Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Кўзатувчи | Рўйхатга ўтиш

Ёш номзодлар – ёшларга оид сиёсат самарадорлигининг кўрсаткичидир

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига 21 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловда кузатувчи сифатида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари ушбу муҳим сиёсий воқеага тайёргарлик жараёни билан танишмоқда. ЎзА мухбири уларнинг айримлари билан суҳбатлашди.

 

Масато Хиватари, Хоккайдо университети профессори (Япония):

 

– Тошкент шаҳри ва вилоятидаги бир қанча сайлов участкаларида бўлдим ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловга тайёргарлик ишлари билан танишдим. Тайёргарлик ишлар юқори даражада амалга оширилмоқда. Бу жараёнга нодавлат нотижорат ташкилотларининг кенг жалб этилгани самарасидир. Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорлик фуқаролик жамиятининг ажралмас таркибий қисми ҳисобланади.

 

Ўзбекистонда давлат ҳокимияти органлари тизимида парламентнинг ролини янада ошириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлардан яхши хабардорман. Айни пайтда сиёсий партияларнинг давлат ҳокимияти органларини шакллантиришда роли сезиларли равишда кучайтирилиб, мамлакат сиёсий ҳаётида фаол иштирок этмоқда. Юқори даража ўтказилган сайловолди кампаниялари ҳам бундан далолат беради.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар рўйхатида хотин-қизлар ва ёшларнинг кўплиги эътиборга лойиқдир. Бу Ўзбекистон хотин-қизлари мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётига фаол жалб этилаётганини тасдиқлайди. Улар орасида ёш номзодларнинг кўплиги эса Ўзбекистонда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигининг ёрқин кўрсаткичидир. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг янги таркибида ёш депутатлар сафининг кенгайиши қонун ижодкорлиги фаолиятига ижобий таъсир кўрсатишига ишонаман.

 

Ўзбекистонда сайловга бир кун қолганда сайловолди ташвиқотлари тўхтатилади. Бу норма сайловчиларнинг сайловолди кампанияларида олган маълумотларни чуқур англаб, 21 декабрь куни тўғри қарор қабул қилишида муҳим аҳамиятга эга деб ўйлайман.

 

Ўзбекистонга биринчи марта ўн йил аввал келгандим. Шу вақт ичида мамлакатингиз қиёфаси тубдан ўзгарган. Янги биноларнинг бунёд этилаётгани, шаҳар ва қишлоқ инфратузилмаси ривожлантирилаётгани, замонавий меҳмонхоналар, ресторанлар ва бошқа объектлар тармоғининг янада кенгайтирилаётгани мамлакат ва халқ фаровонлиги тобора юксалиб бораётганидан далолатдир.

 

Катерин Фианкан-Боконга, Швейцария ва Лихтенштейн Хорижий матбуот уюшмаси вице-президенти:

 

– Сайловларнинг очиқ ва ошкоралик принципи асосида ўтказилиши ҳар қандай демократик давлат ҳаётида муҳим аҳамиятга эга. Халқнинг тўғридан-тўғри сайловлар орқали ўз хоҳиш-иродасини билдиришини таъминлаш Ўзбекистонни демократик ривожлантириш йўлида эришилаётган муваффақиятларнинг кафолатидир. Юртингизда сайловолди тайёргарликларининг юксак савияда ташкил этилгани кўплаб мамлакатлар учун намуна бўлиб хизмат қилмоқда.

 

Сиёсий партияларга ўз дастури мазмун-моҳиятини сайловчиларга етказишда кўмаклашаётган оммавий ахборот воситалари аҳолини сайлов жараёнига жалб этишда алоҳида ўрин тутади. Айни пайтда турли партиялардан кўрсатилган номзодларнинг оммавий ахборот воситаларидан тенг фойдаланиш имкониятига эга бўлиши ҳам муҳимдир. Ўзбекистон қонунчилигида ушбу норманинг мустаҳкамлаб қўйилгани сайловларни адолат ва тенглик тамойили асосида ўтказишда муҳим аҳамият касб этади.

 

Бобур Обидов, ЎзА

9814

20Декабрь 2014



Долзарб мавзулар