Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Кўзатувчи | Рўйхатга ўтиш

Ўзбекистондаги сайловлар – тараққиёт мезони

Ўзбекистонга парламент сайловларини кузатиш учун халқаро кузатувчилар келиши давом этмоқда.

Дэн ПЕТЕРСОН, Сиэтл университетининг илмий тадқиқот дастурлари координатори, “Сиэтл – Тошкент” биродарлашган шаҳарлар ассоциацияси раиси (АҚШ):

 

– Авваламбор, Ўзбекистонда бизни ёруғ юз билан кутиб олишгани учун миннатдорман. Мамлакатингизга учинчи марта келишим. Ҳар сафарги ташрифимда ёқимли ўзгаришлар, барқарор тараққиёт суръатларининг гувоҳи бўламан, қолаверса, янгидан-янги бунёдкорлик дурдоналарига кўзим тушади. Қувонарлиси, бундай янгиланишлар биродар шаҳримиз – Тошкентнинг кўркига кўрк қўшиб, уни тобора обод этаяпти.

 

Кузатувчи сифатида Тошкент шаҳридаги бешта сайлов участкаси фаолиятини бориб кўрдим. Уларнинг барчаси катта сиёсий-ижтимоий жараён учун шай ҳолатга келтирилган. Зарур моддий-техника базаси, ҳуқуқий адабиётлар билан таъминланган. Сайловчиларнинг рўйхати шакллантирилган. Яширин овоз бериш кабиналари жиҳозланиб, қутилар ўрнатилган. Ўз навбатида, участкаларга бириктирилган малакали мутахассислар сайлов қонунчилигидан чуқур хабардор. Ҳар қадамда депутатликка номзодлар ҳақидаги маълумотлар, плакатлар, овоз беришга чақирувчи шиорларга кўзингиз тушади. Бу ҳам сайловга кўрилаётган қизғин тайёргарлик, сиёсий партиялар ўртасидаги соғлом рақобат кўламини кўрсатиб турибди.

 

Мириам ГОМ,

ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси кузатувчилар миссияси вакили (Франция):

 

– Наманган вилоятидаги округ сайлов комиссиясига борганимизда, бу ерда сайловга катта тайёргарлик кўрилганига гувоҳ бўлдик. Барча шарт-шароитга эга бинода иш қизғин. Ҳамма участкалар тахт ҳолатга келтирилган. Бунга 44-Тўрақўрғон сайлов округидаги 371-сайлов участкасига ташрифимиз давомида ҳам ишонч ҳосил қилдик.

 

Биз сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқоти, аҳоли билан учрашувларини кузатаяпмиз. Қайд этиш керакки, ҳар икки томонга ҳам тенг ҳуқуқ ва имкониятлар берилган. Ўйлаймизки, Ўзбекистон сайлов қонунчилигининг такомиллаштирилгани сайловларнинг илғор демократик мезонлар – ошкоралик, эркин хоҳиш-истак билдириш ва кўппартиявийлик принципларига муштарак тарзда ўтказилишига асос бўлади.

 

Пан ДАВЭЙ,

Шанхай ижтимоий фанлар академияси қошидаги Россия ва Марказий Осиё давлатларини ўрганиш маркази директори (Хитой):

 

– Шубҳасиз, сайловлар – Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеадир ва хорижнинг қатор давлатлари қаторида бу бизнинг ҳам қизиқишимизни уйғотаяпти. Эътироф этиш керакки, мамлакатингиз ҳуқуқий демократик давлат барпо қилиш йўлидан қатъий бориб, барқарор ривожланаяпти.

 

Академиямиз юртингиздаги қатор илмий муассасалар билан ҳамкорлик қилиб келмоқда, давлатингизнинг Шанхайдаги консуллиги билан алоқалар йўлга қўйилган.

 

Масалан, яқинда фуқаролик жамиятининг ноёб институти – маҳалла фаолияти билан яқиндан бохабар бўлдик. Ўзбекистон бой тарихи, халқнинг кўп асрлик қадриятларини ҳисобга олиб, шунингдек, дунё тенденцияларига ҳамоҳанг тарзда фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлидан бораяпти. Бу мамлакатни демократлаштиришнинг муҳим шартларидан биридир.

 

Бўсағадаги сайловлар мутлақо бошқача шароитларда, янгиланган қонунчиликка биноан ўтказилади. Якшанба куни кузатувчиларимиз гуруҳи сайлов участкаларига бориб, жараённи синчиклаб кузатадилар. Улар муваффақиятли ўтишига ишонамиз.

 

Муҳаммад Жаъфар СИДДИҚ,

ёзувчи, публицист, Индонезия жамоат ва сиёсий арбоби:

 

– Ўзбекистонда олдинги парламент сайловларида ҳам қатнашганман. Шундай буён кўплаб соҳаларда улкан ўзгаришлар содир бўлганини кўриш мумкин. Айниқса, мамлакатингиз Президенти раҳбарлигида босқичма-босқич амалга оширилаётган жамиятни демократлаштириш ва мамлакатни янгилаш жараёнлари янада ривожланиб, янги босқичга кирибди. Хусусан, сайлов якунига кўра энг кўп овоз олган партия Бош вазир номзодини кўрсатади. Бу тамойил эса, шубҳасиз, демократиянинг энг ёрқин кўринишларидан бири саналади.

 

Масато ХИВАТАРИ,

Хоккайдо Университети профессори (Япония):

 

– Қисқа вақт ичида юртингиз катта ютуқларга эришди. Демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш жараёнида Япония билан Ўзбекистон ўртасида кўплаб ўхшаш жиҳатлар бор. Мамлакатингизда сайловчилар учун танлаш муқобиллигини таъминлайдиган кўппартиявийлик тизими самарали фаолият юритмоқда. Яқинлашиб келаётган сайлов фуқаролар ҳаётида муҳим сиёсий воқеага айланиши, фуқаролик жамиятини янада тараққий топтиришга янги туртки бўлиши, шубҳасиз.

 

Жерардус ЛАНГЕДИЖК,

“Mantel Holland BV” компанияси департамент раҳбари (Нидерландия):

 

– Ўзбекистон ҳаётидаги муҳим сиёсий воқеа – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий давлат бошқаруви вакиллик органлари учун сайловларга саноқли кунлар қолди. Тошкент кўчаларида ҳам депутатликка номзодлар ҳақидаги маълумотлар жой олган плакатлар, баннерлар, сайловда қатнашишга чорловчи чақириқларга кўзингиз тушади. Бу мамлакатингизда бўлажак сайловларни ўтказиш масаласига катта масъулият билан ёндашилаётганидан далолатдир. Миллий сайлов қонунчилигини ўрганиб чиқар эканман, юртингизда халқаро талабларга тўлиқ жавоб берадиган сайлов тизими яратилганига ишонч ҳосил қилдим. Уларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар фуқаролар сайлов ҳуқуқини тўла-тўкис таъминлашга хизмат қилади.

 

Жорий йилнинг июнь ойида ўтказилган “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзуидаги халқаро конференцияда иштирок этгандим. Сармоядор сифатида юртингизда бизнес юритиш учун яратилган қулай шарт-шароитлар, экологик муаммоларни ҳал қилишга бўлган муносабат менга жуда маъқул келган. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутатлик ўринларининг 15 таси Ўзбекистон экологик ҳаракати аъзоларига квоталаш асосида берилгани ҳам бу борадаги фикримга бир мисол бўла олади.

 

Нери ЮШВАЕВ-КАВАЛЬЕР,

АҚШ ва Канада Бухоро яҳудийлари Конгресси вице-президенти:

 

– Андижон вилоятидаги сайлов комиссиялари фаолияти билан танишдим. Жумладан, Андижон шаҳридаги умумтаълим мактабларида жойлашган қатор сайлов участкаларида бўлдим. Сайловларга тайёргарлик ҳолати, сайловолди ташвиқот тадбирларининг боришини ўргандим. Сайлов комиссиялари аъзолари депутатликка номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ўтказишга кўмаклашмоқда, сайловда биринчи бор овоз берадиган ёшлар ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Таъкидлаш ўринлики, бу ерда сайловолди кампанияси қонунчиликка мувофиқ ташкил этилган.

 

Саиджон МАХСУМОВ,

Зиёда АШУРОВА,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

11781

19Декабрь 2014



Долзарб мавзулар