Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Янгиликлар | Рўйхатга ўтиш

Эътибор ва эъзоздан миннатдормиз

“Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 19-моддасида саломатлигининг ҳолати ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмайдиган сайловчилар участка сайлов комиссиясига тегишли илтимос билан мурожаат этиш ҳуқуқига эга экани, комиссия овоз беришни ана шу сайловчилар турган жойда ташкил этиши шартлиги белгилаб қўйилган.

 

Пойтахтимизнинг Яккасарой туманидаги 635-участка сайлов комиссиясига ўз сайлов ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятини яратиб беришни сўраб мурожаат қилган 40 нафар фуқаронинг илтимослари қаноатлантирилди.

 

Муқимий номидаги маҳаллада яшовчи 93 ёшли Аҳмаджон ота Раҳимжонов улардан бири. Сайлов куни участка сайлов комиссияси вакиллари отахоннинг уйига сайлов қутисини олиб бориб, овоз беришни ташкил этди.

 

– Мамлакатимизда кексаларни қадрлаш ва эъзозлашга қаратилган ижтимоий ҳимоя сиёсати амалга оширилмоқда, – дейди 635-участка сайлов комиссияси раиси Нилуфар Ҳасанбоева. – Ушбу инсонпарвар сиёсат бугунги сайлов жараёнида яққол тасдиғини топмоқда. Аҳмаджон отага ўз фуқаролик бурчини адо этиши учун қулай имконият яратдик.

 

Мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат, фуқаролик жамияти қуриш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида ижтимоий адолат ва барқарорликни сақлашга, нуроний отахон ва онахонлар, кўп болали, кам таъминланган оилалар, етим ва ногиронлар, пенсионерлар манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

 

– Умрим давомида кўп сайловларда қатнашдим, – дейди Аҳмаджон ота. – Собиқ тузум даврида битта номзод қўйилиб, шуни сайлаш шарт эди. Энди сайловлар кўппартиявийлик, муқобиллик асосида ўтказилмоқда. Ҳар бир сайловчига Ватанимиз, халқимизнинг келажаги учун кимга ишонч билдиришни эркин танлаш имкони берилган. Биз каби нуронийларга сайловда иштирок этиш учун қулай шароит яратилаётганидан жуда хурсандман. Бу ҳам ёши улуғ инсонларга эътибор, ҳам овоз беришда тенг ҳуқуқлиликнинг таъминланишидир. Яратганга шукрки, шундай дориломон замонда, адолатли давлатда яшаш насиб этди. Юртимиздан тинчлик, хотиржамлик, хайру барака аримасин!

 

Дилшод Каримов, ЎзА

7055

29Март 2015



Долзарб мавзулар