Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Кўзатувчи | Рўйхатга ўтиш

«Дунфан Сзаобао» газетаси Ўзбекистонда бўлиб ўтган парламент сайловлари ҳақида

Шанхайда чоп этиладиган «Дунфан Сзаобао» («Шарқ тонги») газетасида ушбу нашр ижодий ходими Вей Синнинг Ўзбекистонда бўлиб ўтган парламент сайловлари ҳақидаги туркум мақолалари босилиб чиқди. Улар журналистнинг ушбу муҳим воқеани ёритиш учун мамлакатимиз бўйлаб амалга оширган ижодий сафарининг маҳсули сифатида дунё юзини кўрди.

 

Муаллиф мақолаларида Ўзбекистонда 2014-йил долзарб воқеаларга бой бўлгани, улар орасида республика Олий Мажлисига сайловлар энг муҳим аҳамиятни касб этгани алоҳида таъкидланади.

 

Нашр мазкур сайловлар қонунчиликка киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ, парламентаризм институтини янада кучайтириш шароитида ўтгани ҳақида маълумот берар экан, “Қонунчилик палатасига сайлов бўйича ўртача 154 минг сайловчи ҳисобга олинган ҳолда 135 та сайлов округи тузилди, 9035 та, шу жумладан, Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида 44 та сайлов участкаси ташкил этилди”, деб ёзади. Муаллиф “сайловлар мониторингида кўп сонли хорижлик ва халқаро экспертларнинг иштирок этгани Ўзбекистоннинг ўсиб бораётган обрў-эътиборидан ҳамда мамлакатда ҳаётга тадбиқ этилаётган ислоҳотларга жаҳон ҳамжамияти катта қизиқиш билан қараётганидан далолат беришини” қайд этади.

 

Хитойлик журналист газета ўқувчиларини Тошкентнинг турли сайлов участкаларидаги овоз бериш жараёнлари билан атрофлича таништирган. “Фуқаролар эрталабданоқ кўтаринки кайфиятда ўзлари танлаган муносиб номзодларни ёқлаб овоз бериш учун сайлов участкаларига келишди, чунки улар парламентда ҳамда маҳаллий ҳокимият органларида электорат манфаатларини илгари суришади ва ҳимоя қилишади”.

 

Вей Син сайловларда ёшларнинг фаол иштирок этгани ва уларнинг ўз мамлакати тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга бўлган интилишлари ҳақида ҳам алоҳида тўхталган.

 

«Дунфан Сзаобао» репортёри ўзбекистонлик сайловчиларнинг юксак ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқий маданияти, уларнинг сайловларда қатнашган турли сиёсий партиялар дастурларидан жуда яхши хабардор эканлиги ҳамда ўз Ватани тақдирига муносабати даражаси юқорилигидан катта тассуротлар орттирганини таъкидлайди. “Овоз бериш жараёни сайловчиларнинг фаол иштирокида, четдан ҳеч бир аралашувларсиз, шаффофликда ва юксак ташкилотчилик даражасида ўтди. Сайлов участкалари яширин овоз бериш хоналари, оналар ва болалар учун, тиббий ёрдам кўрсатиш учун алоҳида бўлмалар билан жиҳозланган эди. Саломатлиги тақозосига кўра участкага кела олмаган сайловчилар ўз уйларида овоз беришлари учун маҳаллий комиссия томонидан кўчма сайлов қутилари ҳам ташкил қилинган эди”, деб ёзади у.

 

Муаллиф мамлакат бўйича сайловчилар рўйхатига 20 миллион 789 минг 572 нафар сайловчининг исми шарифи киритилгани ҳолда сайловда 18 миллион 490 минг 245 нафар ёки сайловчиларнинг 88,94 фоизи қатнашгани ҳақидаги маълумот билан бирга ушбу муҳим сиёсий тадбир юзасидан хорижлик кузатувчилар ҳамда халқаро ташкилотлар вакилларининг баҳолари ва фикр-мулоҳазаларини ҳам қаламга олган. Жумладан, МДҲ кузатувчилари миссияси раҳбари, МДҲ ижрочи котиби Сергей Лебедевнинг Ўзбекистонда бўлиб ўтган сайловлар миллий қонунчиликка, халқаро умумеътироф этилган халқаро меъёрларга мувофиқ, очиқ ва ошкора тарзда ўтказилгани хусусида баёнот бергани, ўз навбатида, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти кузатувчилари миссияси раҳбари, ШҲТ Бош котиби ўринбосари Маҳмадшариф Хақдодовнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва Ўзбекистон томонидан қабул қилинган халқаро мажбуриятларга мувофиқ равишда, очиқ, ошкора ва демократик руҳда ўтгани тўгърисида расман фикр билдиргани ҳам хитойлик газетхонларнинг эътиборига ҳавола қилинган.

 

“Парламент сайловлари сайлов ҳуқуқи талаблари бузилмаган ҳолда, ҳалоллик ва очиқлик муҳитида, демократия меъёрлари ва Конституция тамойилларига ҳамда амалдаги қонунларга мувофиқ равишда ўтди, деб ёзади Вей Син. Ўзбекистонда бўлган чогъимизда биз сайлов жараёни ташкил этилишига жуда пухта тайёргарлик кўрилганига ишонч ҳосил қилдик. Фуқароларнинг, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ҳамда ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга қаратилаётган эътибор ҳам юксак баҳога сазовордир”.

 

“Жаҳон” АА, Шанхай.

14078

14Январь 2015



Долзарб мавзулар