Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Янгиликлар | Рўйхатга ўтиш

Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси ҳақида

2019 йилнинг 23 июль куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Уни Комиссия раиси М.Абдусаломов бошқарди.


Маълумки, Марказий сайлов комиссияси томонидан “2019 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар Дастури”га мувофиқ ишлар ташкил этилиб, ижроси назоратга олинган.


Кун тартибидаги биринчи ташкилий масала юзасидан Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Гулноза Абдусаттаровна Рахимованинг ўз хоҳишига кўра эгаллаб турган лавозимидан озод этиш тўғрисида берган аризасини қаноатлантириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган, Марказий сайлов комиссияси аъзоси Махмуджон Шухратович Истамовни раис ўринбосари лавозимига сайлаш ҳақида қарорлар қабул қилинди.


Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини қабул қилинганлиги муносабати билан Марказий сайлов комиссиясининг бир қатор Низом ва Йўриқномалари ўз кучини йўқотган деб топилди.


Шунингдек, комиссия қарори билан “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг фаолиятини ташкил қилиш тартиби тўғрисида”ги Низом ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи участка сайлов комиссияларининг фаолиятини ташкил қилиш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланди.


Мажлис кун тартибидаги Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил биринчи ярим йилликдаги фаолияти юзасидан ҳисоботи маълумот учун қабул қилиниб, жорий йилнинг иккинчи ярмига мўлжалланган иш режаси тасдиқланди.


Ўз навбатида, Марказий сайлов комиссияси томонидан тайёрланган “Сайлов қонунчилиги ва замонавий ахборот технологиялари бўйича тизимли ўқитиш Концепцияси”, “Концепцияни амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар дастури”, “Тренер-экспертлар иштирокидаги сайлов комиссиялари учун ўқув-семинар машғулотлари дастури”, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлари сайловини ўтказувчи сайлов комиссиялари аъзоларини ўқитиш бўйича эксперт-тренерлар рўйхати” тасдиқланиб, Марказий сайлов комиссиясининг сайлов қонунчилиги ва замонавий ахборот технологиялари бўйича Ўқув марказига сайлов комиссиялари аъзолари ва сайлов жараёнларининг бошқа иштирокчиларини сайлов қонунчилиги ва замонавий ахборот технологиялари бўйича тизимли ўқитишда Концепция доирасида қатъий чора-тадбирлар дастурига мувофиқ самарали натижадорликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш вазифаси белгиланди.


Шу билан бирга, сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш юзасидан тегишли мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда жойлардаги ижроия ҳокимияти органларига юборилган топшириқлар ижроси бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар муҳокама этилди.


Мажлисда Марказий сайлов комиссияси ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Марказий сайлов комиссияси 

Матбуот хизмати

278

23Июль 2019



Долзарб мавзулар