Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Янгиликлар | Рўйхатга ўтиш

Сайловга оид билимларни оширишда интерфаол ёндашув

Шу йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига навбатдаги сайлов бўлиб ўтади.


Мазкур сиёсий жараёнларни адолат тамойиллари асосида юқори савияда ташкил этиш ва ўтказилишида, табиийки, сайлов участкалари фаолларининг ҳам алоҳида ҳиссаси бор. Чунончи, сайловларда бевосита қатнашадиган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг ташкилий назорат гуруҳлари раҳбарлари, Адлия вазирлигининг вилоятлар бошқармалари, туман-шаҳар бўлимлари бошлиқлари, ҳудудлардаги сайлов комиссиялари котиблари билим ҳамда кўникмаларини ошириши айни муддаодир.


Шу муносабат билан Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ҳамда Тошкент давлат юридик университетида сайлов участкалари фаоллари учун семинар-тренинг ташкил этилди.


— Мазкур тренингдан кўзланган асосий мақсад – жорий йил декабрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларда сайлов комиссияси аъзоларини ўқитиш учун экспертлар ва тренерлар гуруҳини тайёрлаш, уларни сайлов қонунчилигига оид билимларини мукаммаллаштириш, янгиликлардан хабардор қилишдан иборат бўлди. Ҳар қандай тадбирни ўтказишдан олдин унинг дастурини қизиқарли ва интерфаол усуллардан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқиш ва шу асосда машғулотларни ташкил қилиш лозим, — дейди Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Маҳмуд Истамов. — Чунки бугунги сайловчи кўнглидан шунчаки ўтказиладиган расмий тусдаги тадбирлару маърузалар билан жой олиб бўлмайди. Жумладан, илгари комиссия аъзоларига сайловлар олдидан ахборот тақдим этишда мажлислар залида йиғилиб, маъруза ўтилган холос. Энди бу тизимдан воз кечилди. Мисол учун, семинар-тренингда иштирокчилар кичик гуруҳларга бўлиниб, замонавий интерактив технологияларни қўллаган ҳолда машғулотлар ўтишди. Бу ҳар томонла самаралидир.


Маълумотларга кўра, бу йилги сайловларда 16 мингдан ортиқ сайлов участкаси ва сайлов комиссиялари тузилиши режалаштирилган. Уларнинг фаолияти тегишли ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади. Хусусан, шу йилнинг июнь ойида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси тасдиқланди. Кодекс аввалги бешта қонун, йигирмага яқин низом, йўриқномаларни бирлаштириб, яхлит тизимга келтирилган ягона ҳужжатдир. Семинар-тренинглар орқали тингловчиларга мазкур ҳужжатдаги ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.


— Сайловга оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти билан танишдик, — дейди Тошкент шаҳар Учтепа тумани адлия бўлими бошлиғи Отабек Негматов. — Сўнгги пайтларда тизимдаги янгиликлар, хусусан, Сайлов кодекси ҳақида тўлиқ маълумотларга эга бўлдик. Ўйлайманки, семинарда олган билимларимиз ҳудудларда мазкур сиёсий тадбир қатнашчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, округ ҳамда участка сайлов комиссияларининг фаолиятини самарали ташкил этишда қўл келади.


Тренинг якунлари бўйича тингловчиларда сайловга оид қонунчилик ва сайлов жараёнида вужудга келадиган турли масалалар юзасидан зарурий билим ва кўникмалар ҳақида тушунчалар берилиб, сертификатлар топширилди.


Таъкидлаш жоизки, мамлакатнинг барча вилоятларидан ташриф буюрган 400дан ортиқ экспертлар-тренерлар ўқув машғулотларида ўзлаштирган билимлари асосида келгусида ўз ҳудудларида сайлов қонунчилиги ва уни ташкил этиш борасида тренинглар олиб борадилар.


Ҳудудларда жорий йилнинг июль-декабрь ойлари давомида сайлов жараёнининг барча босқичларини қамраб олган ҳолда босқичма-босқич ўқув машғулотларини ўтказилиши давом эттирилади.


(“Халқ сўзи” газетаси, 2019 йил 7 август )

192

07Август 2019



Долзарб мавзулар