Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Янгиликлар | Рўйхатга ўтиш

Ўзбекистондан кузатувчилар Озарбайжон Республикаси Миллий Межлиси сайловида

Озарбайжон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитасининг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Матбуот хизмати раҳбари Н.Нурматов ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Т.Каримов МДҲ кузатувчилари миссияси таркибида Озарбайжон Республикаси Миллий Межлисига  шу йил 1 ноябрь куни бўлиб ўтган сайловни кузатишда иштирок этишди.

 

Озарбайжон Республикаси Конституциясининг 84-моддасига асосан ҳар бир чақириқ Озарбайжон Республикаси Миллий Межлиси сайлови ҳар беш йилда ноябрь ойининг биринчи якшанбасида ўтказилади. Озарбайжон Республикаси Сайлов кодексининг 143-моддасига мувофиқ Миллий Межлиснинг 125 нафар депутати мажоритар сайлов тизими асосида бир мандатли сайлов округлари бўйича беш йил муддатга сайланади.

 

Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш Марказий сайлов комиссияси, 125 та округ ва 5547 та участка сайлов комиссиялари томонидан амалга оширилди.

 

Сайловда 15 та сиёсий партиялар, ўз ичига 7та сиёсий партияни бирлаштирган «Азадлиг-2015» блоки, мустақил номзодлар ва ўз ташаббуси билан кўрсатилган номзодлар иштирок этди. 125 та депутатлик мандати учун 767 нафар номзод кураш олиб борди: сиёсий партиялардан – 278 нафар, сиёсий партиялар блокидан – 20 нафар, фуқаролар ташаббускор гуруҳларидан – 2 нафар, ўз ташаббуси билан – 467 нафар.

 

Овоз бериш сайлов куни соат 8.00 дан соат 19.00 га қадар амалга оширилди. Марказий сайлов комиссиясининг маълумотларига кўра сайловчилар рўйхатига 5 миллион 198 минг 658 сайловчи киритилиб, уларнинг 2 миллион 897 минг 188 нафари, яъни 55,7 фоизи овоз беришда иштирок этди.

 

Сайлов жараёнини 503дан зиёд хорижий ва 57 мингдан ортиқ маҳаллий кузатувчилар кузатиб борди. Рўйхатга олинган номзодлар, номзодлари рўйхатга олинган сиёсий партиялар ва сиёсий партиялар блоки «Азадлиг-2015» бир нафардан ўз вакилини тегишли сайлов комиссиялари таркибига маслаҳат овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган комиссия аъзоси сифатида юбориш имконига эга бўлди.

 

Хорижий кузатувчилар орасида қарийб 40 та халқаро ташкилот ва 57 та чет эл давлатларининг, шу жумладан Европарламент, Европа Кенгаши Парламент Ассамблеяси, МДҲ, МДҲ Парламент Ассамблеяси, хорижий давлатларнинг парламент делегацияларининг вакиллари бўлди. Шунингдек, сайлов мониторингида сайлов участкаларидан чиқишда сайловчилар ижтимоий сўровини ўтказиш (экзит-полл) бўйича ихтисослашган бир неча халқаро ташкилотлар ҳам қатнашди.

 

Сайлов кампаниясини мониторинг қилиш доирасида МДҲ кузатувчилари миссияси вакиллари Баку, Гянджа, Сумгаит шаҳарларида, Абшерон, Габалин, Исмаил, Сальян, Самух, Нефтчалин, Шамкир туманларида 1070 та сайлов участкаларига ташриф буюрди, сайлов комиссияларининг ишлари билан танишди.

 

Миллий Межлис сайловининг дастлабки натижаларига асосан «Ени Озарбайжон» («Янги Озарбайжон») партияси парламентда 70 та ўринга эга бўлди. Мустақил номзодлар 42 та сайлов округидан сайланди. Фуқаролик бирдамлиги партиясидан 3 нафар, бошқа 10 та партиядан бир нафардан депутат сайланди.

 

Қонунчиликка асосан Марказий сайлов комиссияси овоз бериш кунидан кейин 20 кундан кечирмасдан округ сайлов комиссияларининг баённомаларини текширади ва 48 соат мобайнида уларни Конституциявий судга тақдим қилади.

 

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

16912

04Ноябрь 2015



Долзарб мавзулар