Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Кўзатувчи | Рўйхатга ўтиш

Демократия, муқобиллик ва ошкоралик намойиши

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига 27 декабр куни бўлиб ўтган сайлов жараёнларини хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан келган уч юзга яқин кузатувчилар бевосита кузатиб борди.


Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги — ЎзА мухбирлари уларнинг айримлари билан суҳбатда бўлиб, мамлакатимизнинг сайлов тизими, парламент сайловига тайёргарлик, овоз бериш жараёни ҳақидаги фикрлари билан қизиқди.

Сергей ЛЕБЕДЕВ, МДҲ Ижроия қўмитаси раиси — Ижрочи котиби, МДҲ кузатувчилари миссияси раҳбари:
— Сайлов жараёнларини кузатиш давомида Тошкент шаҳри, Жиззах ва Хоразм вилоятларида бўлдим. Айтишим жоизки, Ўзбекистон Республикаси парламенти сайловига ҳар томонлама пухта ва изчил тайёргарлик кўрилган. Ўзбекистонда фуқаролар сайлов ҳуқуқининг амалдаги ижросини таъминлаш мақсадида халқаро андозаларга тўла жавоб бера оладиган сайлов тизими яратилган.

Ўзбекистоннинг сайловга оид барча қонунлари халқаро меъёрларга мос келиши билан бир қаторда, айрим мамлакатларнинг мазкур йўналишдаги ҳуқуқий ҳужжатларидан мукаммаллиги билан алоҳида ажралиб туради.
Ўзбекистонда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва бу борадаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида экологик ҳаракат ташкил этилиши ва унга Олий Мажлис қуйи палатасида 15 депутатлик ўрнининг берилиши мамлакатингизда экологик вазиятни барқарорлаштириш борасида амалга оширилаётган улкан ислоҳотларга ёрқин мисолдир.

Сайлов барча демократик тамойиллар асосида, очиқ ва ошкора тарзда ўтганига гувоҳ бўлдим. Сайловчилар овоз бериш жараёнида  фаол иштирок этди. Участкаларда сайлов юксак даражада ўтиши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилди. 

Сиёсий партиялар вакиллари, депутатликка номзодлар билан учрашиб, уларнинг сайловолди дастурларини ўрганиб чиқдик. Номзодларнинг дастурларида мамлакат истиқболига хизмат қиладиган кўплаб жиҳатлар ва йўналишлар ўз ифодасини топган. Дастурлардаги йўналиш ва устуворликларнинг бундай ранг-баранглиги улар ўртасидаги соғлом  рақобат  ва ўзига хосликни янада кучайтиради. Муносиб номзодларнинг сайланиши Ўзбекистонни янада равнақ топтириш, халқ фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади. 

Дато Хожи Ван Аҳмад бин ВАН ОМАР, Малайзия сайлов комиссияси раисининг ўринбосари:
— Тошкент шаҳридаги бир нечта сайлов участкаларида бўлиб, парламент сайлови жараёнларини диққат билан кузатдим. Сайловчиларнинг овоз бериш жараёнида фаол иштирок этаётгани мени қувонтирди. Сайлов жараёнларида кўплаб халқаро кузатувчиларнинг қатнашаётгани мамлакатингизда демократияни мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганидан далолатдир. 

Мен Ўзбекистонга сайловдан уч кун олдин келган эдим. Шу боис сайловолди кампаниясини бевосита ва батафсил кузатиш имкониятига эга бўлдим. Тайёргарлик жуда юқори даражада ташкил этилган. 27 декабр куни эрта тонгда Тошкент шаҳридаги 160-сайлов участкасида бўлдим. У ер сайловчилар билан жуда гавжум эди. Сайловчилар учун яратилган қулай шарт-шароит, участкадаги тартиб ва хушмуомалалик менга жуда маъқул бўлди.
Сайлов участкалари зарур жиҳозлар билан таъминлангани — овоз бериш кабиналари, сайлов варақаларини ташлаш учун шаффоф қутилар ва бошқа жиҳатлар сайловчилар учун яратилган қулай шароит ва кенг имкониятлардир. Барча овоз берувчилар номзодларнинг дастури, сайловга оид бошқа маълумотлардан етарлича хабардорлиги сайловга юксак даражада тайёргарлик кўрилганининг тасдиғидир. 

Ҳамди АБУЛАЙНАЙН, Миср савдо-саноат палатаси раисининг ўринбосари:
— Ўзбекистонда сайлов жараёнида демократия ва ошкораликни таъминлаш учун барча шароитлар муҳайё этилган. Мен, айниқса, ўзбек ёшларининг ҳар жабҳада фаоллик кўрсатишга бўлган интилишидан қувонаман. Улар замонавий технологияларни чуқур билади, илмли, бир неча тилларда сўзлаша олади.  
Бугунги кунда дунё ҳамжамиятини жиддий ташвишга солаётган экология муаммоларининг эчимини топишда турли ташаббуслар илгари сурилмоқда. Миллий ва халқаро миқёсда кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Мамлакатингизда бўлиб ўтган сайловда Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасида Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари учун 15  депутатлик ўрни ажратилгани экологик тангликни бартараф этишда илгари сурилаётган улкан ташаббус, деб ўйлайман. Барча жабҳада бўлганидек, экология соҳасида ҳам табиат билан инсон муносабатини тартибга солишда қонунлар муҳим ўрин тутади. экологик ҳаракатдан сайланган депутатлар келгусида бу борадаги ҳуқуқий базани янада такомиллаштиришга, иқтисодий механизмларни ривожлантиришга муносиб улуш қўшади, албатта. 

Манабу
ШИМИЗУ, Тайкё университети профессори (Япония):
— Мамлакатингизга кўп марта келган бўлсам-да, сайлов жараёнларида илк бор кузатувчи сифатида иштирок этяпман. Ўзбекистон Республикасининг сайловга оид ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлари билан танишиб чиқдим. Айтишим жоизки, мазкур қонуний ҳужжатлар ва унга киритилган ўзгартиришлар инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган барча зарур жиҳатларни қамраб олган.
Мамлакатингиз тўғри ва аниқ мақсадга йўналтирилган тараққиёт йўлини танлаган. Ўзбекистонда юритилаётган оқилона иқтисодий сиёсат самараси ўлароқ, юртингиз халқаро молиявий-иқтисодий инқироздан азият чекмади.
Ўзбекистоннинг ташқи қиёфаси, структураси ва одамлари замонавийлашиб бораётганига қарамай, бу юрт аҳолиси ўз миллий маданияти ва қадриятларини сақлаб қолган. Бундай ҳолат бошқа юртларда камдан-кам учрайди. Сайлов жараёнларининг самарали ўтиб, халқ фаровонлигини янада юксалтиришга ҳисса қўшувчи муносиб номзодларнинг сайланишига ишонаман.

Кис ЛАДАЖ, “Фонтис” университети профессори (Нидерландия):
— Ташрифим давомида қатор сайлов участкаларида яратилган қулайликлар билан танишишга муваффақ бўлдим. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сонининг 120 тадан 150 тагача оширилгани мамлакатингизда кучли демократик давлат ва эркин фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларга ёрқин мисолдир.
Ўзбекистоннинг сайлов жараёнларида сиёсий партиялар учун тенг имкониятлар яратилгани мамлакатингиз сайлов тизимининг демократик тамойилларга асосланганидан яна бир далолатдир. Биз, кузатувчиларга сайлов жараёнида қулай шароит яратилгани учун Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясидан миннатдормиз.

Алексей
ШЕРСТБОЕВ, “Украина форуми” ижтимоий-сиёсий бирлашмасининг етакчи эксперти (Украина):
— Бухоро ва Навоий вилоятларидаги айрим сайлов участкаларини бориб кўрдим. Сайловга тайёргарлик ишлари юксак савияда ташкил этилган. Сайловчилар учун барча шароит яратилган. Сайлов участкалари аҳоли учун қулай жойларда жойлашгани, барча замонавий технологиялар билан таъминлангани, зарур ускуналар билан жиҳозланган тиббиёт, она ва бола хоналари бунинг тасдиғидир. 
Ўзбекистонда парламент сайловига пухта тайёргарлик кўрилган.

Жан-Пол ФУРНИЕ, Франция илмий тадқиқот миллий марказининг тадқиқотлар гуруҳи директори:
— Ўзбекистонда сайлов тизимининг замон талаблари асосида тўла шакллангани, сайлов тўғрисида халқаро нормаларга жавоб берадиган қонунлар ишлаб чиқилиб, амалда жорий этилаётгани суверен давлатнинг улкан ютуғидир. Сайловчиларнинг эркин, яширин овоз бериши учун барча шароитлар яратилган. Буни мен пойтахтингиздаги бир қанча сайлов участкалари мисолида кўрдим.
Қонунчилик палатасидаги депутатлик ўринлари сони 120 тадан 150 тага кўпайтирилгани партиялар ва фуқаролик жамияти институтларининг демократик янгиланиш жараёнларидаги ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада оширишга хизмат қилади.

Айдин АББОСОВ, Озарбойжон Республикаси Миллий Мажлиси депутати:
— Мен Тошкентдаги 166-сайлов участкасига эрта тонгда келганимда, у ер сайловчилар билан гавжум эди. Халқингизнинг, эрта бошланган иш хайрли бўлади, деган тушунчага амал қилиши, сайловчиларнинг эрталабдан жуда фаоллиги мени жуда қувонтирди. Сайловлар жараёнини диққат билан кузатар эканман, у демократиянинг барча тамойилларига тўлиқ мос келишига ишонч ҳосил қилдим. Мамлакатингизда давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг роли кучайганлиги келажакда юксак самаралар беради. Буни кўп партиявийлик асосида ўтган мазкур сайловлар ҳам кўрсатиб турибди.

Юртингизда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқини, ўз хоҳиш-иродасини эркин ифодалаш, қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш ва ҳимоя қилишни таъминлаш учун барча шарт-шароит, ҳуқуқий асослар яратилган. 

Сайлов участкаларига кела олмайдиган ногиронлар, беморлар ва кексалар учун ҳам қулайликлар яратилгани, сайлов участкаларида ёш болали сайловчилар учун алоҳида хоналар ташкил қилингани мамлакатингизда инсон манфаатларини ва ҳуқуқларини таъминлашга қаратилаётган алоҳида эътиборнинг амалдаги ифодасидир. Мазкур парламент сайлови ғоят самарали бўлиб, халқ ўзи истаган ва ишонган муносиб номзодларни сайлаганига ишонаман. 
Мамлакатингизга ҳар келганимда, улкан ўзгаришларнинг гувоҳи бўламан. Ўзбекистондаги миллий ва замонавий услубни ўзида мужассам этган меъморий обидалар, маданий ёдгорликларни зиёрат қилиб, маънавий озуқа оламан. Юртингизнинг гўзал табиати, боғу роғлари, кенг ва файзли кўчалари кишига улкан завқ бағишлайди. Ўзбекистонга бир марта келган киши яна қайтиб келиш истаги билан яшайди. 

Ели КРАКОВСКИЙ, Жанубий ва Марказий Осиё хавфсизлиги масалалари бўйича эксперт, Ж. Хопкинс университети ҳузуридаги Марказий Осиё ва Кавказ институти катта илмий ходими (АҚ
Ш):
— эрта тонгдан Тошкентдаги 545-сайлов участкасига келиб, Ўзбекистон Республикаси парламенти сайлови жараёнларини диққат билан  кузатдим. Ҳали барвақт бўлишига қарамай, сайловчиларнинг овоз бериш жараёнида фаол иштирок этаётгани мени ғоят қувонтирди. Бу уларнинг мамлакат тақдирига бефарқ эмаслигидан далолат.

Юртингизда сайлов жараёнлари демократик тамойиллар, кўп партиявийлик ва муқобиллик асосида, очиқ ва ошкора руҳда ўтаётганини алоҳида таъкидлашни истардим. Сайлов участкаларида сайловчилар ва кузатувчилар учун барча қулай шароитлар яратилган, жумладан, зарур ускуналар билан жиҳозланган тиббиёт ҳамда она ва бола хоналари ташкил этилган. Бошқа мамлакатларда ўтказиладиган сайловларда бундай юксак савиядаги ташкилий ишлар камдан-кам учрайди. Депутатликка номзодларнинг таржимаи ҳоли ва тарғибот-ташвиқот дастурлари ўзига хос ва турли йўналишларни ўзида мужассам этган. Номзодларнинг дастурлари билан сайловчиларни яқиндан таништириш мақсадида жамоат жойларида — кўчалар, дўконлар, шифохона ва мактаблар каби турли муассасаларда плакатларнинг осиб қўйилгани юртингизда сайлов жараёнларининг демократик руҳда ўтаётганининг яна бир ёрқин ифодасидир. 
Ўзбекистоннинг турли сиёсий партияларидан юзлаб номзодларнинг қатнашиши сайловчиларнинг танлаш имкониятини оширишга хизмат қилади. Депутатликка номзодлар ичида ўнлаб хотин-қизлар вакилларининг борлиги мамлакатингиз сайлов тизимидаги ютуқлардандир. Бу Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишларнинг амалий самарасидир. Мамлакатингизда бу борада эришилган ютуқларга ҳавас қилса, арзийди.

Крунс ХЕЛМУТ, “КРК” қурилиш-саноат компанияси раҳбари (Австрия):
— Ўзбекистон Республикаси парламенти сайлови очиқ-ошкора, кўп партиявийлик, миллий қонунчилик доирасида ва жаҳон андозаларига мос равишда ўтди. Бунга мен Тошкентдаги 125-сайлов участкасида сайлов жараёнини бевосита кузатиб бориш асносида амин бўлдим. Бу жамиятингизда адолат устувор эканидан далолатдир. Сайловчиларнинг эрта тонгдан овоз беришга фаол киришгани, улар учун яратилган кенг ва қулай шарт-шароит, участкадаги тартиб, хайрихоҳлик ва хушмуомалалик менга жуда маъқул бўлди. Буларнинг барчаси фуқароларнинг мамлакат тараққиёти учун масъулиятни ҳис этишидан далолатдир.
Сайловларнинг юқори савияда ўтишида Ўзбекистон фуқароларининг, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва сиёсий фаоллигини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани диққатга сазовор. Бу ёшлар онги-шуурида демократик қадриятларни шакллантиришга катта ҳисса қўшиши, шубҳасиз.
Ўзбекистон мустақилликка эришгач, барча жабҳаларда, жумладан, иқтисодиёт соҳасида улкан ютуқларга эришди. Халқ фаровонлиги муттасил юксалиб, юртингизнинг халқаро майдондаги обрў-еътибори тобора ошмоқда. Бу мамлакатингизнинг танлаган миллий тараққиёт йўли ғоят тўғри эканига яна бир ёрқин мисолдир. 

Станислав МАКАРЕНКО, Россия Ташқи ишлар вазирлигининг МДҲ мамлакатлари департаменти бўлим бошлиғи:
— Тошкент шаҳридаги кўплаб сайлов участкаларида сайлов жараёнини кузатишга муваффақ бўлдим. Шу жараёнда Ўзбекистоннинг миллий сайлов қонунчилиги, халқаро меъёрлар ҳамда демократик тамойилларга зид бирор ҳолат ва ҳаракатга кўзим тушмади. Дам олиш куни бўлишига қарамай, мамлакатингиз аҳолиси сайлов жараёнларида фаол иштирок этаётганини кўрдим. Ота-оналар фарзандлари билан келиб, фуқаролик бурчини адо этгани қувонарли ҳол. Бу эса, албатта, ёшларнинг сиёсий маданиятини ошириш баробарида, сайлов тўғрисидаги билимини янада бойитишга хизмат қилади. 
Сайлов жараёнини кузатишда ўнлаб мамлакатлар, кўплаб халқаро ташкилотлардан вакиллар иштирок этганининг ўзи парламент сайлови очиқ, ошкора, одилона ва халқаро нормаларга мос тарзда ўтганини тасдиқлайди.

Абдулраҳмон АЛ-СЕҲАЙБАНИ, Саудия Арабистони Валюта агентлиги  раҳбари:
— Ўзбекистонда сайлов жараёнларида кузатувчи сифатида биринчи марта иштирок этмоқдаман. Кузатувларим натижасида ушбу сиёсий тадбирга мамлакатда жуда катта тайёргарлик кўрилганига амин бўлдим. Участкаларда сайлов юксак даражада ўтиши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган. 
Сайловчилар эмин-эркин овоз бераётганига гувоҳ бўлдим. Улар билан мулоқотим чоғида ҳеч қандай эътироз ва шикоятлар билдирилмади. 

Дун ЛУНИЗЙАН, Синхуа ахборот агентлиги вакили (Хитой):
— Ўзбекистон фуқаролари миллий сайлов тўғрисидаги қонунчиликдан, депутатликка номзодлар ҳақидаги маълумотлардан яхши хабардор экан. Ҳар қадамда — идоралар ва муассасалар, кўча-кўй, аҳоли гавжум масканларда депутатликка номзодларнинг таржимаи ҳоли, сайловолди дастурлари ҳақидаги плакатларни учратиш мумкин. Буларнинг барчаси парламент сайловининг демократик, очиқлик ҳамда ошкоралик тамойилларига мувофиқ ўтишига ва  сайловчиларнинг номзодларни танлаш имкониятини янада оширишга хизмат қилади. 

Амар Абдулраҳмон Зуннун АЛ-САНЖАРИЙ, “Ал-Баян” марказий нашриёти бюроси раҳбари (Бирлашган Араб Амирликлари):
— Мамлакатингизда парламент сайловларини диққат билан кузатар эканман, у демократиянинг барча тамойилларига тўлиқ мос келишига ишонч ҳосил қилдим. Мамлакатингизни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг иштироки кучайгани демократиянинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади. 
Юртингизда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқини, ўз хоҳиш-иродасини эркин ифодалаш, қонуний манфаатларини таъминлаш учун барча шарт-шароит, ҳуқуқий асослар яратилган. 

Су Сок ХУНГ, Корея Республикаси кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик федерацияси қўмитаси ҳамраиси:
— Ўзбекистон фуқаролари парламент сайловида фаол иштирок этди. Бу уларнинг мамлакат келажагига бефарқ эмаслигидан далолатдир. Депутатликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти ва дастури билан сайловчилар атрофлича танишгани сезилиб турибди. 
Бир қатор сайлов участкаларини кузатишим натижасида Ўзбекистонда сайловга тайёргарлик борасида ўрнак олса арзигулик жиҳатларни кашф қилдим. Сайлов участкаларида сайловчилар учун яратилган қулайликлар — зарур ускуналар билан жиҳозланган тиббиёт, она ва бола хоналари ҳамда бошқа шарт-шароит шулар жумласидандир. Бундай юксак савиядаги ташкилий ишларни бошқа  мамлакатда учратмаган эдим. 
Ўзбекистон — улкан иқтисодий салоҳиятга эга мамлакат. Юртингизда хорижлик ишбилармонлар учун яратилган қулай сармоявий муҳит, кенг имконият ва имтиёзлар кореялик ишбилармонларнинг Ўзбекистон билан ҳамкорликка қизиқишини тобора оширмоқда. Мамлакатингиз иқтисодиёти бундан кейин ҳам барқарор ривожланишига ишонаман.

Янис УРБАНОВИCҲ, Латвия Сейми “Келишув маркази” сиёсий бирлашма фракцияси раиси:
— Парламент сайловининг юксак демократик тамойиллар асосида ўтганини алоҳида таъкидламоқчиман. Бу борада кўплаб мамлакатлар Ўзбекистондан ўрнак олса, арзийди. 
Сайлов участкаларидаги ходимларнинг тезкор ва аниқ ишлагани диққатга сазовор. Бир нечта сайлов участкаларини кўздан кечирдим, уларнинг фаолиятига ҳавасим келди.

Абдул МАЛИК, Покистон парламенти сенатори:
— Ўзбекистондаги ривожланиш жараёнларини диққат билан кузатиб бораман. Ўзбекистонда парламент сайловларининг ўтиши, сайловчиларнинг эркин овоз бериши учун яратилган қулайликлар менда катта таассурот қолдирди. Жиззах вилоятида овоз бериш жараёнини кузатишларим асосида айтишим мумкинки, сайловлар Ўзбекистон Конституцияси ва халқаро меъёрлар асосида ўтди. Мамлакат парламентидан Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари учун 15 депутатлик ўрнининг ажратилгани муҳим ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга ва ибрат олишга лойиқ. 

Аджай ПАТНАИК, Ж. Неру номидаги университет профессори (Ҳиндистон):
— Ўзбекистондаги сайлов тизими йилдан-йил такомиллашиб бораётир. Бу йилги парламент сайлови ҳам халқаро демократик меъёрлар асосида ўтди. 
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 9-Андижон сайлов округи ва бир қатор участкаларда бўлиб, овоз бериш жараёни билан яқиндан танишдим. Барча сайлов участкаларида сайловчиларнинг фаоллиги, айниқса, ёшларнинг кўтаринки кайфияти эътиборимни тортди. Сайловчилар муносиб номзодларга овоз бериши учун барча шароит яратилган. 
Ҳар бир депутатлик ўрнига Ўзбекистондаги тўрттала сиёсий партиядан ҳам номзод кўрсатилгани сайловнинг муқобиллик ва соғлом рақобат муҳитида ўтишини таъминлади.

Ўзбекистонда истиқлол йилларида амалга оширилган ўзгаришлар, хусусан, Андижон шаҳридаги бунёдкорлик ишлари мени ҳайратга солди. Заҳириддин Муҳаммад Бобур вояга этган бу қутлуғ шаҳарни зиёрат қилганимдан жуда мамнунман.

Мурод КАРРИЕВ, Туркманистон Марказий сайлов комиссияси раиси:
— Бир неча кундан бери сайловга тайёргарлик ишларини ва овоз бериш жараёнини кузатдим. Юқори даражадаги тайёргарлик ва фуқароларнинг ўта фаоллигини бошқа давлатларда учратиш қийин. Одатда бундай сиёсий тадбирларга баҳо берилганда, халқаро стандартлардан келиб чиқилади. Ўзбекистонда ўтган сайлов бундай стандартларга тўла жавоб беради.
Халқнинг саломатлиги, фаровонлигини кўзлаб Ўзбекистон экологик ҳаракатининг ташкил этилгани, бу ҳаракат вакилларидан 15 нафарига парламентдан ўрин ажратилаётгани эътиборга сазовор. Бундай ташаббус Марказий Осиё давлатлари ичидан биринчи бўлиб Ўзбекистондан чиққани ҳам табриклашга арзигулик ҳолат. Бошқа давлатлардан келган кузатувчилар мендан Туркманистонда шундай ҳаракат бор-йўқлигини сўрашди. Бу Ўзбекистоннинг ташаббуси эканлиги ва қўшни давлатлар ҳам бундан ўрнак олса ажаб эмаслигини айтдим.  

Таъкидлаш жоизки, тинчлик, фаровонлик бор жойда яхши ташаббуслар бўлади. Ўзбекистон эришаётган муваффақиятлар бу, албатта, Президент Ислом Каримовнинг узоқни кўзлаб юритаётган оқилона сиёсати натижасидир.

Анатолий САВCҲУК, Беларус Республикасидаги ўзбек маданий-амалий ҳамкорлик маркази кенгаши раҳбари:
— Бухоро шаҳридаги бир неча сайлов участкаларида бўлганимда,юртингиз ёшларининг фаоллиги эътиборимни тортди. 
Илгари ҳам Ўзбекистонда бўлганман. Қисқа вақт ичида юртингиздаги шаҳар ва қишлоқларнинг янада чирой очганини кўрдим. Бу изчил ва барқарор тараққиётнинг ёрқин ифодасидир. 

Алпер ТАН, эксперт, Туркиянинг “Канал-А” телевизион канали халқаро таҳлилчиси:
— Сайлов жараёнини кузатар эканман, фуқароларнинг эркин, яширин тарзда овоз бериши учун зарур шарт-шароит яратилганига гувоҳ бўлдим. Пойтахтингизнинг Ҳамза туманидаги 339-сайлов участкасида овоз берувчиларга яратилган қулайликлардан кўнглим тўлди. Тўғриси, фуқароларнинг бунчалик фаоллигини кутмагандим. Уларнинг юз-кўзларидаги ифодаларида ўз юртининг тараққиётига бўлган юксак ишончни ҳис этдим.
Юртингизга илк бора келишим. Тошкентнинг гўзаллиги, озодалиги катта таассурот қолдирди. Барча меъморий иншоотларда оқилона ечим ва тартиб бор. Буларнинг барчаси Ўзбекистон раҳбариятининг халқ манфаати йўлида олиб бораётган изчил ишларининг натижасидир. 

Қувондиқ ТУРГАНКУЛОВ, Қозоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси: 
— Сайловга тайёргарлик жараёнини аввалдан интернет ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали кузатиб турдим. Тошкентга келишимиз билан Марказий сайлов комиссияси, округ ва участкаларда бўлиб, тайёргарлик жараёнини ўз кўзимиз билан кўриб, ҳақиқатан ҳам, юксак даражада ташкилий ишлар амалга оширилганига гувоҳ бўлдик. Фуқароларнинг катта қизиқиш, кўтаринки кайфиятда овоз бераётганини кузатдим. Уларга ташқаридан бирор таъсир ёки бошқа ноқонуний ҳолатларни умуман учратмадим. Барча сиёсий партиялардан кузатувчиларнинг иштирок этаётгани ҳам сайловнинг адолатли ўтказилишида муҳим омил бўлгани шубҳасиз.
Ўзбекистонда жаҳон андозалари даражасидаги демократик сайлов тизими аллақачон қарор топган. Сайлов қонунчилигининг тобора такомиллашаётгани, жамиятда либераллаштириш сиёсатининг муваффақиятли амалга оширилаётгани бунга замин яратган.

Рокко АБРАМ, “Ўзбекистон — Италия” ассоциацияси раҳбари (Италия):
— Сайловгача Ўзбекистон сайлов қонунчилиги билан яқиндан танишиб, шунга амин бўлдимки, улар халқаро андозалар, демократия тамойиллари билан бирга, Шарқ халқларига хос инсонпарварлик ва бағрикенглик тамойилларига ҳам таянади. Айниқса, хотин-қизлар ва ёшларнинг ушбу жараёнда фаол иштирокини таъминлашга қаратилган эътибор жуда қувонарли. Юртингиз сайлов қонунчилигига кўра, сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган депутатликка номзодларнинг камида ўттиз фоизи хотин-қизлардан иборат бўлиши белгилаб қўйилгани эътиборлидир. 
Сайлов участкаларидаги тайёргарлик ҳам бизни қониқтирди. Сиёсий партияларнинг вакиллари ва кузатувчилар, журналистлар учун участкаларда барча шарт-шароитлар яратилгани, тиббий хизмат, оналар ва болалар хоналарининг ташкил этилгани эътиборимизни тортди. Бу ҳам мамлакатингизда ёш авлод камолоти, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга кўрсатилаётган ғамхўрликдан далолат. Кузатувларим давомида ўрганиш лозим бўлган кўпгина жиҳатларни белгилаб олдим.

Чан БИН, “Россия, Марказий Осиё ва Шарқий Европа тадқиқотлари” журнали бош муҳаррири (Хитой): 
— Хива шаҳридаги 110-сайлов округи ва унинг таркибидаги сайлов участкаларида бўлиб, Ўзбекистонда мазкур сиёсий жараён электоратнинг юксак фаоллиги билан ўтаётганига ишонч ҳосил қилдим. Кўп партиявийлик ва муқобиллик асосига қурилган сайлов тизими халқаро демократик тамойилларга ҳар томонлама мос келади. 
Шу ўринда Ўзбекистон билан Хитой ўртасида ўзаро савдо-иқтисодий ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик алоқаларининг мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида таъкидлашни истардим. Икки халқ ўртасидаги дўстона муносабатлар янада ривожланишига ишонаман.

Ширен АКИНЕР, халқаро кузатувчи (Буюк Британия): 
— Сайловни  юқори савияда ўтказиш учун сайлов участкаларида барча шароит яратилганига гувоҳ бўлдик. Бу Ўзбекистонда демократик тамойилларга мос сайлов тизими шаклланганидан далолат беради.

Ҳар бир партия ўзининг сайловолди дастурига эга. Партиялар ўртасида олиб борилаётган курашни ҳалол рақобат маҳсули, дейиш мумкин. Депутатликка номзодларнинг тарғибот-ташвиқот ишлари  кўнгилдагидек йўлга қўйилган. Сайловчиларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш имкониятлари тўлиқ таъминлангани фуқароларнинг бу жараёнда уюшқоқлик билан қатнашишида муҳим омил бўлмоқда ва уларда демократик сайловга катта қизиқиш борлиги яққол сезилиб турибди. 
Ёшларнинг сайловда фаол иштирок этаётганини алоҳида эътироф этиш керак. Улар катта қизиқиш билан овоз бераётгани юрт тақдирига, келажагига бефарқ эмаслигини англатади. Сайлов участкаларида бирон ноқонуний ҳолатга дуч келмадик. Сайловчилардан эътироз тушгани йўқ.

Висенте Лорез-Ибор МАЙОР, “Естудио Журидиcо интернатионал” юридик компанияси президенти, Европа комиссиясининг давлат хариди қўмитаси аъзоси (Испания):
— 27 декабр куни Тошкент шаҳридаги бир қатор сайлов участкаларида бўлиб, овоз бериш жараёнини кузатдим. Сайловга барча участкаларда мақтовга сазовор даражада тайёргарлик кўрилган. Сайловчиларга жуда яхши шароитлар яратилган. 15 дан ортиқ участкада сайловчилар билан мулоқотда бўлдим. Бирорта ҳам ноқонуний ҳолатга дуч келмадим. 

Сайлов участкаларининг, асосан, таълим муассасаларида жойлашганидан фойдаланиб, ўша даргоҳлар фаолияти, уларда ёшларга яратилган шарт-шароитлар билан ҳам танишдим. Айниқса, касб-ҳунар коллежларининг муҳташам бинолари, замонавий ахборот-технологиялари билан таъминлангани катта таассурот қолдирди. Ўзбекистон Миллий университетидаги талабаларнинг таълим олиши, маданий ҳордиқ чиқариши учун яратилган имкониятлар мени ҳайратлантирди. Ёшлар ҳам шундай эътиборга мос тарзда ўта фаол, мамлакат ҳаётидаги сиёсий жараёнга бефарқ эмас. 

Қуттиқадам СЕЙДАХМЕТ, “Мисл” ижтимоий-сиёсий журнали бош муҳаррири, сиёсатшунос (Қозоғистон):
— Ўзбекистонда муҳим сиёсий жараён — парламент сайлови демократик андозаларга мос тарзда жуда муваффақиятли ўтказилди. Сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодларнинг халқ манфаатига хизмат қиладиган, аниқ мақсадга қаратилган дастури мавжудлиги, сайловчиларнинг бундан яхши хабардорлиги ва овоз берувчиларга тўкис шароит яратилгани аҳолининг бу тадбирда фаол иштирокини таъминлади. 
Шу ўринда бугунги кунда жаҳонда молиявий-иқтисодий инқироз ҳали барҳам топмаган бир шароитда Ўзбекистоннинг иқтисодий аҳволи қўшни давлатларга қараганда анча яхши эканини айтмоқчиман. Президент Ислом Каримов узоқни кўзлаб, тараққиётга хизмат қиладиган ислоҳотларни амалга оширмоқда. Ўзбекистонда етти турдаги енгил автомобил, микроавтобуслар, трактор, самолётлар ишлаб чиқарилаётганининг ўзи катта муваффақиятдир. МДҲ давлатларида юритилаётган сиёсат, уларнинг иқтисодий аҳволи ҳақида мақолалар ёзганимда, Ўзбекистонни бошқаларга ибрат қилиб кўрсатишга ҳаракат қиламан.


«Халқ сўзи» газетаси № 250 
29.12.2009 й. сонида чоп этилган

УзА

23384

29Декабрь 2009



Долзарб мавзулар