Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Кўзатувчи | Рўйхатга ўтиш

Парламент сайловига ҳамма нарса тайёр

2014 йилги сайловларни ёритиш бўйича Республика матбуот марказида Ўзбекистонда аккредитациядан ўтказилган дипломатик корпуслар, халқаро ташкилотларнинг раҳбарлари, хорижий кузатувчилар, мамлакатимиз ва чет эл оммавий ахборот воситалари вакиллари учун шу йил 21 декабрь куни бўлиб ўтадиган парламент сайловига тайёргарлик кўришнинг боришига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

 

Унда, шунингдек, МДҲ ва ЕХҲТ ДИИҲБнинг сайловларни кузатиш бўйича миссиялари вакиллари иштирок этди.

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси М. Абдусаломов Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича қилинган ишлар тўғрисида батафсил ахборот берди.

 

2014 йилги сайлов кампанияси ҳам ўзининг мантиқий ниҳоясига етмоқда – бир неча кундан сўнг, 21 декабрь куни Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа – мамлакатимиздаги чуқур демократик ўзгаришларнинг инъикоси бўлган давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов бўлиб ўтади.

 

Қайд этилганидек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов бўйича сайлов кампанияси сифат жиҳатидан янги ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий шароитда такомиллаштирилган сайлов қонунчилиги, умумэътироф этилган халқаро стандартлар ва демократик талаблар асосида ўтмоқда.

 

Сайловларни юксак демократик даражада ўтказиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси давлат ва жамоат ташкилотлари билан биргаликда миқёсига кўра катта тайёргарлик ишларини амалга оширди.

 

Марказий сайлов комиссияси томонидан 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар дастури тасдиқланди. Унда сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш бўйича муҳим талаблар ва мақсадли вазифалар, аниқ вақт кўрсатилган жадвал асосида ўтказиладиган барча тадбирлар белгилаб олинган ва амалга оширилмоқда. Бу сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишни юксак демократик савияда ташкил этиш, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўлиқ амалга ошириш, давлат ҳокимияти органларини шакллантиришда сиёсий партияларнинг фаол иштирокини таъминлаш учун кенг шарт-шароит яратиш имконини берди. Сайлов жараёнларининг очиқ ва ошкоралигини таъминлаш, сайлов қонунчилигини сайловчиларга теран тушунтириш бўйича самарали ишлар ташкил этиш, фуқароларни депутатликка номзодларнинг сайловолди дастурлари, уларнинг ишчанлик ва маънавий фазилатлари билан таништириш, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёни ҳақида сайловчиларнинг хабардорлик даражасини оширишни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилди.

 

Тадбирда қайд этилганидек, Марказий сайлов комиссияси томонидан аккредитациядан ўтказилган хорижий ва мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларининг 340 нафардан зиёд журналистларига сайлов жараёнини ёритишда зарур шароит яратилгани очиқлик, шаффофлик ва ошкоралик тамойилларини амалда таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади. Айни пайтда Ўзбекистонда хорижлик кузатувчилар, жумладан, ЕХҲТ ДИИҲБ ва МДҲ Ижроия қўмитаси кузатувчилари миссиялари қизғин фаолият олиб бораяпти. Яқин кунларда уларга Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси, Ислом ҳамкорлик ташкилоти халқаро кузатувчилари ҳам қўшилади. Бундан ташқари, Марказий сайлов комиссияси томонидан Осиё, Европа, Африка, Американинг 40 давлатидан, шунингдек, МДҲдан 300 нафарга яқин кузатувчи рўйхатга олинди. Уларнинг орасида миллий парламент ва сайлов органлари раҳбарлари ҳамда аъзолари, жамоатчилик ташкилотлари ва ОАВ вакиллари, олимлар ҳамда сиёсатшунослар бор. Қолаверса, округ сайлов комиссиялари томонидан сиёсий партияларнинг 70 мингдан ортиқ кузатувчилари ва ваколатли вакилларига тегишли мандатлар тақдим этилди.

 

Брифинг иштирокчиларига 2014 йилги парламент сайловида Ўзбекистоннинг барча тўрт партияси қатнашиши ҳақида маълумот берилди. Бугунги кунда давом этаётган сайловолди кампаниясида улар сайловчилар овози учун фаол рақобат курашига киришишган.

 

Қайд этилганидек, сайловда Ўзбекистон экологик ҳаракати иккинчи бор иштирок этмоқда. Ўзбекистонда парламентни шакллантиришнинг ўзига хос жиҳатларидан бири Экоҳаракат учун 15 та депутатлик ўрнининг квоталанишидир. Бу эса мамлакатимизда атроф-муҳит муҳофазаси ва аҳоли саломатлигини янада мустаҳкамлашнинг муҳим омилидир. Сайлов куни пойтахтимизда Ўзбекистон экологик ҳаракатининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутатларни сайлаш бўйича конференцияси бўлиб ўтади.

 

Юртимиздаги сайловолди кампанияси жараёнлари шу кунларда бутун дунё нигоҳида. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик миссиялари томонидан мамлакатимизда бўлиб ўтадиган парламент сайлови ҳақида кенг кўламли тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Чунончи, Озарбайжон, Бельгия, Германия, Исроил, Испания, Италия, Ҳиндистон, Хитой, Корея Республикаси, Латвия, Малайзия, Франция, АҚШ, Туркия, Швейцария, Японияда оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинглар ташкил этилди. Шулар қаторида Мадрид, Пекин, Шанхай, Куала-Лумпур, Сеул, Новосибирск, Анқара, Токио каби ўнлаб шаҳарларда ижтимоий-сиёсий ва эксперт-таҳлил доиралари иштирокида давра суҳбатлари, илмий семинарлар ҳамда учрашувлар ўтказилди.

 

Ҳозирги пайтда барча сайлов участкалари овоз бериш учун шай ҳолатга келтирилган. Улар зарур инвентарлар, алоқа ҳамда техника воситалари, ҳуқуқий адабиётлар билан тўлиқ таъминланган. Сайлов комиссиялари аъзоларининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, сайлов қонунчилигига киритилган янгиликлар билан таништириш мақсадида мамлакатнинг барча ҳудудида туркум семинарлар ўтказилди. Махсус ажратилган хоналарда яширин овоз бериш кабиналари тўлиқ жиҳозланиб, сайлов қутилари ўрнатилган. Участка сайлов комиссиялари томонидан қарийб 20,8 миллион нафар фуқаронинг исм-шарифи киритилган сайловчиларнинг тўлиқ рўйхати тузилган. Сайловчилар овоз бериш вақти ҳамда жойи ҳақида хабардор қилинган.


Сайлов куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси соат 13.00, 17.00 ва 22.00 да ўтказиладиган брифингларда кенг жамоатчиликни овоз бериш жараёни ҳақида бохабар этади. Эртаси куни сайловнинг дастлабки натижалари эълон қилинади.


Брифинг якунида унинг иштирокчилари журналистларга интервью берди.

 

Қобил ХИДИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.


Сўз – брифинг иштирокчиларига

Евгений КОЗЯК,

МДҲ Ижроия қўмитаси маслаҳатчиси:

 

– Ўзбекистонда демократик ислоҳотлар самарадорлигини янада юксалтириш йўналишида амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар эътиборга моликдир. 21 декабрь – якшанба куни мамлакатингизда бўлиб ўтадиган сайловда миссиямиздан 70 нафардан зиёд кузатувчилар иштирок этади. Штабимиз уларнинг ишини мувофиқлаштириб, зарур материалларни тайёрлайди. Вакилларимиз имкон қадар барча ҳудудларда бўлишига ҳаракат қиламиз.


Ўзбекистонда ҳаққоний демократик ва холис сайловларни ўтказиш борасида жуда кўп ишлар олиб борилди. МДҲ миссияси кузатувчилари аввалги сайловолди кампанияларида ҳам ҳозир бўлганди. Айтиш жоизки, миллий сайлов қонунчилиги сезиларли даражада такомиллаштирилди ва халқаро талабларга тўлиқ жавоб беради. Фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифодалаш кафолатлари кучайтирилгани бунга бир мисолдир. Миссиямиз вакиллари Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Тошкент, Фарғона ва Самарқанд вилоятларидаги сайлов участкаларида яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. Қайд этиш лозимки, тайёргарлик ишлари диққат-эътибор билан олиб борилган. Участкалар сайловга ҳар томонлама тайёр.

 

Биз муддатидан олдин овоз бериш жараёнини кузатиб, у қонунларга қатъий риоя этилган ҳолда ўтказилганига гувоҳ бўлдик.

 

Лариса ЮШКЕВИЧ,

МДҲ Ижроия қўмитаси бўлим бошлиғи:

 

– Мен Фарғона, Тошкент, Самарқанд вилоятларидаги сайлов участкаларига бордим. Алоҳида қайд этишим жоизки, Ўзбекистонда сайловга тайёргарлик кўриш йўлида улкан ташкилий ишлар амалга оширилган. Участкалар кенг ва шинам. Кўчаларда депутатликка номзодларнинг плакатлари, сайловда иштирок этишга чақирувчи шиорлар осилган. Участка сайлов комиссияси аъзоларининг аксарияти ёшлар эканлиги диққатга сазовор. Улар билан мулоқотимиз асносида сайлов қонунчилиги, ўз мажбуриятларини жуда яхши билишларига ишонч ҳосил қилдик. Бунинг учун Марказий сайлов комиссияси томонидан семинар-тренинглар ўтказилгани ҳам эътиборга моликдир.

 

Менга маъқул яна бир жиҳат сайлов участкаларида биринчи марта сайловда қатнашадиган ёш фуқароларнинг рўйхати илиб қўйилгани бўлди. Асосан, ўқитувчилардан иборат участка сайлов комиссияси аъзолари улар орасида тушунтириш ишларини олиб борган.


Бу Ўзбекистондаги сайловларда биринчи иштироким эмас. Амин бўлдимки, ўтган даврда юртингизда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўла-тўкис таъминлаш учун демократик талабларга тўлиқ жавоб берадиган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилган. Ўйлайманки, бу овоз бериш жараёни ҳамда сайловлар якунида яққол намоён бўлади.

 

Фумихико КАТО,

Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:

 

– Ўзбекистон мустақиллик йилларида барча соҳада улкан ютуқларга эришди. Аҳоли фаровонлиги юксалиб бораяпти, мамлакатнинг жаҳон миқёсидаги нуфузи ўсмоқда. Бундай кенг кўламли ислоҳотлар юксак эътирофга лойиқ, албатта. Конституция ва сайловга оид қонунларга киритилган ўзгартиш ҳамда қўшимчалар билан танишдим. Шу асосда фуқароларнинг яширин овоз бериши учун янада қулай шароитлар яратилган, сайловчилар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари кучайтирилган. Буларнинг барчаси сайловларнинг юксак ташкилотчилик руҳи ва даражасида ўтказилишига хизмат қилади.


Сайловларда юртимиздан ўндан зиёд кузатувчилар қатнашади. Уларнинг орасида профессорлар, сиёсатчилар, иқтисодчилар бор. Кези келганда қайд этмоқчиманки, ўтган ҳафтада Японияда ҳам очиқлик, ошкорлик, транспарентлик тамойилларига амал қилган ҳолда парламент сайлови якунига етди.


Ишонаманки, Ўзбекистонда ҳам сайловлар ҳаққоний тарзда, соғлом рақобат асосида бўлиб ўтади.


Масуд МАННАН,

Бангладеш Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:

 

– Бугун ўзбекистонликлар сайлов кайфиятида яшамоқда. Мамлакатингизда кўппартиявийлик тизими самарали фаолият юритаяпти. Бу эса фуқароларга сайлаш муқобиллигини таъминлаётир. Бўсағада турган сайлов давлат равнақи учун жуда муҳимдир. Зеро, бу инсон ҳуқуқлари муҳофазаси, фуқароларнинг сиёсий билимдонлиги ва фаоллиги масаласига дахлдордир.

 

Депутатликка номзодлар орасида аёлларнинг борлиги юртингиз сайлов тизими ютуқларидан бири саналади. Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ, сиёсий партиялар томонидан илгари сурилаётган депутатликка номзодларнинг камида ўттиз фоизи хотин-қизлар бўлиши кераклигидан хабардорман. Бу эса жамиятда уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича рўёбга чиқарилаётган ишларнинг амалий натижасидир. Бинобарин, Ўзбекистоннинг ушбу жиҳатларига фақат ҳавас қилсак арзийди.

 

Жак-Анри ЭЛЬС,

Франция Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:

 

– Мамлакатингизда ўтказиладиган парламент сайлови конституциявий ўзгаришларнинг самараси сифатида демократия йўлидан боришнинг навбатдаги босқичига айланиши, шубҳасиз. Бундай янгиланишлар, жумладан, ҳукумат ва жойларда ижро ҳокимияти устидан назоратни кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Ислоҳотлар жамиятда сиёсий партиялар, ҳар бир фуқаронинг ролини, Марказий сайлов комиссияси каби органлар фаолияти мустақиллигини кучайтириш учун зарурдир. Бундай ўзгаришлар демократиянинг чуқур илдиз отиши кафолатидир.


Ўтаётган йилда Франция ва Ўзбекистон парламентлари ўртасида бу борада қатор самарали алоқалар олиб борилди. Мамлакатингиз билан икки томонлама муносабатларнинг юқори даражада эканлиги мазкур соҳадаги ҳамкорлик, шунингдек, икки давлат халқлари ўртасидаги дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш имконини беради.

 

Сунь ЛИЦЗЕ,

Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:

 

– Бугунги брифингда яқинда бўлиб ўтадиган умумхалқ сайловига тайёргарлик кўриш жараёни, айни чоғда муҳим якуний босқичга кирган сайлов кампаниясининг бориши ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлдик. Ўзбекистонда сайлов кампанияси мамлакатингиз Конституцияси, миллий қонунчилигига мувофиқ давом этмоқда. Сиёсий партиялар ва депутатликка номзодлар учун сайлов кампанияси даврида оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишлари учун тенг шароитлар яратилган. Юртингизда халқаро кузатувчилар институти қонуний мустаҳкамланган. Бу эса сайлов тизимини янада такомиллаштириш учун янги имкониятлар беради. Марказий сайлов комиссияси таклифига биноан, Ўзбекистонга халқаро кузатувчилар келди. Уларнинг орасидан Хитой Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Хитой ижтимоий фанлар академияси, Шанхай ижтимоий-сиёсий доираси вакилларидан иборат хитойлик кузатувчилар гуруҳи ҳам ўрин олган. 21 декабрь куни улар сайлов участкаларида сайлов жараёнларини бевосита кузатадилар. Ҳаммасига ўзлари гувоҳ бўлиб, холис баҳоларини билдирадилар. Ўзбекистонда сайловлар муваффақиятли ўтишига ишонаман.

 

Муҳаммад Нур Усмон Юсуф БАЛҚАР,

Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлигининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:

 

– Авваламбор, Ўзбекистон халқи ва раҳбариятини яқинлашиб келаётган сайловлар билан табриклайман. Ишончим комилки, бу мамлакатни янада янгилаш ҳамда демократлаштириш, фуқароларнинг келажак учун ишонч билдириши йўлидаги навбатдаги муҳим қадам бўлади. Ўз навбатида, жаҳон стандартларига тўла жавоб берадиган парламентни янада ривожлантиришда мазкур сиёсий жараённинг ўрни катта. Фуқаролар аниқ дастурий мақсадларига эга, ислоҳотларга ҳар томонлама дахлдор ва камарбаста бўла оладиган номзодларни сайлаши, шубҳасиз. Зеро, овоз бериш ҳуқуқи ва сўз эркинлиги демократик тараққиётнинг муҳим шартидир. Кузатувчи ҳамда элчи сифатида мамнуният билан таъкидламоқчиманки, сайлов жараёнлари амалдаги қонунчилик ва халқаро ҳуқуқий ҳужжатларга қатъий риоя қилинган ҳолда олиб борилаяпти. Бу давлатингиз раҳбари томонидан ҳаётга татбиқ этилаётган демократик ислоҳотлар нақадар оқилона ва тўғри эканлигининг яққол тасдиғидир. Ўзбекистон яқин келажакда илғор ривожланган ҳуқуқий демократик давлатлар сафидан жой олишига тўлиқ аминман.


Саиджон МАХСУМОВ,

Зиёда АШУРОВА,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

14595

18Декабрь 2014



Долзарб мавзулар