Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Кўзатувчи | Рўйхатга ўтиш

Сергей Лебедев: МДҲ кузатувчилари миссияси сайлов кампаниясини юқори баҳолайди

Ўзбекистонда 8 декабрдан буён МДҲ кузатувчилари миссияси фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясида МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев раҳбарлигидаги миссия кузатувчилари билан учрашув бўлиб ўтди.

 

Унда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов кузатувчиларни мамлакатимизда парламент сайловига тайёргарлик кўриш бўйича амалга оширилган ишлар билан таништирди.

 

Учрашувда сайлов кампанияси доирасидаги барча тадбирлар сайлов тўғрисидаги миллий қонунчилигимизга қатъий мувофиқ равишда белгиланган муддатларда ўтказилгани таъкидланди. Хусусан, 15 ноябрдан 19 декабргача Ўзбекистонда фаолият юритаётган барча тўрт сиёсий партия ва улар томонидан кўрсатилган депутатликка номзодлар кенг сайловолди ташвиқотини ўтказди. Бундан ташқари, 11-19 декабрь кунлари у ёки бу сабаб туфайли сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имконига эга бўлмаган сайловчилар муддатидан олдин овоз берди.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тадбирлари халқаро ҳамда хорижий кузатувчилар иштирокида очиқ ва ошкора ўтказилаётганига алоҳида эътибор қаратилди.

 

МДҲнинг узоқ муддатли кузатувчилари сайлов жараёнини мониторинг қилишда Марказий ва ҳудудий сайлов комиссиялари тадбирларида иштирок этди, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Бош прокуратураси ва Олий судида, сайловда иштирок этаётган сиёсий партиялар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди. МДҲнинг узоқ муддатли кузатувчилари сайлов комиссияларининг Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Самарқанд, Тошкент, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида сайловга тайёргарлик кўриш бўйича ишларини ўрганди.

 

МДҲ кузатувчилари миссияси ўн кунлик ишлар якуни бўйича оралиқ ҳисобот тайёрлади ва 18 декабрь куни уни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига тақдим этди.

 

Мазкур ҳужжатда Ўзбекистонда парламент сайловини юксак демократик даражада ўтказиш учун яратилган ташкилий-ҳуқуқий шароитлар баён этилган. 2014 йил Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига киритилган тузатишларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига мунтазам фаолият кўрсатадиган мустақил конституциявий орган мақоми берилгани, мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлилик унинг фаолиятининг асосий принциплари этиб белгилангани алоҳида қайд этилган.

 

Миссия ҳисоботида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича аниқ мақсадга қаратилган ишларни изчил амалга ошираётгани баён этилган. Шу мақсадда Марказий сайлов комиссияси қабул қилган дастурда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг асосий принциплари, вазифалари, устувор йўналишлари ва тадбирлари белгиланган.

 

2014 йилнинг май ойидан фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, хорижий экспертлар иштирокида қатор халқаро конференциялар, семинар ва давра суҳбатлари ташкил этилди. Бу тадбирларда Ўзбекистонда сайлов тизимини ривожлантириш масаласи, унинг демократик сайловларни ўтказиш бўйича умумэътироф этилган нормаларга мувофиқлиги муҳокама этилди. Шунингдек, сайловда илк бор иштирок этаётган сайловчилар учун ҳуқуқий мавзуда тушунтириш тадбирлари ҳам ўтказилди.

 

Округ ва участка сайлов комиссиялари қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатларга мувофиқ шакллантирилди. Ҳисоботда халқаро кузатувчиларга ушбу комиссиялар фаолияти билан монесиз танишиш ҳуқуқи берилгани қайд этилган. Участка сайлов комиссиялари сайлов тўғрисида зарур услубий адабиёт, ҳужжатлар тўплами, ахборот материаллари ва кўргазмали қўлланмаларга эга. Барча округ ва участка сайлов комиссиялари овоз бериш кабиналари, шаффоф сайлов қутилари, ахборот технологиялари, алоқа воситалари ва автотранспорт билан таъминланган.

 

Мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган сиёсий партиялар томонидан қонунчиликда белгиланган барча талаблар бажарилган ҳолда ўтказилган съезд ва қурултойларда депутатликка номзодлар кўрсатилгани, Марказий сайлов комиссиясига сайловда иштирок этиш учун барча зарур ҳужжатлар тақдим қилингани, шунингдек, депутатликка кўрсатилган номзодларнинг камида 30 фоизи хотин-қизлар экани қайд этилган.

 

Ҳужжатда Марказий сайлов комиссияси сайлов жараёнининг очиқ ва ошкоралигини таъминлаш учун оммавий ахборот воситалари имкониятидан самарали фойдаланаётгани таъкидланган.

 

Сиёсий партиялар, улар томонидан кўрсатилган депутатликка номзодларга сайловолди ташвиқотини, жумладан, оммавий ахборот воситалари орқали олиб бориш учун тенг шароитлар яратилган. Сайловчилар билан учрашувлар миллий менталитет ва анъаналар эътиборга олинган ҳолда, очиқ ва ошкора руҳда ўтди.

 

* * *

 

МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев ЎзА мухбирига берган интервьюсида Ўзбекистонда сайловга тайёргарлик жараёнига юксак баҳо берди:

 

– МДҲ кузатувчилари миссияси Ўзбекистон парламентига ўтказилган аввалги сайловларда ҳам иштирок этган. Мамлакатингизда ушбу муҳим сиёсий воқеага тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга катта эътибор берилаётганига яна бир бор амин бўлмоқдамиз. Ҳатто, айрим ривожланган демократик давлатларда ҳам сайловларни ўтказадиган махсус орган йўқлиги, бу вазифа баъзида давлат назорат органлари зиммасига юкланаётгани ва бу демократияга зид экани яхши маълум. Ўзбекистонда эса Марказий сайлов комиссияси доимий асосда фаолият юритади ва энди у конституциявий орган мақомига эга бўлиб, ўз мустақиллигини янада мустаҳкамлади.

 

2014 йилги сайловда кўплаб халқаро кузатувчилар қатнашиш истагини билдиргани дунёда Ўзбекистонга қизиқиш катта экани, унинг халқаро мавқеи тобора юксалиб бораётганидан далолат беради. Жорий йилда МДҲ кузатувчилари миссияси таркибига 8 мамлакатдан 76 киши ва МДҲ Ижроия қўмитаси киритилган. Булар сайловни баҳолашда катта тажрибага эга Марказий сайлов комиссиялари раислари ва аъзолари, парламентарийлар, дипломатлар, ҳукумат аъзолари, турли сиёсий партиялар вакилларидир. Ўзбекистонда 2014 йилги сайлов ҳам юксак савияда ўтишига ишонаман.

 

МДҲ кузатувчилари миссияси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловни кузатиш натижалари ҳақидаги хулосани 22 декабрь куни, яъни сайлов ниҳоясига етгандан сўнг эълон қилади.

 

Сардор Тожиев, ЎзА

13461

19Декабрь 2014



Долзарб мавзулар