Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Янгиликлар | Рўйхатга ўтиш

Сайловларда сиёсий партиялар, маҳаллий кузатувчилар ва ОАВ қандай тартибда ишлайди ?

2019 йил 5 октябрь куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Марказий сайлов комиссиясининг аъзолари, сиёсий партиялар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.


Мажлис кун тартибидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби тўғрисидаги, сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг кузатувчилари тўғрисидаги ҳамда сайлов кампанияси даврида оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш каби масалалар ўрин олди.


593A1762 (2).JPG


Айтиш жоиз сайловолди ташвиқоти депутатликка номзодлар тегишинча Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов ўтказувчи вилоят туман ва шаҳар сайлов комиссиялари томонидан номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланади ва овоз бериш бошланишидан бир кун олдин тўхтатилади.


Сайловолди ташвиқоти ўтказилаётганда депутатликка номзодлар ва сиёсий партияларга бир хил ҳажмдаги эфир вақти ва чоп этиш майдони бепул тақдим этилиши орқали уларга давлат ОАВдан фойдаланишда тенг имконият берилади.


Бепул эфир вақтидан сиёсий партиялар вакиллари ва депутатликка номзодлар оммавий дебатлар, мунозаралар, матбуот анжуманлари, интервью, чиқишлар, сайловчилар йиғилишлари, номзод тўғрисида роликлар жойлаштириш ва ҳоказолар учун фойдаланиши мумкин.



593A1791 (2).JPG



Депутатликка номзодларга ва уларнинг ишончли вакилларига сайловолди ташвиқотини олиб боришда сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш учун тенг шароитлар берилади. Сайловчилар билан учрашувлар номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари томонидан мустақил равишда ўтказилади. Номзод ёки унинг ишончли вакили бошқа номзод ёки унинг ишончли вакили билан биргаликда сайловчилар билан учрашувлар ўтказишга ёхуд бошқа номзод томонидан ташкил этилган сайловчилар билан учрашувларда иштирок этишга ҳақли.


Мажлисда сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг кузатувчилари тўғрисидаги низом ҳам кўриб чиқилди.


Ундаги асосий янгилик, демократик сайловлар бўйича халқаро стандартлар талабларига тўла мос келадиган норма киритилди. Унга кўра, мамлакатимиз демократик сайлов тизимида илк маротаба фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан ҳам кузатувчилар иштирок этиши мумкин бўлди.


Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек, ҳар бир сайлов участкасида сайлов куни овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнларида кузатувчи қатнашиш ҳуқуқига эга. Кузатувнинг мақсади сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шу жумладан сайлов куни овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнларида сайлов қонунчилигига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишдан иборат.


Сиёсий партия аъзоси ёки тарафдори ёхуд сиёсий партияга хайрихоҳ бўлган ҳар қандай Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқароси сиёсий партиядан кузатувчи бўлиши мумкин. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли), унинг ўринбосари, маслаҳатчиси, шунингдек фуқаролар йиғини органларининг бошқа мансабдор шахслари кузатувчи бўлиши мумкин.


Комиссия аъзолари сайлов кампанияси даврида оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тартиби масаласини ҳам кўриб чиқишди. Унга кўра ОАВ вакиллари сайлов кампанияси даврида холис ахборотларни кенг, тезкор ва эркин тарқатиш, шунингдек ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ташкил этиши учун аккредитация қилинади.



593A1760 (2).JPG


ОАВ вакиллари сайлов кампанияси бошланганлиги расман эълон қилинган кундан бошлаб, қоида тариқасида, сайловга камида ўн беш кун қолгунга қадар МСК, вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссияларига уларни аккредитациядан ўтказиш тўғрисида мурожаат қилишлари мумкин.


Мажлисда шунингдек, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи сайлов комиссияларини тузиш натижалари кўриб чиқилди.


Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

93

05Октябрь 2019



Долзарб мавзулар