Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Ёш сайловчига!

Ёш сайловчига!

Ҳурматли сайловчи!

Ҳар бир киши учун вояга етганлик даври – бу ҳаётий тамойилларни шакллантириш вақти, куч-қувват ва янгиликларга интилиш вақтидир. Шу билан бирга бу ҳаётий йўлнинг янги босқичи ҳам. Бунда ўқиш, яшаш, ўз нуқтаи назарларини катталарнинг “кўмагисиз” ҳимоя қилиш, ўз хатти-ҳаракатлари учун масъулиятни ҳис этиш лозим бўлади.

Мураккабми?

Албатта! Лекин айнан шу тарзда ҳақиқий инсон шаклланиши мумкин. У ўз муаммоларини ўзгалар зиммасига юкламайди, балки ўзи уларни ҳал қилишга интилади.

Бундан ташқари балоғат ёши – бу ёшларнинг ҳар бир вакили жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритиш имконини берадиган ёш. Чунки Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига асосан 18 ёшга тўлган фуқаро давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ҳуқуқига, яъни актив сайлов ҳуқуқига эга бўлади. Кейинчалик, 21 ёшга тўлганда ушбу ҳуқуққа сайланиш ҳуқуқи, яъни 21 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси пассив сайлов ҳуқуқига эга бўлади.

Қуйида Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонунидан кўчирмалар берилган. Улар билан танишиб, ўйлаб кўринг! Чунки Сиз қайси Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод учун ўз овозингизни беришингиз жамиятимиз ва давлатимиз ривожланиши учун муҳимдир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида ўн йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкин.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонунининг 2-моддасида мустаҳкамлаб қўйилганидек, “сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар”.

Шундай қилиб, 18 ёшдан эътиборан Сиз учун Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32-моддаси тўла кучга киради. Унга кўра, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, рефередумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш йўли билан амалга оширилади

Конституциявий ҳуқуқдан қандай фойдаланиш мумкин?

Бунинг учун қуйидагиларни билиш лозим:

- Сиз овоз бермоқчи бўлган Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар ёки сиёсий партияларни, уларнинг сайловолди дастурларини;

- овоз бериш тартиботини билиш ва

- жиддий тарзда, катталар сингари, Ўзбекистон йўли қандай бўлиши лозимлиги, Сиз қандай давлатда яшамоқчисиз ва бунга ўз ҳаракатларингиз ва хоҳиш-иродангиз билан қандай эриши мумкинлиги ҳақида ўйлашингиз зарур.

Сўзсиз, бундай қарорлар қабул қилиш тажрибасига йиллар ўтган сари эга бўласиз. Лекин ушбу вазифани биринчи маротаба ҳал қилиш учун озгина тайёргарлик кўриш зарур. Ахир буни Сиз ўзингиз танлашингиз керак, у учун Сиз фуқаролик масъулиятига эгасиз ва унинг оқибатлари учун ҳеч кимдан кўролмайсиз.

Сайлов –демократик бошқарув шаклларининг марказий институти. Фуқароларнинг ҳокимият тузилмаларини шакллантиришдаги иштироки замонавий жамиятнинг умум эътироф этилган жиҳати ҳисобланади.

Сайловда иштирок этиш - бу нафақат муҳим конституциявий ҳуқуқ, балки айни вақтда воқеа ҳамдир. Бу иштирокчилардан ўз хатти-ҳаракатлари учун сиёсий масъулиятни талаб қилади.

Ўз навбатида қабул қилинаётган сиёсий қарорлар учун масъулият сайланувчи ва сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини шакллантиради.

Энди эса мамлакатимиз фуқаролари ҳокимиятга сайлов орқали таъсир этишлари ҳақида фикр юритамиз. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 9-моддасига асосан «жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари халқ муҳокамасига тақдим этилади, умумий овозга (референдумга) қўйилади». Сайлаш ва сайланиш конституциявий ҳуқуқи Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун нормалари билан ҳам мустаҳкамлаб қўйилган.

Энди демократик сайловлар тўғрисида тўхталиб ўтамиз. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига биноан демократик сайловлар умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан амалга оширилади.

Умумий сайлов ҳуқуқи принципи белгиланган ёшга етган, тўла муомалага лаёқатли, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳар қандай умумдавлат сайловида сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга эканлигини англатади.

Суднинг ҳукмига асосан, муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, суд ҳукмига мувофиқ озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас ва сайловда қатнашмайдилар.

Бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди.

Актив сайлов ҳуқуқига эга бўлган ҳар бир сайловчининг фамилияси сайлов участкаси бўйича сайловчилар рўйхатига киритилади.

Агар Сиз сайлов куни ўз сайлов участкасида овоз беролмасангиз, муддатидан олдин овоз бериш имконияти ҳам мавжуд.

Тенг сайлов ҳуқуқи принципи ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий аҳволига, ирқий ёки миллий мансублигига, жинси, маълумоти, тили, динга муносабатига, машғулот тури ва хусусиятига қараб Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сайлов ҳуқуқини бирон-бир тарзда бевосита ёки билвосита чеклаш тақиқланиши англатади.

Тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи принципи Ўзбекистон Республикаси Президенти фуқаролар томонидан бевосита сайланишини англатади.

Яширин овоз бериш принципи овоз бериш эркин ва яширин бўлишини кафолатлайди. Овоз берувчиларнинг хоҳиш-иродасини билдиришлари устидан назорат қилишга йўл қўйилмайди.

Ҳар бир сайлов участкасида яширин овоз бериш учун кабиналар ўрнатилади.

Ҳеч ким Сизнинг танловингизга таъсир кўрсатиши мумкин эмас.

Сиз ўз сайлов бюллетенгизни ёки сайлов варақангизни ҳеч кимга бериш ҳуқуқига эга эмассиз.

Демократик сайловларнинг бошқа тавсифловчи белгиларига мурожаат қилайлик.

Даврий сайловлар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз лавозимини беш йил мобайнида эгаллайди ва шундан сўнг барча даражадаги сайлов комиссиялари (марказийдан бошлаб участка даражасидаги) янги сайлов кампаниясини ташкил қилади.

Эсланг, сайлов қандай ўтказилади. Нима учун?

Ҳокимият учун сайловолди курашининг якуни овоз бериш натижалари билан белгиланади. Шунинг учун ҳам овоз бериш тартиботига нисбатан юқори талаблар қўйилади.

Масалан:

- овоз бериш учун кабиналар шундай ўрнатилиши лозимки, бунда сайловчининг ўз хоҳиш-иродасини яширин билдириш таъмнланиши зарур;

- бюллетенлар паспорт тақдим қилинганида берилиши лозим. Бунда ҳар бир киши бир маротаба ва ўзи учун овоз бериши назарда тутилади;

- сайлов қутиси пломбаланади;

- овоз бериш натижалари сайлов комиссиясининг баённомасида қайд этилади;

- сайлов комиссияси иши кузатувчилар томонидан назорат қилинади.

Сайловолди ташвиқоти

Таъкидлаш жоизки, қонунчиликда мустаҳкамлаб қўйилганидек, сайловолди ташвиқоти Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг дастури ва (ёки) сайловолди платформаси тўғрисидаги ахборотни номзодни ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод тўғрисидаги ахборотни уни ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатиш тарзида олиб борилади.

Сайловолди ташвиқоти омма олдида мунозаралар, баҳслар, матбуот конференциялари, интервьюлар, сўзга чиқишлар, сайловчиларнинг йиғилишлари, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод, сиёсий партия тўғрисидаги роликларни жойлаштириш шаклида олиб борилиши мумкин.

Сайловолди ташвиқоти усулларига келсак, у оммавий ахборот воситалари, шунингдек телевидение, умумий фойдаланишдаги ахборот-телекоммуникация тармоқлари (шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғи) орқали; босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини (плакатлар, варақалар ва бошқа материалларни) чиқариш ҳамда тарқатиш орқали; сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали амалга оширилиши мумкин. Номзодлар сайловолди ташвиқотини олиб боришнинг қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа турлари, шакллари ва усулларидан ҳам фойдаланиши мумкин.

Шу билан бирга сайловолди ташвиқоти шакллари ва усуслларини тартибга солувчи ҳуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамлаб қўйилганидек, оммавий ахборот воситаларида тарқатиладиган ахборот ҳақиқатга мос бўлиши, номзодларнинг, сиёсий партияларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузмаслиги керак. Ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни, шунингдек номзодларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотларни тарқатиш тақиқланади. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод учун босма, кўргазмали, аудиовизуал материалларни, фонограммаларни, босма маҳсулотнинг электрон шаклларини ва бошқа ташвиқот материалларини монеликсиз чиқариш ҳамда тарқатиш учун тенг шароитлар яратиб берилади.

Сайловолди ташвиқоти даврида номзод ўзига эътибор жалб қилишга ҳаракат қилади. радио, телевидение бўйича сўзга чиқиб ўз сайловолди дастурини баён этади. Унда номзоднинг ва партия электоратининг жамиятдаги бугунги ишлар аҳволи ҳақидаги фикр-мулоҳазалари, ижобий томонга вазиятни ўзгартириш лозим бўлган тақдирда бунинг йўллари, келгуси фаолият йўналишларига урғу беради. Аммо номзодга бериладиган эфир вақти ва босма майдони қатъий равишда белгиланган, бу номзодларнинг тенглигини таъминлашга қаратилгандир.

Сайлов участкаларида овоз бериш жараёни кузатувчилар томонидан назорат қилинади. Улар сайлов комиссияси томонидан овоз бериш тугаганидан сўнг сайлов участкасида сайловчиларнинг овозларини санаб чиқиши ва фойдаланилмаган сайлов бюллетенлари ва сайлов варақаларини бекор қилишини кузатиб боради. Овозларни санаб чиқиш тугаганидан сўнг овоз бериш натижалари қайд этилган баённома расмийлаштирилади.

Қонун Ўзбекистон Республикасида сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни кузатишни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан халқаро кузатувчилар қатнашишини назарда тутади.

Сайлов комиссиялари

Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида барча даражадаги сайлов комиссиялари асосий роль ўйнайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайловни, шунингдек Ўзбекистон Республикаси референдумини ташкил этиш ва ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тузилади. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ўзининг бутун фаолияти билан сайлов тизимининг демократик принципларини амалга оширишга кўмаклашишга, сайловчиларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш имкониятини таъминлашга даъват этилган.

Марказий сайлов комиссиясининг мақоми Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган. Асосий қонунимизга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширади ва ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикасининг сайлов тўғрисидаги ҳамда референдум тўғрисидаги қонунларига ва бошқа қонунларга амал қилади. Комиссия фаолиятининг асосий принциплари мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлиликдан иборат.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг тавсияси бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан сайланади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Раиси комиссия аъзолари орасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдими бўйича комиссия мажлисида сайланади.

Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари ва комиссия котиби комиссия аъзолари орасидан комиссия мажлисида сайланадилар.

Комиссия ўз ваколатлари доирасида давлат ҳокимияти органлари ва мансабдор шахсларидан мустақил ҳисобланади. Бу унга сайлов масалалри бўйича холис қарорлар қабул қилиш имконини беради.

Марказий сайлов комиссияси:

1) Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ушбу Қонуннинг ижросини назорат қилади ва унинг бир хил тарзда қўлланилишини таъминлайди, сайловни ташкил этишга доир масалалар юзасидан ўз ваколатлари доирасида йўриқномалар чиқаради ҳамда тушунтиришлар бериб боради;

2) сайлов комиссиялари фаолиятини йўналтириб боради; Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг қарорларини, агар бу қарорлар ушбу Қонунга зид бўлса, бекор қилади; сайлов комиссиялари таркибига ўзгартишлар киритиш тартибини белгилайди;

3) сайлов округларини тузади, уларга ном ва тартиб рақами беради;

4) Ўзбекистон Республикасидан ташқарида тузиладиган сайлов участкаларини қайси сайлов округига биркитиш тўғрисидаги масалаларни ҳал этади;

41) Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партияларнинг тегишли ҳужжатларини қабул қилиб олади;

5) Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайлов кампаниясида иштирок этишлари учун тенг шароитларни таъминлайди;

6) оммавий ахборот воситаларининг сайлов кампаниясида иштирок этиши ва улардан ушбу Қонунга мувофиқ фойдаланилиши тартибини белгилайди;

7) пул маблағларини сайлов комиссияларига тақсимлайди; сайлов комиссияларининг бинолар, транспорт ва алоқа воситалари билан таъминланишини назорат қилади ҳамда сайловни моддий-техника жиҳатидан таъминлашнинг бошқа масалаларини кўриб чиқади;

8) Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига доир сайлов бюллетенларининг ва варақаларининг, сайловчилар рўйхатининг, сайлов комиссиялари баённомаларининг, сайловга оид бошқа ҳужжатларнинг шаклларини, сайлов қутиларининг ва сайлов комиссиялари муҳрларининг намуналарини, сайловга доир ҳужжатларни сақлаш тартибини белгилайди;

9) давлат органлари, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат бирлашмалари вакилларининг сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан ахборотларини эшитади;

10) Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни рўйхатга олади, сайловнинг республика бўйича умумий якунларини чиқаради, сайлов якунлари тўғрисидаги ахборотларни матбуотда эълон қилади;

101) сайланган шахсга Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланганлиги тўғрисида намунаси қонун ҳужжатлари билан белгиланадиган гувоҳнома топширади;

11) сайлов комиссияларининг қарорлари ва хатти-ҳаракатлари устидан тушган ариза ҳамда шикоятларни кўриб чиқади ва улар юзасидан узил-кесил қарорлар чиқаради;

12) Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисидаги Қонун жиноий жавобгарликка тортишга сабаб бўладиган тарзда бузилганлиги ҳақидаги материалларни прокуратура органларига оширади;

13) ушбу Қонун ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунларига мувофиқ ўзга ваколатларни амалга оширади.

Округ сайлов комиссияси Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловга камида етмиш кун қолганида комиссиянинг раиси, раис ўринбосари, котиби ва камида олти нафар бошқа аъзосидан иборат таркибда тузилади. Округ сайлов комиссиясининг шахсий таркиби Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан тасдиқланади.

Округ сайлов комиссияси:

1) бутун округ ҳудудида ушбу Қонуннинг ижросини назорат қилади ва унинг бир хил тарзда қўлланилишини таъминлайди;

2) сайлов участкаларини тузади, уларнинг округ бўйича тартиб рақамини белгилайди, манзилини кўрсатган ҳолда уларнинг рўйхатини эълон қилади, участка сайлов комиссияларининг фаолиятини мувофиқлаштириб боради;

3) Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайлов кампаниясида иштирок этишлари учун тенг шароитларни таъминлайди;

4) сиёсий партиялар вакилларининг, сайлов округи ҳудудида жойлашган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан ахборотларини эшитади;

5) сайловчиларнинг рўйхатлари тузилишини ва уларнинг ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилишини кузатиб боради;

6) пул маблағларини участка сайлов комиссияларига тақсимлайди, сайлов комиссияларининг бинолар, транспорт ва алоқа воситалари билан таъминланишини назорат қилади ҳамда сайловни моддий-техника жиҳатидан таъминлашнинг бошқа масалаларини кўриб чиқади;

7) округ бўйича сайлов якунларини чиқаради ва маълумотларни Марказий сайлов комиссиясига тақдим этади;

8) участка сайлов комиссияларининг қарорлари ва хатти-ҳаракатлари устидан тушган ариза ҳамда шикоятларни кўриб чиқади ва улар юзасидан қарорлар қабул қилади;

9) ушбу Қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

Участка сайлов комиссияси округ сайлов комиссияси томонидан тузилади. Участка сайлов комиссияси сайловга камида қирқ кун қолганида беш – ўн тўққиз нафар аъзодан, шу жумладан раис, раис ўринбосари ва котибдан иборат таркибда тузилади. Агар комиссия етти нафаргача аъзодан иборат таркибда тузилса, раис ва котиб сайланади. Участка сайлов комиссиясининг шахсий таркиби округ сайлов комиссиясининг қарори билан тасдиқланади. Участка сайлов комиссияси таркибининг сони зарур ҳолларда кўпайтирилиши ёки камайтирилиши мумкин.

Участка сайлов комиссияси:

1) участка бўйича сайловчиларнинг рўйхатини тузади;

2) сайловчиларни сайловчилар рўйхати билан таништиради, рўйхатдаги ноаниқликлар ҳақидаги аризаларни қабул қилади ва кўриб чиқади ҳамда тегишли ўзгартишлар киритиш масаласини ҳал қилади;

3) сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш ва овоз беришда қатнашиш имконияти бўлмаган сайловчилардан сайлов конвертларини қабул қилади;

4) сайлов ўтказиладиган кун ва овоз бериладиган жой ҳақида аҳолини хабардор қилади;

5) овоз бериладиган бинолар ва сайлов қутилари тайёрлаб қўйилишини таъминлайди;

6) сайлов куни сайлов участкасида овоз берилишини ташкил этади;

7) сайлов участкасида берилган овозларни ҳисоблаб чиқади;

8) сайловга тайёргарлик кўриш ва овоз беришни уюштириш масалаларига доир ариза ва шикоятларни кўриб чиқиб, улар юзасидан қарорлар қабул қилади;

9) ушбу Қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

Ушбу комиссияларни бирлаштирувчи умумий белги – барча ҳаракатларидаги мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлилик!

Барча даражадаги сайлов комиссияларининг аъзолари сиёсий партияларнинг аъзолари бўлишлари мумкин эмас.

Умид қиламизки, Сизга тақдим қилинаётган ахборотдан унумли фойдаланасиз.

Эътиборингиз учун раҳмат!




Долзарб мавзулар