Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Кўзатувчи | Рўйхатга ўтиш

Ўзбекистонда сайловлар демократия талабларига уйғун тарзда ўтказилди

Халқаро кузатувчилар мамлакатимизда 21 декабрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда давлат ҳокимияти вакиллик органлари сайловлари демократия талабларига уйғун тарзда ўтганлигини эътироф этмоқдалар. Қуйида улардан айримларининг фикр-мулоҳазалари билан танишасиз.

 

Фадли ЗОН, Индонезия халқ вакиллари Палатаси спикери ўринбосари:

 

– Сайлов куни Тошкент шаҳридаги бир қатор сайлов участкаларида бўлиб, овоз бериш жараёнини кузатдим. Мен кўпгина мамлакатларда бўлганман. Аммо сайловга шу қадар пухта ҳозирлик кўрилгани ҳамда фуқароларнинг юқори даражадаги фаоллигини камдан-кам кузатганман. Сайлов участкаларида халқаро кузатувчилар, сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари, депутатликка номзодларнинг ишончли вакиллари, журналистлар иштирок этгани сайлов жараёнларининг чинакам очиқлигини таъминлади. Ўз миссиямизни бажаришга сайлов комиссиялари яқиндан кўмаклашди. Қонунчиликда парламент қуйи палатасида Экоҳаракат вакиллари учун 15 депутатлик ўрнининг квоталаниши назарда тутилгани эътиборлидир. Бу атроф-муҳит ва инсон саломатлиги муҳофазаси йўлида кенг жамоатчиликни бирлаштирган ушбу ташкилотнинг нуфузини, давлат ҳокимияти унинг фикрларини инобатга олишга тайёрлигини кўрсатади.

 

Ўзбекистонда давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловлар осойишта, демократия тамойиллари асосида ўтказилди. Шубҳасиз, бунда сайлов қонунчилигининг шакллантирилгани муҳим омил бўлди.

 

Экзам ГУБАЙДУЛЛИН, Россия Федерацияси Татаристон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси:

 

– Мамлакатингизнинг илғор демократик стандартлар асосида такомиллаштирилган сайлов қонунчилигини катта қизиқиш билан ўрганиб чиқдим. Айниқса, Марказий сайлов комиссиясига конституциявий орган мақоми берилгани таҳсинга сазовор. Кўплаб ривожланган давлатларда сайлов органларида бундай ваколат йўқ. Юртингизнинг мазкур ташаббуси сайлов жараёнларининг демократик руҳда ўтишига заминдир. Сайлов куни овоз бериш жараёнларини кузатиб, Ўзбекистон ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлида дадил одимлаётганига яна бир бор амин бўлдим. Чунки сайловнинг барча босқичлари транспарентлик ва ошкоралик асосида ўтказилди.

 

Анил Кумар ШАСТРИ, “Ҳиндистон миллий конгресси” Бутунҳиндистон қўмитаси департаменти раиси:

 

– Ўзбекистонда кўппартиявийлик тизими ва партиялар ўртасидаги сиёсий кураш ҳамда соғлом рақобат тобора ривожланиб бораяпти. Буни давлат ҳокимияти вакиллик органларига бўлиб ўтган сайлов, ундан аввал самарали ташкил этилган сайловолди ташвиқотлари ҳам яққол кўрсатиб турибди. Овоз бериш куни Тошкент шаҳридаги 148-сайлов участкаси фаолиятини бориб кўрдик. Ҳеч қандай қонунбузилиш ҳолатлари кузатилмади. Буни бошқа кузатувчилар ҳам алоҳида эътироф этдилар.

 

Петер ФРАНКЕ, “Wostok” журнали бош муҳаррири (Германия):

 

– Ўзбекистон демократик ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамияти қуриш йўлидан катта ишонч билан бораяпти. Сайловчилар ўз хоҳиш-иродасини эркин билдиргани бунга ёрқин мисолдир. Юртингизда бўлиб ўтган сайловларда сиёсий фаоллик, сайловчиларнинг кўтаринки кайфияти, уларнинг ўтказилган муҳим воқеликка тўғри ва холис ёндашишлари менда катта таассурот қолдирди. Урганч шаҳридаги бир нечта сайлов участкаларида бўлиб, бунинг жонли гувоҳига айландим.

 

Кэт РИЗ, “The Haven Wolverhampton” ННТ бош директори (Буюк Британия):

 

– Сайлов кузатувчиси сифатида Ўзбекистон экологик ҳаракати мамлакат парламентига ўз вакилларини илгари суриши менда катта қизиқиш уйғотди.

Бу, шубҳасиз, мамлакатда долзарб вазифалардан бири бўлган атроф-муҳит ва аҳоли саломатлиги муҳофазасида давлат ҳокимияти вакиллик органлари ролини оширишга хизмат қилади. Бизда Яшиллар партияси бор, лекин унинг жамиятда тутган ўрни юртингиздаги экологлар, атроф-муҳит ҳимоячиларининг ушбу жамоатчилик оммавий ҳаракати каби эмас.

 

Ахим КОЕДДЕРМАНН, Нью-Йорк давлат университети профессори (АҚШ):

 

– Юртингиз ҳаётида демократик тамойиллар тобора чуқурлаштирилаяпти. Бунга сайловда, хусусан, Самарқанддаги овоз бериш жараёнини кузатиш асносида яна бир бор ишонч ҳосил қилдим. Ушбу сиёсий воқеага тайёргарлик, ташвиқот-тарғибот ҳамда овоз бериш жараёнлари миллий ва халқаро ҳуқуқий ҳужжатларга қатъий амал қилинган ҳолда ўтказилди.

 

Аккан СУВЕР, “Мармара групп” стратегик ва ижтимоий тадқиқотлар Фонди бош директори (Туркия):

 

– Сайлов куни Фарғонадаги сайлов участкаларида бўлдик. Фуқаролар сайловда фаол иштирок этишди. Улар орасида участкага фарзандлари билан келган аёллар кўпчиликни ташкил қилди. Улардан бири ёш гўдагини кўтариб келганини кўрганимда, тўғриси, жуда ҳайратландим. Аслида у ўз фарзанди ва оиласининг келажагини ўйлаб овоз берди. Ўз навбатида, ҳар бир сайлов участкасида она ва бола ҳамда тиббиёт хоналари ташкил этилгани диққатга сазовордир.

 

Амея САТАЕ, “Diplomacy India.com” ахборот-таҳлилий портали ижрочи директори (Ҳиндистон):

 

– Ўзбекистонда сайлов жараёнларини кузатиб, демократик жамият қарор топаётганлигига амин бўлдик. Давлат бошқарувида фуқароларнинг иштироки янада сезиларли даражада ўсмоқда. Бу республиканинг катта муваффақиятидир. Ўтказилган сайловларда тўртта партиянинг фаол қатнашгани, уларнинг сайлов кампанияси давридаги соғлом рақобати фуқаролик жамиятининг роли ошиб бораётганидан гувоҳлик беради. Одамлар билан суҳбат чоғида халқ сайловларга, мамлакат тақдирига бефарқ эмас, деган хулосага келдим.

 

Жаклин ШТИГЛМАЙЕР, адвокатлик компанияси раҳбари (Германия):


– Сайловнинг барча босқичлари – техник-ташкилий тайёргарлик, сайловолди кампанияси, аҳоли ўртасидаги кенг тушунтириш ишлари, оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш, овоз бериш жараёни қонунчиликка қатъий риоя этилган ҳолда олиб борилди. Бу сиёсий воқеада транспарентлик, адолатлилик, очиқлик каби энг зарур тамойиллар тўла таъминланди. Юртингизда кузатувчи сифатида фаолият юритиб, бу борада ҳаммаси рисоладагидек ташкил этилганига гувоҳ бўлдим.

 

Александрс САКОВСКИС, парламент депутати (Латвия):

 

– Бухоро шаҳрида сайловларни кузатдик. Сайлов участкаларида ҳамма нарса шай қилиб қўйилганини алоҳида айтишни истардим. Комиссия фаолияти, сайловчиларнинг яширин овоз беришлари учун барча шарт-шароит яратилган. Участкага фарзандлари билан келган ёки ўзини бетоб ҳис қилган сайловчилар учун зарур қулайликлар тақдим этилган. Уларга малакали ёрдам кўрсатилди. Жараённинг ўзи очиқлик, холислик нуқтаи назаридан халқаро стандартларга муштарак тарзда ўтди. Сайловларни нафақат халқаро экспертлар, балки аккредитациядан ўтказилган хорижлик ва маҳаллий журналистлар, партиялар аъзолари, номзодларнинг ишончли вакиллари кузатиб борди. Сайловчиларнинг юқори даражадаги фаоллигини куннинг иккинчи ярмидаёқ сайлов қутилари бюллетенлар билан деярли тўлганидан ҳам кўриш мумкин.

 

«Халқ сўзи» мухбирлари

Саиджон МАХСУМОВ,

Зиёда АШУРОВА ёзиб олди.

10070

25Декабрь 2014



Долзарб мавзулар