Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Кўзатувчи | Рўйхатга ўтиш

Демократия, тинчлик ва осойишталик – тараққиёт омили

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига 21 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловларни кузатиш учун юртимизга келган хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари мамлакатимиз сайлов қонунчилиги, сайлов участкаларидаги шароитлар билан танишмоқда. ЎзА мухбирлари уларнинг айримлари билан суҳбатлашди.

 

Чжан Цзили, Шанхай чет тиллари университети декани (Хитой):

 

– Тошкент шаҳридаги 81-сайлов участкасида бўлдик. Сайловга юқори даражада тайёргарлик кўрилган, сайловнинг очиқ ва адолатли ўтиши, фуқароларнинг эркин овоз бериши учун барча шароит яратилган. Сайловчилар сайлов тўғрисидаги қонунчиликдан, депутатликка номзодлар ҳақидаги маълумотлардан яхши хабардор. Сайлов участкаларида уларнинг таржимаи ҳоли, дастурлари хусусида тўлиқ маълумотга эга бўлиш мумкин.

 

Сиёсий партияларнинг сайловолди дастурлари билан танишиб чиқдим. Уларнинг ҳар бири сайловларда ютиб чиқиб, ижро ҳокимиятида ўз ўрнига эга бўлишга интилмоқда. Бу Ўзбекистонда кўппартиявийлик изчил ривожланаётгани, мамлакат ҳаётида сиёсий партияларнинг ўрни ортиб бораётганидан далолат беради. Сайловолди ташвиқоти кенг олиб борилаётгани одамларга муносиб номзодни танлашга ёрдам беради. Бу сиёсий тадбир тенглик, ошкоралик ва демократия тамойиллари асосида ўтказилишига ишонаман.

 

Эдгар Клозе, Бранденбург Технологиялар ва инновацияларни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш институти бошқаруви раиси, профессор (Германия):

 

– Ўзбекистон сайлов қонунчилиги билан танишман. Кейинги йиллардаги ўзгартиш ва қўшимчалар соҳага оид меъёрий ҳужжатларни демократик тамойиллар асосида янада такомиллаштирди. Бу кутилаётган сайловларнинг адолатли ўтишига, фуқаролик жамиятининг ривожланишига хизмат қилади.

 

Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни кузатиб бораман. Мамлакатингизда иқтисодиёт, фан-таълим ва технологиялар соҳаси изчил ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлашни истардим.

 

Бугун дунёда тинч яшашнинг ўзи катта бахт. Ўзбекистонда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик халқингизнинг энг катта ютуғидир. Бундай мамлакатда тараққиёт, демократия бўлади. Одамлар эртанги кунга ишонч билан қарайди. Аҳолининг сайлов жараёнига қизиқиши, сиёсий билимдонлиги ва фаоллиги шундан бўлса керак.

 

Дэн Петерсон, Сиэтл университети вакили, Сиэтл-Тошкент биродарлашган шаҳарлар уюшмаси президенти (АҚШ):

 

– Мустақиллик йилларида Ўзбекистон барча жабҳаларда катта муваффақиятларга эришди. Ҳар келганимда юртингизда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётганига, барча соҳаларда тараққиёт давом этаётганига гувоҳ бўламан. Мамлакатингиз қиёфаси тубдан ўзгариб бормоқда.

 

Мамлакатингизнинг сайловга оид қонунлари менда катта таассурот қолдирди. Хотин-қизлар сиёсий партиялардан кўрсатилган депутатликка номзодлар умумий сонининг ўттиз фоизидан кам эмаслиги юртингизда аёллар қадри баланд эканидан далолат беради. Парламент фаолиятида атроф-муҳит муҳофазаси масалалари билан шуғулланадиган Экологик ҳаракатнинг мавқеи юқорилиги ҳам ўрнак олса арзигуликдир.

 

Тошкент шаҳридаги бир нечта сайлов участкаларида бўлиб, сайлов жараёнларига жуда пухта тайёргарлик кўрилганига, сайловчиларнинг эркин ва фаол овоз бериши учун барча шароит ва имкониятлар яратилганига гувоҳ бўлдим. Сайлов участкаларида ташкил этилган она ва бола хоналарини кўриб, ғоят таъсирландим. Ҳар бир участка сайловга оид қонун ҳужжатлари, тегишли қўлланмалар билан таъминланган.

 

Муҳаммад Жаъфар Сиддиқ, ёзувчи, публицист (Индонезия):

 

– Президент Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатни демократлаштириш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ўз самараларини бермоқда. Бу сиёсий партияларнинг сайловолди курашларида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Ўзбекистондаги сиёсий партиялар ўз аъзолари ва тарафдорлари сафини кенгайтираётгани, ҳокимият вакиллик органлари ишларида фаол иштирок этаётгани эътиборга молик.

 

Ўзбекистон Марказий Осиёдаги етакчи давлат. Ўзбекистон танлаган тараққиёт йўли – “ўзбек модели” бугун мамлакатингизнинг ҳар соҳада юксак натижаларга эришишида муҳим омил бўлаётир. Ушбу машҳур модель бозор муносабатларига асосланган ҳуқуқий демократик давлат қуриш стратегияси сифатида Ўзбекистон тараққиётининг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланди.

 

Жерард Лангедижк, халқаро кузатувчи (Нидерландия):

 

– Ўзбекистонда сайловчилар ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги ишлар, сайловга доир қонунлар, сиёсий партияларнинг ва депутатликка номзодларнинг сайловолди ташвиқотлари билан яқиндан танишмоқдаман. Сайловнинг очиқ ва ошкора ўтишини таъминлаш мақсадида участкаларга барча сиёсий партиялардан, хорижий мамлакатлар ва нуфузли халқаро ташкилотлардан кузатувчилар жалб этилгани диққатга сазовор.

 

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ва агросаноат ривожлангани ҳақида эшитган эдим. Юртингизга келиб гувоҳ бўлдикки, бу соҳа тараққиёти Нидерландиядагидан қолишмас экан. Фермерларга кенг имтиёзлар яратилгани, қайта ишлаш саноати изчил ривожланаётгани бизни қувонтирди.

 

Янг Бо, халқаро кузатувчи (Хитой):

 

– Ўзбекистонда ҳар бир фуқаро миллати, дини, ижтимоий келиб чиқиши ва жинсидан қатъи назар, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга экани жуда эътиборлидир. Бу мамлакатингизда инсон ҳуқуқлари таъминланганидан, ижтимоий тенглик қарор топганидан далолат беради.

 

Тараққиётнинг “ўзбек модели” ўзининг ҳаётийлиги ва самарадорлигини оқлади, десак, ҳеч муболаға бўлмайди. Бу Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот барқарор ўсиб бораётгани, аҳоли турмуш даражаси тобора юксалаётганида яққол намоён бўлмоқда. Мазкур моделни яратишда халқаро андозалар билан бир қаторда миллий менталитет омиллари ҳам инобатга олингани жуда муҳим аҳамиятга эга.

 

Ўзбекистонда маҳалла институти ғоят пухта шакллангани ва фаол иш юритаётгани, уларнинг жамият ҳаётидаги роли ошиб бораётгани кўплаб мамлакатлар учун ўрнак бўла олади.

 

Нодира Манзурова, Ирода Умарова, ЎзА

14271

18Декабрь 2014



Долзарб мавзулар