Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Кўзатувчи | Рўйхатга ўтиш

Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар дунё эътирофига сазовор бўлмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига 21 декабрь куни бўладиган сайловларни кузатиш учун келган хорижий кузатувчилар мамлакатимизда фуқаролар сайлов ҳуқуқининг амалда ижросини таъминлаш мақсадида халқаро талабларга тўла жавоб бера оладиган сайлов тизими яратилганини таъкидлашмоқда.

 

Датук Сери Муҳаммад Ҳошим, Малайзия Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари:

 

– Ўзбекистон жуда тез суръатларда ривожланмоқда. Сайловда иштирок этиш учун кўплаб чет эллик ва халқаро кузатувчилар келгани ҳам Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнига қизиқиш катта эканидан, унинг халқаро нуфузи ортиб бораётганидан далолатдир.

 

Кейинги йилларда Ўзбекистон қонунчилигига киритилган муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар парламент ва сиёсий партиялар ўрнини қонуний жиҳатдан янада кучайтиради. Бу галги сайлов Ўзбекистон келажаги учун муҳим воқеадир. Ушбу жараёнга жиддий тайёргарлик кўрилганига гувоҳ бўлдик. Сайловнинг самарали ўтишида Ўзбекистон фуқароларининг, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилгани диққатга сазовор. Бу борадаги тажрибаларни ўргансак арзийди.

 

Тояма Киёхико, Япония юқори палатаси депутати, Япония – Ўзбекистон дўстлиги парламенти лигаси бош котиби ўринбосари:

 

– Ўзбекистон барча соҳаларда улкан ютуқларни қўлга киритмоқда. Мамлакатингизда тараққиёт ва фаровонлик йил сайин юксалиб бормоқда. Бу Президент Ислом Каримов томонидан белгиланган тараққиёт йўли нақадар тўғри эканининг ифодасидир. Буни барча халқаро экспертлар қатори мен ҳам юксак баҳолайман.

 

Ўзбекистоннинг сайловга оид қонунчилиги билан танишиб, уларда сайлов кампаниясининг очиқ ва ошкоралигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилганига гувоҳ бўлдим. Мамлакатингизда тўртта сиёсий партияга сайлов жараёнида тенг ва кенг имкониятлар яратилган. Сайловда муносиб номзодлар сайланишига ишонаман.

 

Андреас Яном, Германия Бундестаги референти:

 

– Юртингизда сайлов тизимининг тўлиқ шакллангани, халқаро нормаларга жавоб берадиган қонунлар ишлаб чиқилиб, амалга жорий этилгани, сайловчиларнинг эркин, яширин овоз бериши учун барча шароит яратилгани халқингизнинг улкан ютуғидир. Муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган Ватан ҳимоячиларининг ҳам сайловда иштирок этиши учун қулай шароит яратилгани эътиборимни тортди.

 

Биз, кузатувчиларга сайлов куни ўзимиз истаган участкага бориб, сайлов жараёнини кузатиш ҳуқуқи берилган. Бу сайловга тайёргарлик ишларини чуқурроқ ўрганиш учун катта имкониятдир. Мен Самарқандга бориб, сайлов округлари ва участкаларини кўрмоқчиман. Ишонаманки, ушбу муҳим сиёсий воқеа муваффақиятли ўтади.

 

Фотис Фитсилис, Греция парламенти департамент бошлиғи:

 

– Ўзбекистон Республикаси парламенти сайловида кузатувчи сифатида иштирок этаётганимдан мамнунман. Мамлакатингизда фуқароларнинг сайловда қатнашиши учун барча имкониятлар, сайлов ҳуқуқини, ўз хоҳиш-иродасини эркин ифодалаш, қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш ва ҳимоя қилиш ҳуқуқини таъминлаш учун барча шарт-шароит ва ҳуқуқий асос яратилган.

 

Греция Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратади. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик келгусида янада тараққий этиши тарафдориман.

 

Ёнг Жо Ли, Кёнхи университети профессори (Жанубий Корея):

 

– Мамлакатингизда жорий йилнинг июнь ойида ўтказилган “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этган эдим. Ўшанда мамлакатингизнинг қишлоқ хўжалиги саноатида эришаётган оламшумул ютуқларига ҳавас қилгандим. Ўзбекистонга сайлов жараёнларини кузатиш учун хориждан юзлаб мутахассислар таклиф этилгани мамлакатингизда демократияни мустаҳкамлаш борасида улкан ишлар амалга оширилаётганидан ва эркин сайлов тизими яратилганидан далолат бериш билан бирга, сайлов жараёнларининг очиқ ва ошкора ўтишини тўлиқ таъминлашга хизмат қилади.

 

Ўзбекистонда Президент Ислом Каримов ташаббуси билан таълимнинг барча босқичини, хусусан, олий таълимни изчил ривожлантиришга ғоят улкан эътибор қаратилади. Мамлакатингиздаги кўплаб олий ўқув юртлари хорижнинг илғор ва нуфузли таълим даргоҳлари билан фаол ҳамкорлик қилиши ҳавас қилса арзигуликдир. Ўзбекистонда чет элнинг қатор обрўли университетларининг филиаллари фаолият юритаётгани мамлакатингизда бошқа жабҳалар қатори таълим соҳасини жадал ривожлантириш ва мазкур йўналишда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги кенг кўламли ишларга ёрқин мисол бўла олади.

 

Инна Стеценко, Болтиқ халқаро академияси проректори, профессор (Латвия):

 

– Латвияда Ўзбекистонга иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан барқарор ривожланаётган мамлакат сифатида алоҳида эътибор билан қаралади. Ўзбекистон ўзи танлаган тараққиёт йўлидан оғишмай бораётгани, мамлакатингизда барча соҳаларни изчил тараққий эттиришга улкан эътибор қаратилаётгани таҳсинга сазовор.

 

Парламент сайловларида Ўзбекистон аҳолисининг сиёсий фаоллиги яққол кўзга ташланмоқда. Бунда оммавий ахборот воситаларининг ҳиссаси катта бўлаётганини таъкидлаш керак. Сиёсий тадбирга тайёргарлик жараёнини ёритиш ва номзодларнинг дастурларида илгари сурилган йўналишларнинг мазмун-моҳиятини очиб беришда барча оммавий ахборот воситалари имкониятидан самарали фойдаланилаётгани, сайловга оид кўплаб тадбир ва брифинглар ўтказилаётгани аҳамиятлидир.

 

Ўзбекистон сиёсий партиялари фаолияти, уларнинг дастурлари билан яқиндан танишдим. Халқингиз фаровонлигини янада ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли, жумладан, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш каби кўплаб аниқ мақсад ва вазифаларни қамраб олган бундай ижтимоий-иқтисодий дастурлар долзарблиги билан менда катта таассурот қолдирди.

 

Сайёра Шоева, Ирода Умарова, Нодира Манзурова, ЎзА

11504

20Декабрь 2014



Долзарб мавзулар