Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Кўзатувчи | Рўйхатга ўтиш

Муқобиллик ва ошкораликнинг ёрқин ифодаси

Аввал хабар қилинганидек, халқаро кузатувчилар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, давлат ҳокимияти вакиллик органлари сайловлари мониторинги олиб борилди. Кеча кузатувнинг дастлабки натижалари эълон қилинди.

 

Ли Жай ХОВА, Корея Республикаси Миллий сайлов комиссияси бошқаруви бўйича департамент бош директори:

 

– Эрта тонгданоқ Самарқанд шаҳридаги 63, 129-сайлов участкаларида бўлдик. Қайд этиш жоизки, ҳали барвақт бўлишига қарамасдан, сайлов участкалари овоз берувчилар билан гавжум эди. Ўзбекистонликлар мамлакат ҳаётидаги муҳим сиёсий воқеага алоқадорлигини ҳис қилиб, сайловларда фаол иштирок этишди. Сайлов участкалари қонунчиликнинг барча талабларига мувофиқ, фуқароларнинг катта қисмини қабул қилишга тўла-тўкис тайёрлаб қўйилган экан. Шу боис сайловлар тартибли ва уюшқоқлик билан ўтди. Сайлов участкаларида ҳеч бир мамлакатда, ҳатто Корея Республикасида ҳам учрамайдиган она ва бола ҳамда тиббиёт хоналарининг мавжудлиги менда алоҳида таассурот қолдирди. Сайловларни ташкил этиш даражаси нуқтаи назаридан Ўзбекистон кўплаб ривожланган давлатлардан ўзиб кетган, дейиш мумкин.

 

Ирнерио СЕМИНАТОРЕ,

Европа халқаро муносабатлар институти директори:

 

– Мен Тошкентдаги бир нечта сайлов участкаларига бордим. Амин бўлдимки, Ўзбекистонда сайловлар барча халқаро қоидаларга мувофиқ, юқори даражада ташкил этилган. Бу йўлда Марказий сайлов комиссияси томонидан катта ташкилий-услубий ва тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилибди. Алоҳида қайд этиш жоизки, юртингизда сиёсий партиялар янги даражага чиқиб, уларнинг жамият ҳаётидаги роли ошмоқда. Ўзбекистонга уч кунлик ташрифим давомида Фарғона вилоятини бориб кўрдим. У ердаги сайлов участкалари билан танишдим, вилоят комиссиясида бўлдим. Мамлакатингиз барча йўналишларда барқарор ўсиш суръатларини намойиш қилаяпти. Демократик давлат қуриш йўлидан ишонч билан одимламоқда. Барча янгиланиш ва ислоҳотлар аҳоли турли қатламлари манфаатларини назарда тутган ҳолда халқ фаровонлигига йўналтирилган. Ўзбекистонликларни улар ҳаётидаги ушбу муҳим воқеа билан табриклайман.

 

Карлис КАМРАДЗИС,

Латвия Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари:

 

– 21 декабрнинг эрта тонгида Тошкентдаги 75-сайлов участкасида овоз беришнинг бошланишида қатнашдим. Сайлов комиссияси ўз ишини соат 6:00 да Давлат мадҳияси садолари остида бошлади. Аҳоли овоз бериш жараёнида фаол иштирок этди. Сўнгра биз Самарқандга йўл олдик. У ерда 10 ва 75-сайлов участкаларига ташриф буюрдик. Умуман, сайловлар юқори ташкилотчилик руҳида ўтди. Сайлов қонунчилигини бузиш бўйича бирор ҳолатни кўрмадим. Сайлов участкалари техник жиҳатдан сайловларга шай этилган. Комиссия аъзолари аҳоли, айниқса, сайловда биринчи марта қатнашадиган ёшлар ўртасида олдиндан кенг кўламли тушунтириш ишларини олиб боргани кўриниб турибди.

 

Сайлов жараёни юқори даражада кечганлиги менда илиқ таассурот уйғотди. Чунки кўпгина мамлакатларнинг сайловларини кузатганман. Ва ҳатто, юз йиллар мобайнида демократия шаклланган давлатларда ҳам давлат ишларида фуқароларнинг фаоллиги пасайиши ҳолатлари кузатилмоқда. 21 декабрь кечга яқин овоз бериш жараёнларида иштирок этган сайловчилар 80 фоиздан ошди. Бу – жуда юқори кўрсаткич. Қолаверса, муқобиллик ва ошкораликнинг ёрқин ифодасидир.

 

Парвиз МОРВИЖ, “Глобал илмий нашрлар” маркази директори, Нью-Йорк давлат университети профессори:

 

– Ўзбекистонда сайловлар халқаро талаб ва меъёрлар, демократик андозалар асосида ташкил этилди. Сайлов нафақат демократик давлат қуриш йўлидаги ижобий ўзгаришларни, балки одамларнинг мамлакатда кечаётган жараёнларга нисбатан фаол муносабатини ҳам аниқ намоён этди. Айниқса, ушбу муҳим ижтимоий-сиёсий тадбирда хотин-қизлар ҳам депутатликка номзод сифатида, ҳам сайловчи сифатида жуда фаол қатнашгани эътиборимни тортди. Бу юртингизда тобора ривожланиб, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларда фаол ўрин эгаллаётган маҳалла институтининг ижобий таъсиридир. Демократиянинг ўзига хос жиҳатларини қамраб олган Ўзбекистоннинг сайлов тажрибасини бошқа давлатларда ҳам қўлласа арзийди.

 

Бернадетте МИЛЛ,

Лондондаги Уолтхэм-Форест тумани муниципалитети депутати:

 

– Сайлов куни Урганчдаги 45 ва 52-сайлов участкаларида ҳамда Хивадаги 352-сайлов участкасида бўлдик. Уларда сайловчилар учун халқаро талабларга мос шароит яратилган. Кузатувчи сифатида сайловнинг ҳар бир жиҳатига алоҳида эътибор қаратдим. Сайлов участкаларида оналар ва болаларга, саломатлиги яхши бўлмаган инсонларга ғамхўрлик кўрсатилди. Сайлов участкаларига келолмайдиган сайловчилар учун уларнинг ўз уйларида овоз бериши таъминланди. Бу фуқароларга катта ғамхўрлик, уларнинг сайлов ҳуқуқларини амалга оширишга кўмаклашишнинг ёрқин далолатидир.

 

Вей СИН,

“Дунфан Цзабао” газетасининг халқаро янгиликлар департаменти директори (Хитой):

 

– Халқаро кузатувчилар учун яратилган шароитлардан миннатдорман. Тошкентга келишимиз билан Марказий сайлов комиссияси сайлов қонунчилиги, Конституцияга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, мамлакатнинг миллий қонунчилиги, сайлов участкалари манзиллари, сайловчилар, сиёсий партиялар фаолияти ҳақида барча маълумотни тақдим қилди.

 

Мен АҚШ, Франция, Сингапур сингари давлатларда сайловларни кузатганман. Ўзбекистондаги вазият билан қиёслайдиган бўлсак, бу ерда юксак ташкилотчилик кўзга яққол ташланади. Сайловчилар барча долзарб ахборотга эга. Қолаверса, ҳар бир сайловчининг уйига сайловда қатнашиш учун таклифномалар юборилган. Фуқаролар сайловга шунчаки бир тадбир сифатида эмас, балки масъулият билан қарамоқда. Бундай тайёргарлик даражасини ҳеч қаерда кўрмаганман.

Шуни қайд этмоқчиманки, барча сиёсий партияларга сайловолди ташвиқотини олиб боришда оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг имконият яратиб берилди.

 

Геральд УЙБЕРШЕР,

Reise Travel” электрон нашри бош муҳаррири (Германия):

 

– Сайловдан бир кун олдин мен Бухородаги 23 ва 27-сайлов участкалари билан яқиндан танишдим. Шуни айтишим керакки, Ўзбекистон сайловга тайёргарлик кўриш даражаси бўйича Европанинг кўплаб мамлакатларидан илдамлаб кетибди. Сайлов участкалари барча техника воситалари билан жиҳозланган. Уларда она ва бола, тиббиёт хоналарининг мавжудлиги менда катта таассурот қолдирди. Германияда ҳозирча бундай амалиёт йўқ. Сайлов участкаларидаги ҳамшираларнинг айтишича, улар биринчи ёрдамни кўрсатиш учун зарур дори воситалари билан таъминланган. Бу давлат сайлов пайтида ҳам ўз фуқаролари соғлиғи ҳақида қайғураётганидан далолатдир.

 

Сайлов участкалари эрта тонгдан очилди. Бинода депутатликка номзодлар ҳақида барча маълумот мавжуд. Яна шу нарса эътиборимни тортдики, масалан, 75 ва 160-сайлов участкаларида фуқаролар сайловда фаол қатнашишди. Сайловлар қонунчиликка тўлиқ риоя қилинган ҳолда ўтди. Ҳеч қандай қонунбузилиш ҳолатлари кузатилмади.

 

Сканд Ранджан ТАЙАЛ,

Ҳиндистон ижтимоий-сиёсий арбоби:

 

– Аввало, шуни қайд этмоқчиманки, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси сайловга пухта ҳозирлик кўрибди. 21 декабрь – якшанба куни Урганч шаҳрида бир қатор сайлов участкаларида сайловларни кузатдим. Кечга яқин пойтахтингиздаги айрим сайлов участкаларига ташриф буюришга улгурдим. Урганчда ҳам, Тошкентда ҳам сайловлар юксак савияда, миллий сайлов қонунчилигининг барча талаблари ҳамда халқаро стандартларга тўлиқ мос тарзда ташкил этилди. Овоз беришда биринчи марта қатнашаётган йигит-қизларни кўриш менда илиқ таассурот уйғотди. Шуниси муҳимки, агар уларда бевосита жараён бўйича қандайдир савол туғилса, тўғри тушунтириш берилди.

 

Николай ВАСИЛЬЕВ,

“Трибуна” газетаси бош директори (Россия):

 

– 21 декабрь куни ҳамкасбларимиз билан Тошкент шаҳридаги 6 та сайлов участкасига ташриф буюрдик. Фуқароларнинг сайловларга қизиқиши катта. Биз айрим сайловчиларга қандайдир қонунбузилиш ҳолатлари ёки уларнинг сайловчилар рўйхатида йўқлиги юзасидан саволлар бердик. Улар бу борада ҳеч қандай муаммо йўқлиги, ҳаммаси рисоладагидек эканлигини айтишди. Сайлов жараёнини ташкил этишдан ҳайратландим. Қолаверса, сайлов участкалари атрофи ободонлаштирилгани, озодалиги, байрамона муҳит яратилгани бизда илиқ таассурот уйғотди.

 

«Халқ сўзи» мухбири Зиёда АШУРОВА ёзиб олди.

11788

23Декабрь 2014



Долзарб мавзулар