Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Кўзатувчи | Рўйхатга ўтиш

Дунё матбуоти Ўзбекистонда бўлиб ўтган сайловлар ҳақида

2009 йил 27 декабр куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига бўлиб ўтган сайловлар дунё оммавий ахборот воситаларининг асосий 
мавзуларидан бирига айланди.

Хусусан, Россиянинг “ИТАР-ТАСС” ахборот агентлиги сайловларнинг эркин тарзда, барча қоидаларга риоя қилинган ҳолда ва сайлов қонунчилигига асосан бўлиб ўтгани ҳақида ёзади. Агентлик МДҲ ва Россия миссиясидан кузатувчи сифатида иштирок этган Владимир Портяковнинг “Сайловларни ташкил этиш яхши йўлга қўйилган, бундан кўриниб турибдики, улкан тайёргарлик ишлари олиб борилган. Мен эрта саҳардан сайлов участкасига бордим. Барча участкаларда қонунда белгиланган талаблар бажарилган, хусусан, сайловчилар рўйхатлари жойлаштирилган, барча зарур ҳужжатлар тайёрланган, овоз бериш жараёнининг ўзи ҳам тегишли талабларга мувофиқ ташкил этилган”, деган сўзларини айнан келтиради.

МДҲ ва Украина миссияси кузатувчиси Анатолий Кинахнинг фикрига кўра, овоз бериш жуда яхши ташкил этилган, сайловларнинг ўзи эса “янада самарали сифатга эга бўлган, инсонлар турмуш даражасини оширишга йўналтирилган ҳукуматни барпо этишга имкон яратади”. “Ўзбекистон сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиришлар, менинг назаримда, ижобий, ахир демократик давлатда ҳокимият халққа тегишли бўлади, Ўзбекистон ҳам шу мақсад сари бормоқда”, дея хулоса қилади А. Кинах.

Овоз бериш куни МДҲ миссиясининг 84 нафардан иборат вакиллари Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрида кузатув олиб боришиб, 98 та сайлов округидаги 787 та сайлов участкасида бўлишди.

Россия массмедиасининг яна бир улкан вакили — “Вести” овоз беришнинг бориши ҳақида тўхталар экан, халқаро кузатувчи сифатида Тошкент шаҳри, Жиззах ва Хоразм вилоятларидаги сайлов участкаларида бўлган МДҲ миссияси кузатувчилари Ижроия қўмитаси раҳбари, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси раиси Сергей Лебедевнинг мулоҳазаларини келтиради. “Вести”нинг таъкидлашича, кузатувчилик фаолияти якунлари ҳақида С. Лебедев Ўзбекистондаги парламент сайловлари “Пухта ва ҳар томонлама тайёргарликлар асосида бўлиб ўтди”, дея қайд этади. Кузатувчи “Фуқароларнинг сайлаш ҳуқуқини амалий жиҳатдан таъминлаш мақсадида сайлов тизими тўлалигича халқаро андозаларга жавоб берадиган тарзда ташкил этилди”, дейди. МДҲ Ижроия қўмитаси раисининг қайд этишича, депутатликка номзодлар дастурларида “Мамлакат келажаги учун хизмат қиладиган кўплаб жиҳатлар ва йўналишлар ўз аксини топган. Муносиб номзодларни сайлаш Ўзбекистоннинг янада гуллаб-яшнаши ва халқ фаровонлигининг ошиши учун ёрдам беради”.

ИнфоШОС ахборот-таҳлилий порталининг бош муҳаррири Т. Синицина “Ўзбекистон демократия самарасини кўрмоқда — сайлов ҳуқуқи” сарлавҳали мақоласида “Мамлакат бу йилги сайлов жараёнларига ғоят пухта ва масъулият билан, сайлов процедурасининг бор ҳажмини бутунлигича такомиллаштирган ва жараёнларни либерализация қилган ҳолда тайёргарлик кўрди. 2008 йилда қабул қилинган “Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунга асосан, 2009 йил декабр ойида бўлиб ўтган сайловлар мамлакатни демократик янгилаш ва модернизация қилиш борасидаги ислоҳотларни чуқурлаштиришда муҳим босқич вазифасини ўтайди”, дея қайд этади. Муаллифнинг фикрига кўра, бу Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Дунёнинг кўпгина давлатлари эркин фуқаролик жамиятига асрлар давомида тўпланган тажриба ва демократик анъаналарнинг ривожланиши асосида келишган. Биз ҳам ана шундай жамият барпо этишни орзу қиламиз ва шунга интиламиз”, деган сўзларини тасдиқлайди.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 27 декабр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий ҳокимият вакиллик органларига сайловларда иштирок этиш учун келган сайлов участкасидаги чиқишида маданий тарздаги баҳслашувни қўллаб-қувватлашини билдирди, дея қайд этади Россиянинг “Новости” ахборот агентлиги. “Халқимиз бугунги сайлов олдинги сайловлардан тубдан фарқ қилишини яхши билади. Сайловчи нафақат ўзи танлаган номзодга, балки ўша номзод аъзо бўлган сиёсий партияга ҳам овоз бермоқда, партиянинг ғояларига ишонч билдирмоқда. Шундай экан, ҳар қайси партия ўз зиммасига қандай масъулият олаётганини яхши англамоғи лозим”.

Ўзбекистондаги муҳим сиёсий жараёнларга Хитойнинг “Синхуа” ахборот агентлиги, Хитой Интернет-ахборот маркази, Хитой халқаро радиоси, “Чинавиеw” газетаси каби оммавий ахборот воситалари ҳам алоҳида эътибор қаратишди.

Хусусан, “Синхуа” ахборот агентлиги “2009 йил 27 декабр куни Ўзбекистонда парламент сайловлари бўлиб ўтди. Ўзбекистоннинг қуйи палатаси беш йил муддатга сайланган 150 депутатдан иборат. 135 нафар депутат фуқароларнинг тўғридан-тўғри сайловлари асосида сайланади, қолган 15 депутат Ўзбекистон экологик ҳаракати томонидан унинг олий органи — Конференция орқали сайланади” мазмунидаги хабарни тарқатди.
Шунингдек, Хитой ахборот агентлиги Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг мамлакатнинг амалдаги тўртта сиёсий партияси — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, “Миллий тикланиш” демократик партияси ва “Адолат” социал-демократик партиясига парламентнинг қуйи палатасига сайловларда иштирок этишга рухсат бергани ҳақидаги баёнотига эътибор қаратади. Сайловчилар рўйхатига Ўзбекистоннинг 17 миллион 215 минг 700 нафар фуқароси киритилган. Сайловларда 36 давлат ва тўртта халқаро ташкилот — ЕХҲТ, ШҲТ, МДҲ ва ИКТ миссияларидан жами 300 га яқин кузатувчи иштирок этди”.

Хитой марказий телевидениеси (CCТВ) ўз томошабинлари эътиборига 135 та сайлов округи ҳамда қарийб 8,5 мингта сайлов участкасида 15 миллион 108 минг нафардан ортиқ сайловчи овоз беришда иштирок этгани, Ўзбекистоннинг хорижий давлатларда ўқиётган ва фаолият юритаётган фуқаролари ҳам муносиб номзодлар учун ўз овозларини беришгани — дунё бўйлаб 44 та сайлов пункти ташкил этилгани ҳақидаги маълумотларни ҳавола этди. Шунингдек, CCТВнинг қайд этишича, “Янги сайлов қонунчилигига кўра, парламентнинг қуйи палатаси депутатлари сони 120 нафардан 150 нафарга оширилди. Улардан 135 нафар депутат кўп партиявийлик асосида ҳудудий округлардан сайланади. Қолган 15 ўринда — парламентда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари ўтиради. Овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг ярмидан кўп овозини тўплаган номзод ғолиб бўлади”.

Мамлакатнинг хитой тилида нашр этиладиган “Женмин Жибао” газетасида Ўзбекистоннинг қуйи палатаси 5 йил муддатга сайланадиган 150 нафар депутатдан иборатлиги ҳақида сўз юритилади. 135 нафар депутат фуқароларнинг тўғридан-тўғри сайловлари асосида сайланади, қолган 15 депутат Ўзбекистон экологик ҳаракати томонидан унинг олий органи — Конференция орқали сайланади.

Хитойнинг “Lookwe” журнали МДҲ Ижроия қўмитаси раиси С. Лебедевнинг Ўзбекистон демократик сайловлар ўтказиш учун жуда кўп тадбирларни амалга оширгани ҳақидаги сўзларини келтиради. “МДҲ Ижроия қўмитаси миссияси Ўзбекистонда илгари бўлиб ўтган сайловларда ҳам иштирок этган. Миллий сайлов қонунчилиги сезиларли даражада яхшиланган. У фуқароларнинг эркин хоҳиш билдиришини кафолатлайди ва ўзида демократия талабларини мужассам этади. Сайловларда иштирок этиш учун шунчалик кўп миқдордаги хорижий ва халқаро кузатувчиларнинг келиши Ўзбекистонга бутун дунёда катта қизиқиш борлигини кўрсатади”, деди жумладан у.

Озарбойжоннинг “Тренд Неwс” ахборот агентлиги Ўзбекистонда ўтказилган бу галги парламент сайловлари ҳақида сўз юритиб, халқаро кузатувчи сифатида мамлакатимизда бўлган Озарбойжон парламенти — Миллий Мажлиснинг ижтимоий сиёсат қўмитаси раиси Ҳоди Ражаблининг сўзларини келтиради. “Мен кузатувчи сифатида борган барча сайлов участкаларида сайлов жараёни юқори савияда ташкил этилгани яққол кўзга ташланади. Бунга фақат пухта тайёргарлик натижасида эришиш мумкин. Фуқаролар барча саволларга участка комиссиялари аъзоларидан батафсил жавоб олишди. Сайловчилар фаол ва эркин овоз бердилар. Мен Ўзбекистоннинг сайлов қонунчилиги ва сайловларга оид бошқа ҳужжатлар, шунингдек, уларга киритилган ўзгартишлар билан танишдим. Улар нафақат халқаро меъёрларга мос келади, балки сайловчиларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинган демократик тамойилларни ҳам ўзида акс эттиради. Сайлов жараёни барча оммавий ахборот воситаларида, жумладан, Интернетда ҳам кенг ёритилмоқда. Овоз бериш жараёни юзлаб халқаро кузатувчилар ва хорижлик журналистлар томонидан кузатиб борилгани, парламент сайловларининг очиқ ва ошкоралигини таъминлайди”, деди Озарбойжон парламенти аъзоси.

Ҳ. Ражаблининг сўзларига кўра, Ўзбекистон экологик ҳаракатининг ташкил этилиши ва унга Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 15 та депутатлик ўрнининг ажратилиши мамлакатда атроф-муҳит муҳофазаси билан боғлиқ масалаларга катта эътибор қаратилаётганидан далолатдир. Мақола сўнгида парламент аъзоси хулоса қиладики, “Ўзбекистон барча соҳаларда ўзи учун энг тўғри — тадрижий йўлни танлади, шу боис мамлакат тараққиётида изчиллик ва барқарорлик кузатилмоқда. Президент Ислом Каримов томонидан амалга оширилаётган узоқни кўзлаган оқилона сиёсат замирида донолик, сабр-тоқат, ўзаро ҳурмат каби инсоний сифатлар ётади”.
2009 йил 28 декабрда мазкур мавзуга бағишланган бошқа бир мақолада МДҲ Ижроия қўмитаси раиси С. Лебедевнинг сўзларига таянган ҳолда “Тренд Неwс” шундай дейди: “Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Кузатувчилар миссияси 2009 йил 27 декабр куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига бўлиб ўтган сайловлар Ўзбекистон Конституцияси, мамлакатда амал қилаётган сайлов қонунчилиги ва демократик сайловларни ўтказишнинг умумеътироф этилган меъёрларига мувофиқ равишда ўтказилган, деб ҳисоблайди”.

“Миссия сайловлар очиқ ва ошкора тарзда ўтказилганини эътироф этган ҳолда, сайловлар фуқаролик жамиятининг сиёсий етуклик даражаси юқори эканидан, сайловчилар ўз хоҳиш-иродасини эркин ва очиқ ифода эта олганидан далолат беришини таъкидлайди. Миссия мамлакатда сайловларнинг эркин ва демократик тарзда ўтказилишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни ижобий баҳолайди. Хусусан, мамлакатда миллий сайлов қонунчилиги такомиллаштирилган”, деди С. Лебедев.
2009 йил 28 декабр куни Қозоғистоннинг “КАЗИНФОРМ” ахборот агентлиги ШҲТ миссияси раҳбари Шерали Жононовнинг фикр-мулоҳазаларини ҳавола қилди. Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайловлар давомида ШҲТ кузатувчилари томонидан ҳеч қандай қонунбузарлик ҳолатлари аниқланмаган.

Ш. Жононовнинг сўзларига кўра, ШҲТ Кузатувчилар миссияси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловлар очиқ, ошкора тарзда, Ўзбекистон сайлов қонунчилигига ва халқаро талабларга мувофиқ равишда ўтказилган, деб ҳисоблайди. Миссия раҳбарининг эътироф этишича, ШҲТ кузатувчилари сайловда қатнашаётган тўртта сиёсий партия ва Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан учрашиш имкониятига эга бўлишди, шунингдек, улар ўз хоҳишларига кўра Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятидаги сайлов участкаларида бўлишди. “КАЗИНФОРМ” Ш. Жононовнинг “Сайловлар жараёнида ҳеч қандай шубҳали қонунбузарликлар кўзга ташланмади”, деган сўзларини айнан келтиради.
Бирлашган Араб Амирликларининг “WАМ” ахборот агентлиги 2009 йил 27 декабр куни сайловларнинг бориши тўғрисида қуйидаги мазмундаги ахборотни чоп этди: “Бугун Ўзбекистон парламенти қуйи палатасига сайлов куни. Ўзбекистонлик сайловчилар 8447 та сайлов участкасида овоз бердилар. Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси М. Абдусаломов журналистларга берган интервюсида баён қилганидек, мамлакатнинг 15 миллиондан ортиқ фуқароси овоз бериш жараёнида қатнашган. Унинг айтишича, сайловлар осойишта вазиятда, ҳеч қандай қонунбузарлик ҳолатисиз ўтказилган”.

2009 йил 28 декабрда “Асия ал-Вуста” ахборот агентлигининг араб тилидаги интернет саҳифасида “Ўзбекистонда парламент сайловлари кузатувчиларнинг фаол иштирокида ўтказилди” сарлавҳали мақола жойлаштирилган. Унда Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистондаги бу галги сайлов жараёни ошкора тарзда кечгани ҳақидаги сўзларига алоҳида урғу берилган. Хусусан, агентлик Президент Ислом Каримовнинг “Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга сайловлар кўп партиявийлик ва муқобиллик асосида ўтаётгани мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат шакллангани ва сайлов тизимимиз халқаро нормаларга тўла мос келишининг далолатидир”, деган сўзларини келтирган.

Мақолада, Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси М. Абдусаломовнинг сўзларига таянган ҳолда, сайлов давомида сайловчиларнинг 87,8 фоизи иштирок этгани айтилади. 
Мақола муаллифлари сайловлар қонуний тарзда ўтказилганини қайд этиб, Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайловлар мониторинги 36 давлат ва ЕХҲТ, МДҲ Ижроия қўмитаси, ШҲТ ва Ислом Конференцияси Ташкилоти каби тўртта йирик халқаро ташкилотнинг 300 га яқин кузатувчилари томонидан амалга оширилганига эътибор қаратишган.

“Якшанба куни Ўзбекистонда парламент сайловлари ўтказилди. Мамлакат Марказий сайлов комиссиясининг маълумотига кўра, сайловда иштирок этган фуқаролар сайловчиларнинг салкам 88 фоизини ташкил этди. Сайлов куни Ўзбекистон Президенти И. Каримов таъкидлаганидек, “илгари партиялар сиёсий таъсир ва ҳокимият учун кураш олиб бормаган”, бироқ бу йил парламент қуйи палатасидаги депутатлик ўринлари учун бошланган пойга сайлов жараёнида ҳақиқий рақобат тусини олди”, деб ёзади Американинг “Тhe Nеw Yorк Тimes” газетаси.

“Франcе Пресс” ахборот агентлиги “Президент Ислом Каримов бу галги сайловлар Ўзбекистон “демократик жамиятни қарор топтириш сари одимлаётганини намойиш этмоқда”, дея таъкидлади, — деб ёзади. — Шу нуқтаи назардан, ўтган давр мобайнида, айниқса, 2000 йилдан сўнг қилинган барча ишлар мазкур жараёнга янги туртки берди”.

Япониянинг етакчи ахборот агентлиги “Kiodo Nyus” Ўзбекистонда бўлиб ўтган парламент сайловлари тўғрисида япон тилида мақола чоп этди: «Ўзбекистонда тўртта сиёсий партия иштирокида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига (150 ўрин) сайловлар ўтказилди. Сайловда қатнашганлар сайловчиларнинг салкам 88 фоизини ташкил этди. 2008 йилда қабул қилинган, парламент таркибига киритилган ўзгартишларга мувофиқ, янги парламентда депутатлик ўринлари сони 120 тадан 150 тага кўпайтирилди. Мазкур сайловларни ўтказиш учун мамлакатда 135 та сайлов округи ташкил этилди.

Парламент сайловларидаги яна бир янгилик, бу 15 та депутатлик ўрнининг Ўзбекистон экологик ҳаракатига ажратилиши бўлди.
Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ва Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси каби тўртта сиёсий партияга сайловларда иштирок этишга рухсат берилди. Бу галги сайловларда фақат сиёсий партиялар томонидан илгари сурилган номзодларгина иштирок этишди”.


«Жаҳон» АА.
«Халқ сўзи» газетаси №2 
05.01.2010 сонида чоп этилган

16901

09Январь 2010



Долзарб мавзулар