Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Кўзатувчи | Рўйхатга ўтиш

Очиқ-ошкора сайловлар – демократик ислоҳотлар самараси

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига 21 декабрь куни бўладиган сайловларни кузатиш учун келган хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар экспертлари, мутахассислар мамлакатимиздаги демократик ислоҳотлар, сайловга кўрилган тайёргарлик билан танишмоқда. ЎзА мухбирлари уларнинг айримлари билан суҳбатлашди.

 

Владимир Чуров, Россия Федерацияси марказий сайлов комиссияси раиси:

 

– Демократик сайловлар мамлакат тараққиёти ва фаровонлигининг муҳим омили. Ўзбекистоннинг мазкур соҳага оид қонунчилигида халқаро андозаларга мос барча зарур жиҳатлар ифодасини топган. Сайловлар кўппартиявийлик, муқобиллик асосида ўтиши Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат шакллангани ва сайлов тизими халқаро нормаларга тўла мос келишидан далолатдир. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига конституциявий орган мақоми берилгани эътиборга сазовор. Бу Марказий сайлов комиссиясининг бошқа ҳокимият органларининг аралашувисиз сайловларга тайёргарлик кўриши ва уларни ўтказишини таъминлайди.

 

Муддатидан олдин овоз берувчилар, саломатлиги ёки бошқа сабабларга кўра сайлов биносига кела олмайдиганлар учун ҳам етарли шароитлар яратилган. Чет элдаги фуқаролар учун Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчихоналарида, жумладан, Россияда ҳам сайлов участкалари ташкил этилган.

 

Биз сайловни Самарқанд ва Бухорода кузатиб борамиз. Ўзбекистоннинг шаҳар ва қишлоқлари қиёфаси кун сайин ўзгариб, аҳоли турмуш даражаси ошиб бораётгани, халқингизнинг миллий маданияти ва қадриятларига ҳурмати юқори экани эътиборга лойиқ. Айниқса, ёшларнинг ҳар жабҳада фаоллигига ҳавасим келди. Улар замонавий технологияларни чуқур эгаллаган, билимли, бир неча тилда сўзлаша олади. Бундай улкан бойликка эга мамлакатнинг келажаги буюкдир.

 

Тьери Мариани, Франция миллий ассамблеяси депутати:

 

– Сайлов руҳи, унга одамларнинг қизиқиши ҳар қадамда намоён. Каттаю кичик сайлов тўғрисидаги қонунчиликдан, сиёсий партиялар фаолиятидан яхши хабардор. Сайловчилар депутатликка номзодларнинг таржимаи ҳоли, сайловолди дастури ҳақидаги маълумотлар билан танишган. Буларнинг барчаси парламент сайловининг демократик, очиқлик ҳамда ошкоралик тамойилларига мувофиқ ўтишига ва сайловчиларнинг номзодларни танлаш имкониятини янада оширишга хизмат қилади.

 

Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишлардан хабардорман. Мисол учун, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайловларда энг кўп депутатлик ўрнини олган сиёсий партия томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди таклиф этилиши тамойили сиёсий партияларнинг ролини янада оширишга хизмат қилади.

 

Президент Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Мамлакатда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга оид концепция асосида қабул қилинган қонунлар Олий Мажлиснинг роли ва аҳамиятини янада кучайтирган. Ижро ҳокимияти органларининг парламент олдидаги масъулиятини оширган.

 

Юртингизга ҳар келганимда улкан ўзгаришларнинг гувоҳи бўламан. Миллий ва замонавий услубни ўзида мужассам этган меъморий обидалар, маданий ёдгорликларни зиёрат қилиб, маънавий озуқа оламан. Гўзал табиат, боғу роғлар, кенг ва файзли кўчаларни кўриб, завқланаман.

 

Ойдин Аббосов, Озарбайжон миллий мажлиси депутати, “Озарбайжон-Ўзбекистон” парламентлараро гуруҳи раҳбари:

 

– Сайловларга юксак даражада тайёргарлик кўрилганининг гувоҳи бўлдик. Мамлакатингиз эришаётган ютуқлар Президент Ислом Каримов томонидан танлаб олинган тараққиёт модели нақадар тўғри эканини яққол исботламоқда.

 

Ўзбек халқига хос бўлган бағрикенглик, илиқлик бу табаррук заминга илк қадам қўйган лаҳзаларданоқ сезилади. Азалдан қардош бўлган халқларимиз ўртасидаги тарихий-маданий алоқалар, дўстона ришталар мустаҳкамланиб бормоқда.

 

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва сайлов қонунчилигида сайлов жараёнини янада демократлаштириш ва эркинлаштириш бўйича белгиланган асосий қоидалар, парламент ва сиёсий партиялар ўрнининг қонуний жиҳатдан кучайтирилгани бизда катта таассурот қолдирди.

 

Рафаэль Некталов, халқаро кузатувчи (АҚШ):

 

– Ўзбекистонга ўн йил олдин келгандим. Мамлакатингизнинг ривожланиш динамикаси, одамлар дунёқарашидаги ўзгаришлар мени ҳайратга солди.

 

Сирдарё вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасидаги бир неча сайлов участкаларида бўлдим. Барча участкалар жуда озода ва шинам, сайловчилар учун ҳамма шароит яратилган.

 

Ўзбекистон халқи юксак маданиятга, бой маънавий меросга эга. АҚШ телевидениеси орқали Нукус санъат музейи ҳақидаги фильмни кўрган эдим. Бу ердаги ноёб экспонатларни бевосита томоша қиларканман, давлатнинг маданиятга, тарихга, санъатга бўлган муносабатини ҳис қилдим. Музейда сақланаётган ажойиб дурдоналар мени лол қолдирди.

 

Леонардо Комуччи, “Ил Сантуччио” уюшмаси президенти, Флоренция провинцияси кенгаши аъзоси (Италия):

 

– Ўзбекистон парламент тизими халқаро андозалар асосида ривожланиб бормоқда. Сайловларга юқори даражада тайёргарлик кўрилгани, сиёсий партияларнинг фаоллиги ва бу жараёнга аҳолининг қизиқиши шундан далолат беради.

 

Италия билан Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Флоренция ва Самарқанд ўртасида яқин алоқалар йўлга қўйилиб, улар биродарлашган шаҳарларга айлангани билан фахрланамиз. Мамлакатингиз ёшлари юксак интеллектуал салоҳиятга эга. Давлатингиз раҳбари томонидан хорижий тилларни ўрганишга катта эътибор қаратилаётганини эшитиб хурсанд бўлдик. Бундан руҳланиб, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва Самарқанд давлат чет тиллар институти билан Италиянинг Флоренция университети ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ниятидамиз.

 

Давид Люксембург, “Змадим” суғурта компанияси президенти (Исроил):

 

– Ўзбекистонга илк бор келишим. Замонавий шаҳарларингиз, меҳмондўст ва очиқкўнгил одамларингиз менга жуда манзур бўлди. Ўзбекистон ҳақида, Президент Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган сиёсий-иқтисодий ислоҳотлар тўғрисида кўп эшитганман. Бу ерга келиб, ушбу ислоҳотлар самараларини кўрдик. Одамларингиз юзидаги бахтиёр табассум уларнинг ўз ҳаётидан мамнун экани, шундай гўзал ва обод юртда яшаш бахтидан масрур эканининг инъикосидир.

 

Ўзбекистонда Президентингиз ташаббуси билан ҳар йилга ўзига хос ном берилиши менда катта таассурот қолдирди. Масалан, бу йил Соғлом бола йили, 2015 йил Кексаларни эъзозлаш йили, деб номланиши мамлакатингизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий жараёнларни янада фаоллаштиришга хизмат қилмоқда.

 

Пауло Касака, Жанубий Осиё демократик форуми ижрочи директори (Бельгия):

 

– Ўзбек халқининг меҳмондўстлиги ва бағрикенглиги мени ҳайратга солди. Ўзбекистоннинг бой тарихи, маданияти, санъати, маънавий мероси бетакрордир.

 

Ўзбекистон фуқаролик жамиятида маҳалла институти алоҳида ўринга эга эканидан хабарим бор. Мустақиллик йилларида ушбу институт янада ривожланиб, мамлакатингизда демократик ислоҳотларни амалга ошириш, шу жумладан, ҳокимият вакиллик органларига сайловларни ўтказишнинг фаол иштирокчисига айлангани эътиборлидир. Ўзбекистон маҳалла институти фаолиятини чуқурроқ ўрганиш ниятидаман.

 

Неъмутулло Изади, эронлик кузатувчилар делегацияси раҳбари:

 

– Биз мамлакатингиз сайлов қонунчилиги, унга киритилган ўзгаришлар, сайлов участкаларидаги тайёргарлик билан танишдик. Юртингизда фуқароларнинг сайловда қатнашиши, ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириши учун демократик ҳуқуқий база ва барча шарт-шароит яратилганига яна бир бор ишонч ҳосил қилдик.

 

Замонавий уй-жойлар, инфратузилма объектлари юртингиз чиройига чирой қўшиб турибди. Фуқароларнинг сиёсий фаоллиги, мамлакат равнақи учун дахлдорлик ҳисси юқорилиги ижтимоий-иқтисодий, илмий соҳалардаги ўзгаришларда, жумладан, сайлов жараёнларида ҳам намоён бўлмоқда.

 

Сайёра Шоева, Назокат Усмонова, Ирода Умарова, Нодира Манзурова, Аминбой Ортиқбоев, ЎзА

14111

19Декабрь 2014



Долзарб мавзулар