Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Кўзатувчи | Рўйхатга ўтиш

Умумеътироф этилган халқаро нормаларнинг амалдаги ифодаси

27 декабр куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов жараёнларини хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан келган уч юзга яқин кузатувчи бевосита кузатиб борди. 

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА мухбирлари уларнинг айримлари билан суҳбатда бўлиб, мамлакатимиз сайлов тизими, парламент сайловига тайёргарлик, бевосита сайлов жараёни ҳақидаги фикрларини сўради. 

Лим Жонг Мёнг, “Дипломаси” журнали вице-президенти (Жанубий Корея):

– Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайловнинг дастлабки натижаларига кўра, қирққа яқин сайлов округида депутатликка номзодлар етарлича овоз тўплай олмаган. Шу боис яқин кунларда бундай сайлов округларида қайта овоз бериш ўтказилади. Бу Ўзбекистон Республикасининг сайлов қонунчилиги, амалдаги сайлов тизими умумеътироф этилган халқаро нормалар – демократия, ошкоралик, муқобиллик ва кўппартиявийлик тамойилларига тўлиқ мос келишининг амалдаги тасдиғидир. Айни пайтда бу жараён ҳам жамоатчиликда, ҳам халқаро ҳамжамиятда мамлакатингизнинг сайлов тизимига бўлган ишончни янада оширишга хизмат қилади. 

Ўзбекистонда ўтган овоз бериш жараёнини Тошкент шаҳридаги 288, 297-сайлов участкаларида кузатдим. Уларнинг ҳаммасида ушбу сиёсий тадбирга пухта тайёргарлик кўрилгани яққол сезилиб турибди. Ўзбекистон Республикаси парламенти сайловига оид қонун ҳужжатлари, газета-журналлар, плакатлар, номзодлар ҳақидаги бошқа ранг-баранг маълумотларни деярли барча жамоат жойларида кўриш мумкин. Ўзбекистонда сайлов тизимининг менга ёққан яна бир жиҳати шуки, сайлов куни муайян сабабларга кўра сайлов участкасига кела олмайдиган фуқароларга махсус кўчма қути олиб борилади ва уларга овоз бериш учун имконият яратилади. Инсон манфаатлари ва ҳуқуқларига ҳурматнинг бундай ёрқин ифодасини ҳеч бир мамлакатда учратмаган эдим. 

Абдулқодир Ал-Ҳабибулла, сиёсий ва молиявий таҳлилчи (Саудия Арабистони):

– Марғилон шаҳридаги қатор сайлов участкаларида бўлиб, овоз бериш жараёнларини кузатиб, унинг демократик нормаларга тўла мувофиқ ўтганига ишонч ҳосил қилдим. Сайлов участкаларида сайловчиларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин амалга ошириши учун халқаро талаблар даражасида имконият ва шароит яратилган. Шунинг ўзи Ўзбекистон тараққиётнинг тўғри йўлини танлагани ва бу йўлдан дадил бораётганини кўрсатиб турибди. 

Сайлов куни кўрсатилган номзодлар етарлича овоз тўплай олмаган округларда энг кўп овоз олган депутатликка икки номзод бўйича қайта овоз берилиши мамлакатингизда шаклланган демократик тамойилларнинг амалдаги яна бир ёрқин намунасидир. 

Василий Волков, Россия Федерацияси Марказий сайлов комиссияси аъзоси:

– Кўп мамлакатларда ўтказилган сайловларда кузатувчи сифатида иштирок этганман. Тан олиш керак, мамлакатингизда сайловда кузатувчилар учун барча имконият ва шарт-шароитлар яратилди. Ўзбекистонда парламент сайлови ошкора, демократик нормаларга мос ўтди. Тошкент шаҳри ва вилоятидаги ўн бешга яқин сайлов участкасида бўлиб, сайлов жараёнларини диққат билан кузатдим. Юксак савияда жиҳозланган сайлов участкалари менда ҳавас уйғотди. Сайлов жараёнларида ҳеч қандай камчилик кўрмадим. 

Номзодлар етарли миқдорда овоз тўплай олмаган сайлов округларида қайта овоз бериш ўтказилиши халқаро андозаларга тўлиқ мос келиши баробарида Ўзбекистон сайлов тизимининг нечоғли ишончли, тўғри ва одилона ишлаб чиқилганидан далолатдир. 

Сафо Маҳмуд Ал-Жанабий, “
Orient Consulting & Legal Translation” компанияси бош директори (Бирлашган Араб Амирликлари):

– Демократиянинг муҳим институти бўлган сайлов халқнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириши, сиёсий ҳаётда, жамият ва давлат бошқарувида фаол иштирок этишининг асосий воситасидир. Сайлов куни бир нечта участкаларда бўлдим. Мамлакатингиз парламентига сайлов уюшқоқлик билан ўтказилди. Бунга ҳар бир сайлов участкасида гувоҳ бўлиш мумкин эди. 

Сайловчилар эркин, яширин равишда овоз берди. Шуни алоҳида таъкидламоқ жоизки, мамлакатингизда сайловнинг кўппартиявийлик, муқобиллик асосида ўтгани, ҳар бир фуқаронинг тўғридан-тўғри овоз бериши унинг демократик тамойилларга, халқаро нормаларга мослигидан далолат. 

Пак Му-Жонг, “
Korea Times” газетаси президенти (Корея):

– Номзодлар етарлича овоз тўплай олмаган баъзи сайлов округларида яқин кунларда қайта овоз бериш ўтказилиши Ўзбекистон сайлов тизимининг энг демократик жиҳатларидандир. 

Ўзбекистон Республикасининг сайлов қонунчилиги билан чуқур танишдим. У ҳар томонлама мукаммал ва халқаро андозаларга тўлиқ жавоб беради. Ҳуқуқий замини мустаҳкам бўлгани учун ҳам Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов юқори савияда, қонунийлик, кўппартиявийлик, муқобиллик ва адолат асосида ўтди. Кўплаб участкаларда бўлиб, бунга шахсан тўла ишонч ҳосил қилдим. 

Сайловчилар фуқаро сифатида ўз ҳуқуқини эркин амалга оширди. Бу жараёнда уларга ташқаридан таъсир қилиш, аралашиш ҳолатлари умуман кузатилмади. Депутатликка номзодлар орасида хотин-қизлар вакилаларининг кўплиги ҳам Ўзбекистонда қарор топган демократиянинг энг гуманистик жиҳатларидандир.

УзА

7302

29Декабрь 2009



Долзарб мавзулар