзи туғилиб ўсган Жарқўрғон тумани матлубот жамиятида бошлаган эди. Мутахассислик дипломига эга бўлгач эса аввал Ўзбекистон Ёшлар ташкилоти Жарқўрғон тумани қўмитасида кейин эса туманнинг Давлат суғурта инспекцияси, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Сурхондарё вилоятидаги бошқармаларида самарали фаолият кўрсатди.


2014 йилдан то ҳаётининг сўнгги кунига қадар у Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг доимий асосда ишловчи аъзоси сифатида фаолият юритиб, ўзига юклатилган вазифаларни хамиша виждонан бажариб келди.


Олимжон Тоштемирович меҳрибон, самимий, оқкўнгил ва бағрикенглиги билан жамоа ва ҳамкасблари орасида ҳурмат-эътиборга сазовор бўлди. Ўзининг хозиржавоб ва сермулохазалиги билан эса суҳбатдошига ўзи билан маслаҳатлашиш, фикр алмашишга кўмаклашарди.


Меҳрибон ота ва оилапарвар инсон сифатида у ўзидан нафақат яхши ном қолдирди, балки жамият ва юрт фаровонлиги учун ҳиссасини қўшишга орзуманд 5 нафар фарзандини ҳам ўзининг умри поёнига етгунига қадар бахоли қудрат муносиб тарзда тарбиялаб, вояга етказди.


Ота изидан борган ўғли Шахризод эса ҳозирда Тошкент Молия институти магистратура босқичида таълим олмоқда. Ишонамизки, у ҳам отаси каби ўз касбига садоқатли, ғайрат-шижоатли ва меҳнатсевар ходим сифатида халқ хизматида камарбаста бўла олади.


Олимжон Абдуназаровнинг хушчақчақ ва самимий инсоний қиёфаси яқинлари ва сафдошларининг хотираларида абадий мухрланиб қолади.


Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

277

15Май 2019



Долзарб мавзулар