Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Кўзатувчи | Рўйхатга ўтиш

Ширин Акинер: “Сайловлар чоғида аҳолининг юксак фуқаролик фаоллиги яққол намоён бўлди”

Мамлакатимизнинг Лондондаги элчихонасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловларнинг якунларига бағишланган брифинг бўлиб ўтди. Унда Буюк Британия парламенти, вазирлик ва давлат ташкилотлари, Британия - Ўзбекистон жамияти, Бирлашган Қиролликнинг ишбилармон, эксперт-таҳлил ва илмий доиралари вакиллари ҳозир бўлдилар.

 

Брифинг чоғида 2014 йил 21 декабр куни мамлакатимизда ўтказилган парламент сайловларининг якунлари, мазкур сиёсий тадбирнинг Ўзбекистоннинг янада демократлашуви ва сиёсий модернизациялашишида муҳим босқич сифатидаги аҳамияти билан боғлиқ маълумотлар тадбир иштирокчиларининг эътиборига ҳавола қилинди. Алоҳида қайд этилганидек, сайловлар Президент Ислом Каримов томонидан 2010-йил ноябр ойида мамлакат Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлисида илгари сурилган Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси доирасидаги ислоҳотлар руҳига монанд равишда ўтказилди. Мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган тўрт сиёсий партия ўртасида депутатлик ўринларининг бўлингани, экологик ҳаракатга Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги 150 та ўриндан 10 фоиз миқдордаги квотанинг ажратилгани ҳақидаги маълумотлар хусусида ҳам атрофлича фикр юритилди.

 

Таъкидланганидек, сайловларда 5 халқаро ташкилот - Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти, шунингдек, 52 хорижий давлатдан 340 нафардан ортиқ кузатувчи иштирок этди. Брифинг чоғида сайлов жараёнлари мониторингини олиб борган британиялик халқаро кузатувчилар ўз баҳоларини ҳамда мамлакатимизда орттирган таассуротларини тадбир қатнашчилари билан ўртоқлашдилар.

 

Британия - Ўзбекистон жамияти раиси, доктор Хартли Бут мамлакатимизда мустақил ривожланиш йиллари давомида рўй берган ўзгаришларга ижодий баҳо берди. У қайд этганидек, Ўзбекистон демократияни босқичма-босқич қуриш йўлида дадил қадамларни ташламоқда.

 

Х. Бут сайловлардаги иштироки доирасида халқаро кузатувчи сифатида еттита сайлов участкасида бўлгани ҳамда округ сайлов комиссияси расмийлари билан суҳбатлашганини маълум қилди. У овоз бериш участкаларида овоз бериш учун барча шароитлар яратилгани хусусида тўхталар экан, бирорта ҳам сайлов участкасида сайловчиларга ҳамда кузатувчиларга четдан таъсир ўтказиш ҳоллари кузатилмаганини эътироф этди. “Бу сайловларнинг шаффофликда ҳамда адолатли ўтганини тасдиқлайди”, деди у.

 

Экспертнинг фикрича, Экологик ҳаракатга Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида 15 ўриннинг ажратилгани асослидир ва бу мамлакат ҳукуматининг атроф муҳити ва унинг муҳофазаси масалаларига қаратаётган эътиборидан ҳамда бу жараёнда жамоатчилик ташкилотларининг ўрни салмоқли эканлигидан далолат беради.

 

Шунингдек, британиялик эксперт Қонунчилик палатасига сайланган 150 депутатнинг 24 нафари хотин-қизлар эканлигига ҳам эътибор қаратар экан, бундай ҳолат Ўзбекистонда мувозанати таъминланган гендер сиёсати юритилаётганидан далолат беришини айтди.

 

Британия - Ўзбекистон жамияти раисининг ўринбосари, доктор Ширин Акинер ушбу сайловларда халқаро кузатувчи сифатида қатнашишга таклиф этгани учун Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясига миннатдорлик изҳор этди. Унинг фикр билдиришича, мазкур парламент сайловлари ташкилий жиҳатдан ҳам, мазмунан ҳам муваффақиятли ўтди.

 

Эксперт Термиздаги сайлов участкаларида сиёсий партиялар номзодларининг миллий таркибига алоҳида аҳамият қаратгани ҳақида сўзлар экан, ўзбеклар билан бир қаторда улар орасида қозоқ, тожик, рус, корейс миллатига мансуб номзодлар ҳам борлигини қайд этди. “Сайловчилар билан суҳбатлашган чоғимда улар мустақиллик йиллари давомида ўз мамлакатида рўй берган салмоқли ижтимоий - иқтисодий ўзгаришлардан баҳраманд бўлишаётганини айтишди”, деди у.

 

Ш. Акинер сайловлар пайтида аҳолининг юксак фуқаролик фаоллиги яққол намоён бўлганини, шу билан бирга, сиёсий партиялар ўртасидаги рақобат муҳити ҳам сезилиб турганини қайд этди.

 

Лондон шаҳар ва Вестминстер Консерватив уюшмаси раисининг ўринбосари Ботагоз Хопкинс сайловлар муваффақиятли ўтгани ва демократлаштириш соҳасида қўлга киритаётган муваффақиятлари билан Ўзбекистонни қутлади.

 

Марказий Осиё минтақасида туғилган ва ёшлик чоғларидан буён Ўзбекистонга тез-тез келиб турадиган Б.Хопкинс мамлакатимиз ўтмишини бугунги куни билан таққослар экан, юртимизда мустақиллик йиллари давомида салмоқли тараққиётга эришилганини алоҳида таъкидлади. “Ўзбекистон мустақил ривожланишнинг дастлабки йиллари давомида қандай мураккабликларга дуч келганини британияликлар ва, умуман, европаликларнинг аксарияти теран тушуниши қийин, деди Б.Хопкинс. Ўша кезлари кўп ишларни йўқдан ёки янгидан бошлашга тўғри келган. Тарихан қисқа давр ичида мамлакат тараққиёт йўлида катта муваффақиятларга эришди, ўз халқининг муносиб ва бахтли ҳаёт кечириши учун зарур бўлган барча шароитларни яратишга муваффақ бўлди”.

 

“Жаҳон” АА, Лондон

17109

19Январь 2015



Долзарб мавзулар