Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Кўзатувчи | Рўйхатга ўтиш

Табиатни асраб-авайлашга барча масъул

21 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатиш ва уларни сайлаш бўйича Ўзбекистон экологик ҳаракати конференцияси cайлов қонунчилигига қатъий амал қилган ҳолда ўтказилди.

 

Тадбирда Экоҳаракатнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаларидан муқобиллик асосида сайланган 340 нафардан зиёд делегатлар иштирок этди.

 

Конференцияда атроф-муҳит муҳофазасининг ҳақиқий жонкуярлари, фаоллари, экологик хавфсизлик фидойилари, эколог-олимлар, шунингдек, зиёлилар, табиатни асраб-авайлаш, соғлиқни сақлаш, экологик таълим-тарбия мутахассислари, ҳуқуқшунослар, иқтисодчилар, ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари ҳам ҳозир бўлди.

 

Маълумки, 2008 йилда “Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун қабул қилинди. Унга мувофиқ, жаҳон парламентаризми тарихида илк бор Экоҳаракат учун депутатлар ўринларини квоталаш институти жорий этилди. Бу экологик муаммоларни бартараф қилишда парламент ролини оширишга йўналтирилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.

 

Бинобарин, 2009 йилда қонунчиликка мувофиқ, Экоҳаракат конференциясида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатилиб, 15 нафар депутат сайланди. Шундан сўнг депутатлик гуруҳи ўз фаолиятини бошлади. Ўтган даврда улар томонидан бир қатор қонунчилик ташаббуси кўрсатилди. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида “Экологик назорат тўғрисида”ги Қонун ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилди. Унда жамоатчилик экологик назоратини амалга оширишда ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ўрни ҳамда роли аниқлаштириб берилди.

 

– Олти йил илгари ташкил қилинган Экоҳаракат диёримизнинг бой табиий ресурсларини асраб-авайлаш ва улардан оқилона фойдаланиш, ҳозирги ҳамда келажак авлод учун мусаффо атроф-муҳитни сақлаш йўлида жонбозлик кўрсатмоқда, – деди Ўзбекистон экологик ҳаракати Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Саидрасул Сангинов. – Ҳозир йўл бошида турибмиз, дейиш мумкин. Ўтган даврда юртимизнинг барча ҳудудида аҳоли турли қатламлари орасида 4200 дан ортиқ тадбирлар ўтказилди. Экоҳаракат фаолияти самарадорлигини марказда ва жойларда ошириш, давлат ҳамда жамоатчилик ташкилотлари билан ҳамкорликни кучайтириш мақсадида 2015/2016 йиллар учун ҳаракат дастури ишлаб чиқилди. Ундан атроф-муҳит ва аҳоли саломатлиги масаласига ечим топишга кенг жамоатчиликни жалб этишга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар ўрин олди. Ушбу Дастур ҳамкорларимиз томонидан қўллаб-қувватланди. Уларнинг қаторида табиатни муҳофаза қилувчи етакчи давлат ташкилотлари ҳамда экология ва тиббиёт жабҳасидаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам бор. Мазкур ҳужжат Экоҳаракат ҳамда унинг жойлардаги бўлинмалари учун дастуриламалга айланади. Ташкилот олдида фаолиятни янада такомиллаштиришга доир масъулиятли вазифа турибди. Истиқболда депутатлар гуруҳи олдинги чақириқдаги сафдошлари томонидан бошланган тўққизта қонун лойиҳаси бўйича ишларни якунига етказишни мақсад қилган.

 

Ҳаёт бир жойда тўхтаб турмайди. Навбатда янги қонунлар турибди. Хусусан, келгусида БМТ конвенцияларида ўз ифодасини топган халқаро меъёрларга қараб иш тутамиз, халқаро ҳамкорликни янада ривожлантирамиз. Овоз бериш жараёнини кузатиб борган халқаро кузатувчилардан ҳеч қандай шикоят ва норозилик фикрлари келиб тушмади.

 

Экоҳаракатнинг Қонунчилик палатасидаги депутатлари гуруҳи қатор қонун лойиҳаларини ишлаб чиқаяпти. “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Чиқиндилар тўғрисида”ги қонун лойиҳалари, БМТнинг халқаро Конвенцияларига Ўзбекистоннинг қўшилиши тўғрисидаги иккита қонун лойиҳаси шулар жумласидандир.

 

Экоҳаракат томонидан жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш масалаларига бағишланган 500 дан ортиқ тадбирлар ташкил этилди. 200 та ташкилий-амалий тадбир, 20 та конференция, 65 та семинар, айримлари хорижий мамлакатларда ўтказилган 122 та таҳлилий-амалий тадбир шулар жумласидандир.

 

Конференция давомида иштирокчилар Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган “Ўзбекистон экологик ҳаракатидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатиш ва уларни сайлаш тартиби тўғрисида”ги Низом билан батафсил таништирилди. Унда, биринчи навбатда, ишчи гуруҳ сайлаб олиниб, кун тартиби белгиланди. Шундан сўнг конференция қатнашчилари делегатлар ичидан 15 кишидан иборат Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатиш бўйича Кенгашни шакллантиришга киришдилар.

 

Кенгаш томонидан делегатлар орасидан Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир маъмурий-ҳудудий бирлиги ва Экоҳаракат Марказий Кенгаши Ижроия қўмитасидан уч нафар вакил депутатликка номзод сифатида кўрсатилди. Шундан сўнг конференция делегатлари яширин овоз бериш йўли билан ўз танловини амалга оширди. Овоз бериш якунларига кўра, табиатни асраб-авайлашга салмоқли ҳисса қўшиб келаётган Экоҳаракат фаолларидан 15 нафари депутат сифатида сайланди.

 

– Сайлов шаффоф, транспарент ва демократик руҳда бўлиб ўтганини қайд этишни истардим, – деди Тошкент шаҳридан делегат бўлган Анастасия Саидмаҳмудова. – Ўзбекистон экологик ҳаракати аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш ва экологик таълим-тарбияни ривожлантиришни устувор вазифаси, деб билади. Экоҳаракатдан сайланган олдинги депутатлар томонидан парламентда ҳозирги ва келажак авлоднинг мусаффо атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқини таъминлашга қаратилган тизимли ишлар рўёбга чиқарилди. Қонунчиликка мувофиқ ишлаб чиқилган жамоатчилик экологик назорати механизмидан Экоҳаракат ҳамда унинг ҳамкорлари самарали фойдаланмоқда. Бу ННТ, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг Оролбўйидаги экологик муаммоларни ҳал қилишдаги иштирокини фаоллаштиришга йўналтирилган. Экоҳаракат сиёсий ташкилот эмас. Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлари учун парламент қуйи палатасида ўринларнинг квоталаниши атроф-муҳит ва аҳоли саломатлиги муҳофазаси масалалари долзарблиги, экологик муаммоларга зудлик билан ечим топиш билан боғлиқдир.

 

Конференцияда ЕХҲТ ДИИҲБ, МДҲ кузатувчилари миссиялари аъзолари, шунингдек, АҚШ, Буюк Британия, Покистон каби давлатлардан халқаро кузатувчилар иштирок этди. Уларнинг фикрича, Экоҳаракатнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига депутатлар сайлови демократик принциплар асосида ўтказилди. Мамлакат экологик ҳаракатидан парламентга депутатлик ўринларининг квоталаниши Ўзбекистонда атроф-муҳит ва аҳоли саломатлиги муҳофазаси масаласига катта эътибор қаратилаётганининг тасдиғи эканлиги алоҳида эътироф этилди.

 

Конференцияда Марказий сайлов комиссияси вакиллари, ўттизга яқин журналист қатнашди. У очиқлик ва демократиянинг барча тамойилларига мувофиқ тарзда бўлиб ўтди.

 

Людмила ЕВСТРАТОВСКАЯ,

МДҲ кузатувчилари миссияси вакили:

 

– Юртингизда атроф-муҳит муҳофазаси давлат сиёсати даражасига кўтарилгани жуда муҳимдир. Ҳаммамиз матбуотда кенг ёритилаётган Орол фожиаси ҳақида биламиз. Бу мазкур масала мамлакат раҳбариятининг доимий диққат-эътиборида эканлигини кўрсатади. Экоҳаракатдан депутатлар сайлаш жараёни демократик руҳда ўтказилди. Конференция тартиби Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ ҳолда ташкил этилди. Сайланган депутатлар соҳадаги қонунчиликни такомиллаштиришга ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшади, деб ўйлайман.

 

Дайана ПИРС,

халқаро кузатувчи (АҚШ):

 

– Ўзбекистондаги сайловларни биринчи бор кузатдим. Мазкур сиёсий тадбирга пухта тайёргарлик кўрилгани билиниб турибди. Буни, жумладан, Ўзбекистон экологик ҳаракати конференцияси ҳам тасдиқлайди. Бизда ҳам экологияга йўналтирилган ҳаракат бор. Лекин унинг аъзолари қонун ижодкорлиги жараёнида қатнашмайди. Шунчаки ўз таклифларини билдиради, холос. Ўзбекистонда эркин ва демократик сайловлар учун барча шарт-шароит яратилган. Аҳолининг юқори даражадаги ижтимоий-сиёсий фаоллиги – бу социал-иқтисодий ислоҳотларнинг ёрқин кўрсаткичидир.

 

Майкл ТОМАС,

халқаро кузатувчи (Буюк Британия):

 

– Сайлов жараёни ҳақида ижобий фикрдаман. Мамлакатингизга кўплаб кузатувчилар келди. Уларнинг барчаси сайловлар шаффоф, очиқ, демократик руҳда ўтганини тасдиқламоқда. Ўзбекистон экологик ҳаракати фаолияти экологик ва иқтисодий масалаларни биргаликда ҳал этишга кўмак беради. Бу ҳар қандай замонавий давлат учун аҳамиятлидир. Депутатликка номзодларга долзарб саволлар бериш, уларнинг атроф-муҳит муҳофазасига қўшган ҳиссасини муҳокама қилиш жараёнини катта қизиқиш билан кузатдим. Сайланган депутатларга юртингизда экологик барқарорликни сақлаш ва таъминлаш ишида муваффақиятлар тилайман.

 

Саиджон МАХСУМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

12385

23Декабрь 2014



Долзарб мавзулар