Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Сайловчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

·  Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бу ҳуқуқ фуқароларнинг референдумларда, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ва ҳокимиятнинг вакиллик органлари сайловида қатнашиши орқали амалга оширилади.

·  Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий мавқеи, ирқий ва миллий мансублиги, жинси, маълумоти, тили, динга муносабати, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар тенг сайлов ҳуқуқига эгадир. 

·  Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. 

·  Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир фуқаро-сайловчи бир овозга эга. 

·  Ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган ҳамда бевосита сайловгача камида ўн йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайланиш ҳуқуқига эга. 

·  Сайлов куни йигирма беш ёшга тўлган ҳамда камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. 

·  Сайлов куни йигирма беш ёшга тўлган, камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига ва маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайланган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. 

·  Сайлов куни йигирма бир ёшга тўлган ҳамда камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳокимиятнинг маҳаллий вакиллик органларига сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. 

·  Сайловчилар қаерда бўлишларидан қатъи назар, уларга референдумларда, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ва ҳокимиятнинг вакиллик органлари сайловларида бевосита қатнашиш ҳуқуқи кафолатланади. 

·  Сайловчилар ўз хоҳиш-иродаларини эркин билдириш ва яширин овоз бериш ҳуқуқига эгадирлар. Участка сайлов комиссиялари овоз беришни махсус ажратилган биноларда ташкил этиб, фуқароларга хоҳиш-иродани эркин ва яширин равишда билдириш имкониятини яратадилар. 

·  Сайловчиларнинг хоҳиш-ирода билдиришларини назорат этишга йўл қўйилмайди. Сайлов кунига қадар ёки сайлов кунида 18 ёшга тўланадиган, тегишли сайлов участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилиб турган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари сайловчилар рўйхатига киритилиш ҳуқуқига эгадирлар. 

·  Ҳар бир сайловчи фақат битта сайловчилар рўйхатига киритилиши мумкин. 

·  Сайловчиларга участка сайлов комиссиясининг биносида сайловчилар рўйхати билан олдиндан танишиб чиқиш имконияти таъминланади. 

·  Сайловчи сайловчилар рўйхатидаги хато ва ноаниқликлар тўғрисида сайлов комиссиясига арз қилиш ҳуқуқига эга. Участка сайлов комиссияси йигирма тўрт соат ичида бундай аризани кўриб чиқиши ҳамда ёки хатони тузатиши, ёки аризачига унинг аризаси асосли тарзда рад этилганлиги тўғрисидаги маълумотномани бериши шарт. 

·  Сайловчилар умумхалқ овозга қўйилган қарорларни, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодларни ёки ҳокимиятнинг вакиллик органларига кўрсатилган номзодларни ёқлаб ёки уларга қарши ташвиқот юритиш ҳуқуқига эгадирлар. 

·  Сайловчиларга ўз ижтимоий фаолликларини Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ митинглар, йиғилишлар ва намойишлар шаклида амалга ошириш ҳуқуқи кафолатланади. 

·  Бутун сайлов компанияси кенг ошкоралик асосида тузилади. Ҳар бир сайловчи сайлов давомида сайлов округлари ва участкаларини тузишга, сайлов комиссияларининг таркиби, комиссиялар жойлашган манзил ва иш вақтига, депутатликка номзодларни рўйхатга олиш, овоз бериш ва сайлов якунларига доир ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга. 

·  Тегишли сайлов комиссияларининг сайлов округлари ва участкаларини тузиш, сайлов комиссияларининг таркиби тўғрисидаги, шунингдек депутатликка номзодларни рўйхатга олиш, овоз бериш ва сайлов якунлари ҳақидаги қарорлари матбуотда еълон қилинади. 

·  Сайловчилар сайловда иштирок этаётган сиёсий партиялар ва айрим номзодларнинг келгуси фаолият дастури билан танишиш ҳуқуқига эгадирлар. 

·  Овоз бериш куни сайловчиларга бузиб қўйилган сайлов бюллетенини янгиси билан алмаштириб олиш ҳуқуқи кафолатланади. Сайлов бюллетенини алмаштириб беришни тегишли участка сайлов комиссияси амалга оширади. 

·  Сайлов куни ўз турар жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчилар олдинроқ овоз бериш ҳуқуқига эгадирлар. 

·  Тегишли участка сайлов комиссияси сайловчиларнинг талабига кўра белгиланган шаклда бўлган, депутатликка номзодлар тўғрисида тегишли маълумотлар қайд этилган сайлов варақаларини беради. Сайловчилар тўлдирилган сайлов варақасини ёпиқ конвертда участка сайлов комиссияси аъзоларидан бирида қолдиришлари мумкин. 

·  Саломатлигининг ҳолати ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмайдиган сайловчилар участка сайлов комиссиясига тегишли илтимос билан мурожаат этиш ҳуқуқига эга, бу комиссия овоз беришни ана шу сайловчилар турган жойда ташкил этиши шарт.                                                                                                                                                                     

“ФУҚАРОЛАР САЙЛОВ ҲУҚУҚЛАРИНИНГ КАФОЛАТЛАРИ ТЎҒРИСИДА”ГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИДАН КЎЧИРМАЛАР




Долзарб мавзулар