Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Янгиликлар | Рўйхатга ўтиш

Сайловда қатнашишнинг муҳим шарти

Сайловлар — ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятининг узвий белгиси, фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқини амалга оширишнинг асосий шаклларидан биридир.


Эътироф этиш керак, ушбу муҳим сиёсий жараёнларнинг демократик сайловлар ўтказишнинг халқаро стандартларига тўла мос ҳолда шаффоф ва ошкора ўтиши учун юртимизда барча ҳуқуқий қоидалар янада такомиллаштирилди, сайловга оид қонунлар бирлаштирилиб, яхлит Сайлов кодекси қабул қилинди. Бу йил мамлакатимизда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга сайловнинг демократик тамойилларга мувофиқ ўтказилишини кафолатлашда мазкур Кодекс ҳуқуқий асос вазифасини ўтайди.


Бинобарин, ушбу Кодекс 68-моддасида сиёсий партиялар ўзининг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи камида 40 минг сайловчининг имзосини тўплашлари лозимлиги белгиланган. Бунда битта маъмурий-ҳудудий тузилмада (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳри) сиёсий партия қирқ минг сайловчининг кўпи билан саккиз фоизи имзосини тўплаши мумкин.


Айни пайтда ушбу қоидага кўра, сиёсий партиялар ўзларининг ваколатли вакили Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинганлиги ҳақидаги гувоҳномани олгандан кейин сайловчиларнинг имзосини тўплашга киришдилар.


Сайлов кодексидаги яна бир янги норма, яъни унинг 38-моддасига мувофиқ, сайловчилар битта ёки бир неча партияни қўллаб-қувватлаб, имзо варақаларига имзо қўйишга ҳақли.


Сиёсий партияларга қўллаб-қувватловчи имзоларни тўплашда имзо варақаларининг бузиб қўйилиши ёки тўлиқ тўлдирилмаслиги инобатга олинган ҳолда қўшимча имзо варақалари бланкалари ҳам берилди.


Марказий сайлов комиссияси томонидан ҳар бир имзо варақалари бланкаларига сиёсий партиялар логотипларининг жойлаштирилгани партияларнинг аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилинишига хизмат қилади, ўз навбатида, сайловчи қайси сиёсий партияни қўллаб-қувватлаб имзо қўяётганлигини аниқ билади. Шу билан бирга, ушбу бланкага қайси сиёсий партия имзо тўплаганлигини ҳисоблашда ҳам аниқликни таъминлайди.


Сайловчиларнинг имзоларини тўплаш иш, хизмат, ўқиш, яшаш жойида, сайловолди тадбирларида, шунингдек, қонун билан тақиқланмаган бошқа жойларда ҳам амалга оширилади.


Бунда сайловчи имзо варақасига ўз фамилиясини, исмини, отасининг исмини, туғилган йилини, (ёши ўн саккизда бўлса, қўшимча равишда туғилган куни ва ойини), яшаш жойи манзилини, паспортининг серияси ва тартиб рақамини, шунингдек, имзо қўйилган санани кўрсатади.


Имзо варақаси имзони тўплаган шахс томонидан ўз фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилган ҳолда имзоланади, шунингдек, тегишли сиёсий партиянинг туман ёки шаҳар тузилмаси раҳбари томонидан муҳр билан тасдиқланади.


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси cайловида иштирок этиш учун сиёсий партиялар томонидан имзоларни тўплаш ва имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текшириш муҳим аҳамиятга эга.


Марказий сайлов комиссияси имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текшириши учун қирқ минг ва кўпи билан яна 10 фоиз қўшимча имзолар сиёсий партиялар томонидан тақдим этилади.


Сиёсий партиялар тақдим этган имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлиги Марказий сайлов комиссияси томонидан беш кунлик муддатда текширилиб, текшириш ўтказиладиган вақт ва жой ҳақида сиёсий партияларга олдиндан маълум қилинади.


Сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини Марказий сайлов комиссияси томонидан текширилиши жараёнида иштирок этади.


Марказий сайлов комиссияси имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширувчи Эксперт гуруҳини тузиши мумкин. Эксперт гуруҳи таркибига ички ишлар органларининг, адлия органларининг хатшунос экспертлари, мутахассислари, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари жалб этилади.


Эксперт гуруҳи аъзолари имзо варақасининг тўғри тўлдирилганлигига, тузатишларга йўл қўйилганига, ўчириб ёзилган тузатишлар борлигига, турли шахслар томонидан тўлдирилганлигига, ўхшаш имзолар борлигига, тасдиқланган тузатишлар борлигига эътибор берган ҳолда ҳар бир имзо варақасини кўздан кечиради.


Визуал текширувда нуқсонлар ёки шубҳали ҳолатлар аниқланган тақдирда ушбу имзо варақалари махсус асбоблар ёрдамида текшириш учун саралаб олинади.


Агар Марказий сайлов комиссияси томонидан танлаб олинган имзо варақаларининг чорак қисмидан кўпроғини текшириш натижасида имзо варақалари қонун бузилган ҳолда тузилганлиги аниқланса, мазкур имзо варақалари сиёсий партиянинг ваколатли вакилига қайтарилади ва унга камчиликларни бартараф этиш учун икки кунлик муддат берилади.


Сиёсий партиялар томонидан имзо варақаларидаги камчиликлар икки кунлик муддатда бартараф этилмаса ёхуд қўшимча имзо варақалари тақдим этилмаса, барча топширилган имзо варақаларидан ҳақиқий деб топилганлари инобатга олинади.


Марказий сайлов комиссиясига камчиликлари бартараф этилиб (қўшимча тўпланиб), тақдим қилинган имзо варақалари тўлиқ текширилади ва уларнинг ҳақиқий деб топилганлари аниқланади.


Текширув якунлангач, сиёсий партияни қўллаб-қувватлаб берилган имзо варақаларини тақдим этган ҳар бир сиёсий партия бўйича Эксперт гуруҳи томонидан Имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текшириш якунлари тўғрисида хулоса тузилади. Хулосанинг нусхаси сиёсий партиянинг ваколатли вакилига топширилади. Эксперт гуруҳи хулосалари Марказий сайлов комиссияси томонидан тегишли қарор қабул қилиниши учун асос бўлиб хизмат қилади.


Эксперт гуруҳининг хулосаси асосида Марказий сайлов комиссияси сиёсий партияга Қонунчилик палатаси сайловида иштирок этишга ижозат бериш ёки сиёсий партия томонидан тақдим қилинган ҳужжатлар қонунчилик талабларига мувофиқ келмаганлиги учун Қонунчилик палатаси сайловида қатнашиш ҳуқуқини рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.


Мазкур жараён сиёсий партиянинг сайловчилар ўртасида тутган ўрни ва нуфузини белгиловчи тадбир бўлиб, партия ходимларининг сайлов қонунчилигини амалга оширишда қай даражада аниқ ва пухта иш олиб борганлигини кўрсатади.


Хулоса ўрнида айтганда, сиёсий партия томонидан имзо варақаларининг тўлдирилиши сиёсий партия электорати ва сайловчиларнинг ижтимоий фаоллигини оширишда ҳамда ушбу сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишини таъминлашда муҳим ўринга эга.


Худоёр МАМАТОВ,

Марказий сайлов комиссияси

Котибият раҳбари.

( 5.10.2019, Халқ сўзи газетаси)

74

05Октябрь 2019



Долзарб мавзулар