Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Кўзатувчи | Рўйхатга ўтиш

Очиқлик ва ҳаққонийлик тамойиллари асосида

Халқаро кузатувчилар мамлакатимизда 21 декабрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, давлат ҳокимияти вакиллик органлари сайловлари ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашмоқда.

 

Қуандиқ ТУРГАНҚУЛОВ,

Қозоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси:

 

– Кузатувчи сифатида сайлов жараёнини холис баҳолашим шарт. Фикримча, Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси, ҳудудлардаги сайлов ташкилотчилари пухта ва салмоқли тайёргарлик ишларини олиб борган. Халқаро стандартларга жавоб берадиган миллий қонунчилик бу борадаги ишларга асос бўлди. Бу амалиётда ўз тасдиғини топди.

 

21 декабрь куни Бухорода сайловларни кузатдим. Қатор сайлов участкаларида бўлдим. Ҳеч қандай қонунбузилиш ҳолатлари учрамади. Барча жараён қонунчиликка мувофиқ ўтди. Сайлов комиссиялари аниқ ва самарали ишлади.

 

Сайлов кампанияси олдидан Марказий сайлов комиссияси ва мамлакат ҳукумати демократик сайловларни ўтказишга оид халқаро тажрибани чуқур ўрганиш бўйича катта ишларни олиб борган. Шу масалага бағишланган конференциялардан бирида ўзим ҳам қатнашдим. Бугун кўриниб турибдики, халқаро амалиётдаги барча ижобий жиҳатлар сайлов тизимига муваффақиятли татбиқ этилмоқда.

 

Валериус СИМУЛИК,

депутат, Литва Сеймидаги Ўзбекистон билан парламентлараро ҳамкорлик бўйича гуруҳи раиси:

 

– Ўзбекистонда сайлов жараёни демократия талабларига уйғун, очиқ ва ошкора ўтишини таъминлашга қаратилган барча шарт-шароит яратилган. Алоҳида қайд этиш керакки, номзодлар орасида хотин-қизлар ҳам кўпчиликни ташкил қилди. Улар давлат томонидан қатор соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчиларидир. Аёлларнинг парламент фаолиятида қатнашиши мамлакатда самарали гендер сиёсати юритилаётганига ёрқин мисолдир.

 

Бугун атроф-муҳит муҳофазаси муаммолари инсониятни хавотирга солмоқда. Ўзбекистонда экология масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани диққатга сазовор. Парламент қуйи палатасида Экоҳаракат учун 15 та депутатлик ўрнининг ажратилиши давлат раҳбарияти томонидан табиат муҳофазаси ва инсон саломатлигини асраб-авайлашга устувор аҳамият берилаётганини яққол намоён этиб турибди.

 

Сайлов якунланганидан сўнг парламентнинг янги таркиби билан ҳам мустаҳкам ҳамкорлик олиб боришга умид қиламиз. Уларни Литвада кутамиз. Тажриба алмашиш, ўйлайманки, ҳар икки томон учун ҳам фойдалидир.

 

Вижай ЖОЛЛИ,

“Бхаратия жаната парти” партиясининг ташқи алоқалар шуъбаси мувофиқлаштирувчиси (Ҳиндистон):

 

– Ўзбекистондаги муҳим сиёсий воқеа – парламент сайлови демократик андозаларга мувофиқ ташкил этилди.

 

Сиёсий партиялардан номзодлар халқ манфаатларига хизмат қилувчи аниқ мақсадли дастурларини таклиф этди. Бу эса аҳолининг сиёсий фаоллигини оширишга туртки берди. Маҳаллий ОАВда сиёсий партиялар томонидан олиб борилган кенг кўламли ташвиқот ишлари кўмагида сайловчилар уларнинг фаолиятидан яхши хабардор бўлдилар. Шу асосда жойларда ташкил қилинган сайлов участкаларида ўз танловларини амалга оширдилар.

 

Бу галги парламент сайловида сиёсий партиялар ўртасидаги ҳалол курашга гувоҳ бўлдим. Сайловчиларга муқобил номзодни танлаш имконияти берилди. Ҳуқуқшунос сифатида айтишим жоизки, бунда сиёсий партиялар ролини оширишга оид ҳуқуқий асос яратилгани муҳим омил бўлди. Масалан, парламентда энг кўп депутатлик ўрнини олган партия Бош вазир номзодини таклиф этади. Бу демократиянинг ёрқин ифодасидир.

 

Ёнг Жо ЛИ,

Кёнхи университети Халқаро Тинч океани тадқиқотлари олий мактаби профессори (Корея Республикаси):

 

– Сайлов жараёнлари менда ижобий таассурот қолдирди. Улар юқори даражада ўтказилди. Сайловчиларнинг участкаларга келиб, ўзларининг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқаришлари учун барча шарт-шароит тақдим этилди. Бухорода сайловларни кузатдим. Сайлов комиссиялари ўзларининг асосий ишларидан ташқари, сайлов участкаларига келиш имконига эга бўлмаган беморлар, кексаларнинг уйларига боришди. Бизнинг давлатда бундай амалиёт йўқ. Ҳамма учун сайлов ҳуқуқини таъминлаш нуқтаи назаридан мамлакатингиз тажрибаси диққатга сазовор. Бошқа тарафдан барча участкаларда сайлов учун зарур имкониятлар яратилганига шоҳид бўлдим. Она ва бола, тиббиёт хоналари шулар жумласидандир. Сайлов участкаларида сиёсий партиялар аъзолари, депутатликка номзодларнинг ишончли вакиллари қатнашди. Уларнинг иштироки сайлов жараёни очиқлиги, унинг натижалари холислигидан далолат беради.

 

Яр Муҳаммад БАДИНИ,

Balochistan Today” газетаси ва “Balochistan Times” журнали бош муҳаррири (Покистон):

 

– Демократиянинг муҳим шартларидан бири кўппартиявийликдир. Тўртта партия томонидан ўзаро ҳалол рақобатга киришилгани, дебатлар олиб борилгани, номзодлар илгари сурилганига гувоҳ бўлдим. Бу ҳар томонлама муҳокамадан ўтказилган ҳамда аҳолини қизиқтираётган масалалар фуқаролар хоҳиш-иродасида акс этишида муҳим аҳамиятга эгадир. Марказий сайлов комиссияси бу борада самарали иш олиб борди, сиёсий партияларнинг сайловларда қатнашиши учун барча имкониятни яратиб берди.

 

Ли СИНЬ,

Шанхай халқаро тадқиқотлар академиясининг Россия ва Марказий Осиё мамлакатлари тадқиқотлари маркази директори, профессор (Хитой):

 

– Ўзбекистондаги сайловларни кузатиш ва унда иштирок этиш мен учун катта шараф. Самарқанддаги бир қатор сайлов участкаларида бўлиб, муҳим тадбирда ғайрат билан қатнашган бу кўҳна шаҳар аҳолисининг катта ижтимоий-сиёсий фаоллиги гувоҳига айландим. Мамлакатингизда шакллантирилган мустаҳкам меъёрий-ҳуқуқий база ҳар бир инсоннинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишга имконият яратади. Сайловчилар сиёсий партиялар ва номзодларнинг дастурлари билан яхши таниш. Уларнинг айтишича, кенг кўламли сайловолди ташвиқоти – ОАВда мақолалар, теледебатлар, сайловчилар билан учрашувлар ташкил этилиши танлов масаласини ҳал қилишга сезиларли таъсир ўтказган. Бу сайловолди ташвиқотининг самарадорлигини яна бир карра тасдиқлайди.

 

Майкл ЭДЕЛЬШТЕЙН,

Атроф-муҳитни ўрганиш бўйича институт директори, Ромапо коллежи профессори (АҚШ):

 

– Қайси сайлов участкасига борган бўлсам, ҳаммасида ишлар юқори савияда ташкиллаштирилганини кўрдим. Сайлов комиссиялари аъзоларининг профессионаллиги, ҳуқуқий билими юксаклигини алоҳида қайд этиш жоиз. Мен юртингиз сайлов қонунчилигини ўрганиб чиқдим. Назаримда, унда ушбу соҳадаги халқаро стандартлар, сайлов кампаниясининг барча янгиликлари ўз инъикосини топган. Участкаларда сайловчилар кўп келиши кузатилгани баробарида, сайловлар тартибли, дўстона муҳитда ўтди.

 

Владимир ФИЛИППОВИЧ,

МДҲ Ижроия қўмитаси бўлим бошлиғи:

 

– Сайлов участкалари фаолияти билан танишиб, комиссиялар томонидан катта тайёргарлик ишлари олиб борилганини англаш мумкин. Сайловга тараддуд юқори даражада бажарилган. Сайловни очиқлик, ошкоралик тамойиллари асосида ўтказиш, фуқароларнинг эркин овоз беришлари учун зарур шарт-шароитлар муҳайё қилинган. Ҳар бир участкада сайловчилар учун танлаш муқобиллиги таъминланган. Турли сиёсий кучлардан депутатликка номзодлар илгари сурилгани бунга мисолдир.

 

Ўзбекистонда аввалги сайловларда ҳам иштирок этганман. Уларнинг барчаси қонунлар доирасида ўтказилган. Сайловларда сайловчиларнинг фаол иштироки, сиёсий партияларнинг муносиб курашини кўриш қувонарлидир. Сайлов қонунчилиги мунтазам такомиллаштирилиб, янада демократлаштирилмоқда. Буларнинг барчаси сайловларнинг ҳаққоний ва адолатли ўтишига имкон яратди.

 

Ичиро ЦУКАДА,

Япония парламенти юқори палатаси депутати, Ўзбекистон билан дўстлик парламент лигаси ижроия қўмитаси раҳбари:

 

– Сайловларни кузатиб, барчаси умумэътироф этилган халқаро демократик тамойилларга мувофиқ, очиқ ва ошкора ўтганининг гувоҳи бўлдим. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда сайловни ўтказиш ва уни ташкил қилишда ўзига хос ёндашув ҳамда методика ишлаб чиқилган. Хусусан, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, маҳаллий ва халқаро кузатувчиларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини амалга ошириш бўйича яхлит тизим яратилган. Бу профессионал ва юқори даражада ташкил этилган сайловларнинг муваффақиятли ўтишини таъминлади.

 

Ҳасан Басрий АРСЛАН,

ИҲТ бош котибияти маҳкамаси ходими:

 

– Бевосита сайлов жараёнларини кузатиб, Ўзбекистонда парламент ва маҳаллий Кенгашларга сайловлар очиқ, ошкора, демократик принциплар асосида ўтганига амин бўлдим. Кузатувчилар учун сайлов кампанияси ҳақида барча зарур ахборотларни олиш, қизиқтирган саволларга жавоб топиш имкони яратиб берилди. Оммавий ахборот воситалари сайлов жараёнини мунтазам ёритиб борди. Сиёсий партияларга тенг имкониятлар яратилди. Сўнгги йилларда мамлакатингизда миллий сайлов қонунчилиги янада ривожлантирилиб, халқаро талабларга мос демократик тизим яратилди. Унда кўзда тутилган мақсад эса фуқароларнинг сайлаш ва сайланишга оид ўз конституциявий ҳуқуқларини янада кенг рўёбга чиқаришга яқиндан кўмак беради.

 

Датук Сери Мохд Хашим АБДУЛЛА,

Малайзия сайлов комиссияси раиси ўринбосари:

 

– Сайлов куни сайлов участкалари сайловчиларни қабул қилишга тўла-тўкис тайёр ҳолга келтирилди. Жараёнлар қонунчиликка мувофиқ пухта ташкиллаштирилди. Барча сайлов участкаларида она ва бола ҳамда тиббиёт хоналарининг мавжудлиги, хавфсизлик таъминлангани катта таассурот қолдирди. Бу ҳам одамларга кўрсатилаётган ғамхўрлик намунасидир. Сайловчиларнинг сайлаш ҳуқуқларини амалга ошириш учун барча шарт-шароит яратилган. Фуқаролар бундан фаол фойдаландилар.

 

Ўзбекистон сайлов қонунчилиги, кўппартиявийлик тизимини чуқур ўргандим. Айтиш жоизки, юртингизда сиёсий кураш маданияти ва соғлом рақобат юқори даражада ривожланмоқда.

 

Ўзбекистонга нафақат сайловларни кузатиш, балки бу борадаги ижобий тажрибани ўрганиб, уни мамлакатимизда ҳам жорий этиш мақсадида келганмиз. Юртимизда ёшларга катта эътибор қаратилади. Биламизки, Ўзбекистонда ҳам улар сони аҳолининг ярмидан кўпини ташкил этади. Сайловга тайёргарлик ишларига ёш авлод вакиллари ҳам жалб қилингани диққатга сазовор. Зеро, ёшлар – ҳар қандай давлатнинг келажагидир.

 

Муҳаммад САЛАМА,

“Хабар” газетаси бош муҳаррири ўринбосари (Миср):

 

– Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловлар ўзбек халқи учун муҳим сиёсий воқеадир. 2004 йилги сайловларни ҳам кузатиб боргандим. Таъкидлаш лозимки, айни пайтда аҳолининг ҳуқуқий тафаккури анча ўсган, кўппартиявийлик тизими мустаҳкамланган, сиёсий кучлар ўртасидаги рақобат кучаймоқда. Журналист сифатида менда ОАВда чиққан ташвиқот материаллари қизиқиш уйғотди. Масс-медиа майдонида сиёсий партиялар учун тенг ва бир хил шароитлар яратиб берилди. Бу сайлов жараёнининг максимал очиқ ҳамда ошкора ўтишида муҳим роль ўйнади.

 

Сайлов куни Самарқанд шаҳридаги сайлов участкаларига бордим. Ҳеч қандай қонунбузилиш ҳолатлари кўзга ташланмади. Самарқандликлар парламент сайловларида фаоллик кўрсатганини айтиш лозим. Сайловчилар депутатликка номзодларнинг дастурлари ҳамда партияларнинг сайловолди платформаларидан яхши хабардор эканлиги сезилди.

 

Участка сайлов комиссияларининг тезкор ва аниқ фаолияти ҳам таҳсинга сазовор.

 

Борис МАНЕЕВ,

“БЛОК” Бутунисроил ҳаракати раиси, “Исроил – Ўзбекистон” дўстлик жамияти раҳбари, Кирьят-Гат шаҳри мэри маслаҳатчиси:

 

– Юртингизда ўтказилган парламент сайловларини кузатар эканман, улар демократия ва транспарентлик тамойилларига мос ўтганига ишонч ҳосил қилдим. Тошкентдаги қатор (28, 75, 83, 158, 173, 160, 437, 479, 540-) сайлов участкаларига бордим. Ушбу сиёсий воқеага пухта тайёргарлик кўрилганига гувоҳ бўлдим. Сиёсий партиялар томонидан сайловчиларга босим ўтказиш ҳолатлари кузатилмади. Республикангизда жаҳон стандартларига муштарак сайловларни муносиб даражада ўтказиш имконини берадиган демократик сайлов тизими тўлиқ шакллантирилган.

 

Сайлов жараёнида ёшларнинг фаол иштирокини қайд этмоқчиман. Аниқ мақсадни олдига қўйиб вояга етаётган авлод мамлакат тақдири ва келажагига бефарқ эмас. Ўзбекистоннинг бугунги ёшлари эришаётган натижалардан ҳайратга тушаман. Улар таълим, спорт, фан, иқтисодиёт, санъат ва маданият соҳаларида катта ютуқларни қўлга киритмоқдалар.

 

«Халқ сўзи» мухбирлари

Саиджон МАХСУМОВ,

Зиёда АШУРОВА

ёзиб олди.

17217

24Декабрь 2014



Долзарб мавзулар