Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Кўзатувчи | Рўйхатга ўтиш

Кузатувчилар миссияси: Ўзбекистон халқи келажакка комил ишонч билан бормоқда

22 декабрь куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси мамлакатимизда давлат ҳокимияти вакиллик органларига бўлиб ўтган сайловни кузатишнинг дастлабки якунлари бўйича матбуот анжуманлари ўтказди.

 

МДҲ кузатувчилари миссияси ўз баёнотида сайлов кампаниясига ижобий баҳо берди. Унда Ўзбекистонда сайлов жараёнларида фуқароларнинг хоҳиш-иродасини эркин билдириш ҳуқуқлари янада ёрқин тасдиғини топгани қайд этилди. Шунингдек, Марказий сайлов комиссиясига конституциявий мақомнинг берилиши ушбу ташкилот аҳамияти ва нуфузини янада оширди. Давлат ҳокимияти тизимида қонунчилик органлари роли ўсган.

 

Сайлов пухта тайёргарлик самарасида юқори ташкилотчилик руҳида бўлиб ўтгани таъкидланди. Кузатувчилар барча вилоятлардаги округ сайлов комиссияларида бўлдилар, 77 та сайлов участкасига бордилар. Барча номзодларга сайловолди ташвиқоти даврида ОАВдан фойдаланиш учун тенг имкониятлар берилди. Сайловлар янада муқобиллик касб этаётганига алоҳида тўхталиб ўтилди.

 

– Биз сайловни ташкил этиш билан шуғулланган Марказий сайлов комиссиясидан, давлат тузилмаларидан миннатдормиз. Бизни яхши кутиб олишди, ишимизга кўмак беришди, барча зарур шарт-шароит билан таъминлашди, – деди МДҲ миссияси раҳбари С. Лебедев. – Фаолиятимиз учун ҳеч қандай тўсиқ бўлмади. Барча участкалар, округларга ташриф буюриш, сайловга тайёргарлик кўриш ва

 

21 декабрь куни унинг ўтказилишини эркин кузатиш имконига эга бўлдик. Марказий сайлов комиссияси мажлисларида, сайлов комиссиялари аъзолари учун семинарларда қатнашдик. Юртингизда сайлов кампанияси, бошқа давлатлардан фарқли ўлароқ, сайлов жараёнининг барча иштирокчилари билимларини изчил ошириб бориш билан узвий боғлиқ ҳолда ўтказилади. Халқаро экспертлар, турли мамлакатлар парламентлари аъзолари, сайлов органлари аъзолари иштирокида сайлов жараёнларини такомиллаштириш масалаларига бағишланган халқаро ва маҳаллий конференциялар ташкил қилинди. Эътироф этиш лозимки, халқаро тажриба Ўзбекистонда фаол татбиқ этилиб, ундан самарали фойдаланилмоқда.

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси таклифига биноан, ШҲТдан ҳам кузатувчилар миссияси юртимизга келиб, 19 – 22 декабрь кунлари фаолият юритди. Унинг таркибида ШҲТ Котибиятидан уч нафар ходим ҳамда ташкилотга аъзо давлатларнинг 12 нафар вакили жой олди.

 

Миссия Марказий сайлов комиссияси вакиллари, Ташқи ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар сайлов комиссияси билан сайлов кампаниясини муҳокама қилди. Учрашувлар чоғида Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини рўёбга чиқариш доирасида мамлакат Конституциясига сайлов жараёнини янада демократлаштириш ва либераллаштиришга йўналтирилган ўзгартиш ҳамда тузатишлар киритилганига тўхталиб ўтилди.

 

ШҲТ кузатувчилар миссияси аъзолари сиёсий партияларнинг сайловолди дастурлари билан таништирилди.

 

– Сайлов кампанияси даврида барча тадбирлар очиқ ва ошкора, Ўзбекистон қонунчилигига қатъий риоя этилган ҳолда ўтказилди, – деди миссия раҳбари, ШҲТ Бош котиби ўринбосари М. Ҳақдодов. – Сиёсий партиялар, депутатликка номзодларга ОАВдан фойдаланиш учун тенг ва кенг шароитлар яратилди. Партиялар сайловчилар билан мустақил учрашувлар олиб бориш имконига эга бўлдилар. Овоз бериш ва сайлов якунлари бўйича хулоса чиқариш жараёнларини холис баҳолаш мақсадида Тошкент ва Тошкент вилоятидаги сайлов комиссиялари фаолиятини бориб кўрдик. Сайлов куни 73 та сайлов участкасида бўлдик. Овоз бериш давомида фуқароларнинг фаол иштироки кузатилди. Участкаларда Ўзбекистондаги сиёсий партиялар, депутатликка номзодларнинг ишончли вакиллари қатнашди. Сайлов натижаларини шубҳа остида қолдирадиган қонунбузилиш ҳолатлари кузатилмади. Сайловлар шаффоф, транспарент ва демократик руҳда ўтказилди. Марказий сайлов комиссияси, Ташқи ишлар вазирлиги, бошқа давлат муассасалари, шунингдек, жамоатчилик ташкилотларига кўрсатган кўмаги учун катта миннатдорлик билдирамиз.

 

Ислом ҳамкорлик ташкилоти миссияси раҳбари, элчи Али Шоҳризо Аболҳассаний журналистларга миссия аъзолари сайлов куни 100 та сайлов участкасига боришгани, Тошкент шаҳридаги барча сайлов округларида эрталаб соат 6.00 дан то улар ёпилгунга қадар бўлишганини маълум қилди.

 

– Сайловчиларнинг фаол иштирокини алоҳида қайд этамиз, – деди у. – Буни жамиятнинг сиёсий етуклиги, одамларнинг юқори даражадаги фаоллиги ҳам тасдиқлаб турибди. Фуқаролар дахлдорлик ҳиссини намоён қилдилар. Ислом ҳамкорлик ташкилоти номидан Ўзбекистон халқини сайловлар муваффақиятли ўтказилгани билан табриклайман. Бу давлат ҳокимияти тизимида парламент ролини кучайтириш, Конституцияга марказий сайлов органини мустаҳкамлаш бўйича тузатишлар киритилган бир шароитда бўлиб ўтган жуда муҳим воқеадир. Участкаларда халқингиз конституциявий ўзгаришларни тўғри англаб, қўллаб-қувватлаётганига шоҳид бўлдик. Фаолиятимиз якунига кўра, алоҳида таъкидламоқчимизки, сайловлар юқори профессионал даражада ташкил этилди, аҳоли юксак даражада фаоллик кўрсатди. Ислом ҳамкорлик ташкилоти кузатувчилари миссияси томонидан ҳеч қандай эътироз йўқ.

 

Шу куни ЕХҲТ ДИИҲБдан кузатувчилар миссияси аъзолари ҳам журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб бердилар. Миссия раҳбари Даан Эвертс томонидан айтиб ўтилганидек, сиёсий жараённи кузатишда сайловнинг ЕХҲТ, бошқа халқаро ҳужжатлар ва стандартлар, шунингдек, миллий қонунчилик талабларига мувофиқ ўтказилиши ўрганилиб, шу нуқтаи назардан унга баҳо берилди. Таъкидланганидек, 2009 йилги сайлов якунларида сайлов жараёнларини такомиллаштириш бўйича берилган бир қатор тавсиялар инобатга олиниб, рўёбга чиқарилган. Кузатувчиларнинг чекланган миссияси аъзолари ўз фаолияти давомида мамлакатнинг барча ҳудудларидаги сайлов участкаларига ташриф буюрдилар, Марказий сайлов комиссиясининг очиқ мажлисларида қатнашдилар, фуқаролик жамияти, давлат органлари вакиллари билан учрашдилар. Жорий йилги парламент сайлови сайлов комиссиялари томонидан очиқлик ва ошкоралик принципига асосланган ҳолда профессионал ташкил этилди. Сайлов комиссиялари аъзоларининг қонунчилик бўйича чуқур хабардорлик даражаси қайд этилди. Умуман, овоз бериш ва овозларни санаш самарали ҳамда шаффоф ўтказилди.

 

– Ўзбекистоннинг ҳамкорликка тайёрлигига гувоҳ бўлдик. Ҳамма жойда бизни самимият билан кутиб олдилар, ҳар томонлама кўмак кўрсатилди. Ўз ишимизни тўлақонли олиб боришимизга яратиб берилган имконият учун сайлов ташкилотчиларига миннатдорлигимизни билдирамиз, – деди миссия раҳбари Даан Эвертс.

 

Парламент сайлови боришини Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси миссияси ҳам кузатди. У халқаро ташкилот бўлиб, маъмурий биноси Инчеон шаҳри (Корея Республикаси)да жойлашган. Унинг ишида 94 давлат сайлов органлари сайловларни ташкил этиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш бўйича ахборот ҳамда тажриба алмашиш йўлида халқаро ҳамкорликка кўмак бериш мақсадида қатнашади. Миссия пойтахтимиз ва Тошкент вилоятидаги округ сайлов комиссиялари иши билан танишди. Тошкент шаҳридаги қатор, жумладан, 75, 158, 160, 165, 638-сайлов участкаларида овоз бериш жараёнини кузатди. Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси котибияти раҳбари Бай Бюнг Ик ОАВга шулар ҳақида гапириб берди.

 

– Сайловлар юксак савияда ўтди, сайловчилар фаоллик кўрсатди. Сайлов участкаларида овоз бериш учун барча шарт-шароит яратилган. Комиссия самарали фаолият юритиши учун замонавий техника, алоқа воситалари, зарур ҳуқуқий адабиётлар тақдим этилган. Комиссия аъзолари ва бошқа ходимлар сайлов қонунчилигидан тўлиқ бохабар. Кузатувчиларни илиқ кутиб олдилар, барча саволларимизга батафсил жавоблар берилди. Биз округ сайлов комиссиялари иши билан ҳам танишдик. Улар учун қулай бинолар ажратилиб, зарур шароитлар ҳозирланган. Сайловга оид баҳоларимиз миссиянинг якуний ҳисоботида эълон қилинади.

 

Миссия аъзолари томонидан сайловни кузатиш мобайнида уни ўтказишнинг энг яхши амалиётидан келиб чиққан ҳолда тавсиялар берилди. Уларда ҳақиқий демократик сайловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш ҳисобга олинади.

 

«Халқ сўзи» мухбири

Саиджон МАХСУМОВ

ёзиб олди.

15335

23Декабрь 2014



Долзарб мавзулар