Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Янгиликлар | Рўйхатга ўтиш

Сиёсий партиялар тақдим этган имзо варақалари экспертлар томонидан текширилади

2019 йил 7 октябрь куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Марказий сайлов комиссиясининг аъзолари, сиёсий партиялар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.


Мажлис кун тартибидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига депутатлар сайловини ўтказувчи сайлов округларини тузиш ҳамда сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлигини текширувчи эксперт гуруҳларини тузиш каби масалалар ўрин олди.


Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш учун бир юз элликта ҳудудий сайлов округи тузилади. Ҳар бир сайлов округидан битта депутат сайланади.


Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича сайлов округлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг тақдимномасига биноан Марказий сайлов комиссияси томонидан тузилади.


Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича сайлов округларининг чегаралари Қорақалпоғистон Республикасининг, вилоятларнинг ва Тошкент шаҳрининг маъмурий-ҳудудий тузилиши инобатга олинган ҳолда, қоида тариқасида, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида сайловчилар сони тенг ҳолда белгиланади.


Маҳаллий Кенгашларга сайлов ўтказиш учун қуйидаги сайлов округлари тузилади:

халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш учун — олтмиштадан кўп бўлмаган сайлов округи;

халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш учун — ўттизтадан кўп бўлмаган сайлов округи. Ҳар бир сайлов округидан битта депутат сайланади.

Сайлов кодексида белгиланган нормалар доирасида маҳаллий Кенгашларга сайлов ўтказиш учун сайлов округлари сони тегишли маҳаллий Кенгаш томонидан аҳоли, сайловчилар сони, ҳудуд ва бошқа маҳаллий шароитлардан келиб чиққан ҳолда белгиланади.


Маҳаллий Кенгашларга сайлов ўтказиш бўйича сайлов округлари тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси томонидан, қоида тариқасида, сайловчилар сони тенг ҳолда тузилади. Сайлов округларининг чегаралари вилоятлар, туманлар ва шаҳарларнинг маъмурий-ҳудудий тузилиши инобатга олинган ҳолда белгиланади.


Сайлов округларини тузишда сайлов округларидаги сайловчилар сонининг йўл қўйиладиган энг кўп четга чиқиши, қоида тариқасида, ўн фоиздан ошмаслиги керак.


Сайлов округларининг рўйхатлари уларнинг чегаралари, сайловчилар сони ва округ сайлов комиссияларининг жойлашган ери кўрсатилган ҳолда сайловдан камида етмиш беш кун олдин тегишли сайлов комиссияси томонидан эълон қилинади.


Мажлисда комиссия аъзолари сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлигини текширувчи эксперт гуруҳларини тузиш масаласини ҳам кўриб чиқишди.


Сиёсий партиялар тақдим этган имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлиги Марказий сайлов комиссияси томонидан беш кунлик муддатда текширилади. Сайловчилар имзолари зарур сонининг камида ўн беш фоизи ва имзо варақаларига имзоларини қўйган сайловчилар тўғрисидаги тегишли маълумотлар текширилиши лозим.


Текшириш учун сайловчиларнинг ҳар бир сиёсий партияни ёхуд Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни қўллаб-қувватлаб берилган имзолари бир хил миқдорда, ҳар бир маъмурий-ҳудудий тузилмадан (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳридан) тенг нисбатда танлаб олинади.


Марказий сайлов комиссияси имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширувчи Эксперт гуруҳини тузиши мумкин. Эксперт гуруҳи таркибига ички ишлар органларининг, адлия органларининг мутахассислари, шунингдек фуқаролик жамияти институтлари вакиллари жалб этилади. Имзо варақаларини текширишда сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари иштирок этади.


Агар Марказий сайлов комиссияси томонидан танлаб олинган имзо варақаларининг чорак қисмидан кўпроғини текшириш натижасида имзо варақалари қонун бузилган ҳолда тузилганлиги аниқланса, мазкур имзо варақалари сиёсий партиянинг ваколатли вакилига қайтарилади ва унга камчиликларни бартараф этиш учун икки кунлик муддат берилади. Агар қўллаб-қувватловчи шахсларнинг (сайловчиларнинг) имзолари сони белгиланган энг кам миқдордан яна оз бўлиб чиқса, мазкур имзо варақалари тўлиғича ҳақиқий эмас деб топилади. Мазкур ҳолда Марказий сайлов комиссияси сиёсий партияга сайловда иштирок этиш ҳуқуқини рад этади.


Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

155

07Октябрь 2019



Долзарб мавзулар