Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Кўзатувчи | Рўйхатга ўтиш

Ўзбекистон буюк келажак сари дадил бормоқда

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига 21 декабрь куни бўлиб ўтган сайлов жараёнини хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан келган уч юздан зиёд кузатувчи бевосита кузатиб борди. ЎзА мухбирлари уларнинг айримлари билан суҳбатлашди.

 

Зенонас Вайгаускас, Литва Марказий сайлов комиссияси раиси:

 

– Ўзбекистон мустақиллик йилларида улкан тараққиётга эришди. Жамиятнинг барча жабҳаларида, хусусан, сайлов тизимида ҳам халқаро андозаларга тўла жавоб берадиган тамойиллар жорий этилиб, у янада такомиллаштирилмоқда. Мамлакатингизда ижтимоий-иқтисодий барқарорлик ва ҳамжиҳатлик муҳити тобора мустаҳкамланмоқда. Бу ислоҳотларнинг самараси 21 декабрь куни бўлиб ўтган сайловда яна бир карра намоён бўлди.

 

Сайловда кузатувчи сифатидаги иштироким халқингизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаёти, маданияти ҳақидаги таассуротларимни янада бойитди. Ўнлаб сайлов участкаларига бориб, амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишдим. Юртингизнинг барча ҳудудларида сайловга қизғин ҳозирлик кўрилгани ва тадбир юқори савияда ўтганига гувоҳ бўлдим. Халқингиз кўтаринки кайфиятда, ташаббускорлик руҳида сайловда иштирок этди. Овоз бериш жараёнида тенглик, адолатлилик, ҳаққонийлик принципларига тўла амал қилинди.

 

Мамлакатингиз парламентига ўтган ушбу сайлов Ўзбекистонда кўппартиявийлик тизимининг ривожланиши ва мустаҳкамланишига, Қонунчилик палатасида сиёсий партиялар ролининг янада кучайишига хизмат қилади. Партияларнинг фаоллиги ва партиялараро рақобат даражаси ошади. Бу Ўзбекистонда демократиянинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.

 

Тадеуш Бодио, Варшава университети Сиёсий фанлар институти профессори (Польша):

 

– Ўзбекистон тарихан қисқа даврда – мустақилликнинг ўтган йигирма уч йилида қўлга киритган улкан ютуқларига ҳавас қилса арзийди. Мамлакатингиз эришаётган муваффақиятлар Президент Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган ислоҳотларнинг “ўзбек модели”ни ҳаётга татбиқ этишнинг амалдаги натижасидир. Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.

 

Сайлов жараёнини Тошкент ва Бухоро шаҳарларида кузатдим. Сайлов участкалари барча зарур моддий-техника ва ҳуқуқий адабиётлар билан таъминлангани, яширин овоз бериш кабиналари билан жиҳозлангани, сайлов қутилари ўрнатилгани ҳамда участка сайлов комиссиялари томонидан сайловчиларнинг тўлиқ рўйхати тузилганини алоҳида таъкидлашни истардим.

 

Ўзбекистон – кўппартияли мамлакат. Сайлов жараёнларида иштирок этган партияларнинг ҳар бири ўзига хос ўринга эга эканига амин бўлдик. Сайлов барча халқаро нормалар – ошкоралик, ҳаққонийлик ва очиқлик каби тамойилларига тўлиқ риоя этилган ҳолда, юксак савияда ўтди. Сайлов байрамона муҳитда ўтгани, одамлар юз-кўзидаги қувонч ва кўтаринки кайфият менга жуда ёқди. Демократик тараққиёт йўли Ўзбекистонни буюк келажак сари етакламоқда.

 

Ефим Киларь, МДҲ Ижроия қўмитаси департамент директорининг ўринбосари:

 

– Ўзбекистонда парламент сайлови юксак савияда, жуда муваффақиятли ўтди, дейиш учун тўла асос бор. Мамлакатингиз фуқаролари овоз бериш учун сайлов участкаларига байрамона руҳда ташриф буюриб, бу жараёнда фаол иштирок этгани жуда қувонарли.

 

Сайлов участкаларида овоз бериш жараёнини кузатар эканмиз, Ўзбекистоннинг сайлов тизими қонунчилигига ва бу борадаги халқаро стандартларга зид келадиган хатти-ҳаракатларни, камчиликларни учратмадик. Сайлов жараёни барча қонун-қоидаларга мувофиқ, ғоят тўғри, очиқ ва адолатли ўтди.

 

Бахман Ага Рази, Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосарининг маслаҳатчиси:

 

– Парламент сайловлари давомида кўплаб сайлов участкаларида овоз бериш жараёнини кузатиб, шунга гувоҳ бўлдикки, барча сайлов участкаларида мазкур сиёсий тадбир учун юксак даражада тайёргарлик кўрилган. Барча участкалар сайлов қонунчилигига мувофиқ зарур техник жиҳозлар билан тўлиқ таъминлангани катта таассурот қолдирди.

 

Сайлов участкаларида бошқа давлатларда учрамайдиган ўзига хос жиҳатларга гувоҳ бўлдик. Масалан, ёш болали фуқаролар учун қулайлик яратиш мақсадида она ва бола хонаси ҳамда сайловчиларнинг овоз бериш жараёнида саломатлигини таъминлаш учун тиббиёт хонаси ташкил этилгани Ўзбекистонда инсон қадри ғоят баланд эканининг яна бир инъикосидир. Бундай гўзал ва хайрли ислоҳотлардан бошқа мамлакатлар ҳам ўрнак олса арзийди.

 

Кенъичи Мацумото, Япониянинг тиббиёт ускуналари соҳасида ташқи техник кўмаклашиш ташкилоти президенти:

 

– Парламент Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўлиб ўтган сайловни кузатарканман, Ўзбекистонда ушбу муҳим сиёсий воқеага катта тайёргарлик ишлари амалга оширилганига яна бир бор гувоҳ бўлдим. Сайловчиларнинг фаоллиги эътиборимни тортди. Участкаларда сайловни ўтказиш учун барча зарур шароитлар яратилди. Бу Ўзбекистон халқи ўзи танлаган демократик тараққиёт йўлидан собитқадам бораётганидан далолат беради.

 

Фолькер Нееф, «Berliner Blatt» электрон нашри бош муҳаррири (Германия):

 

– Сайлов жараёнининг юксак савияда ташкил этилгани, сайловчилар учун яратилган қулайликлар мени ҳайратлантирди. Масалан, бюллетен матни сайлов ўтказиладиган жойга қараб, уч тил – ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларида чоп этилган. Сайлов участкалари тонги соат олтида очилиб, кеч соат саккизда ёпилгани ҳам менда катта таассурот қолдирди. Овоз бериш учун етарлича вақт берилиши сайловчиларга ўз конституциявий ҳуқуқини амалга ошириш имконини берди. Саломатлиги ёмонлиги сабабли сайлов участкасига кела олмаган ва кекса ёшли кишилар учун уларнинг хонадонларида овоз бериш ташкил этилгани ҳам алоҳида эътиборга лойиқдир.

 

Сафо Маҳмуд Ал-Жанабий, халқаро кузатувчи (БАА):

 

– Овоз бериш жараёни юқори даражада ташкил этилди, ҳаммаси пухта ўйланган. Сайловчиларнинг участкалар очилиши билан эрта тонгда келгани ва ўзининг фуқаролик бурчини адо этишга бўлган фаоллиги мени ҳайратга солди. Уларнинг айримлари билан суҳбатлашдим ва ушбу воқеанинг муҳимлигини яхши англаши, она Ватани келажагини белгилаш учун ўз масъулиятини чуқур ҳис этишига ишонч ҳосил қилдим.

 

Нодира Манзурова, Ирода Умарова, Бобур Обидов, ЎзА

16446

23Декабрь 2014



Долзарб мавзулар