Ҳиндистонлик эксперт: Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришлар сайловчиларнинг кайфиятида ўзгача сезилмоқда

20 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида “Ўзбекистон Республикасининг бугунги кун ички ва ташқи сиёсатидаги устувор йўналишлар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайловда халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиш учун АҚШ, Европа, Осиё минтақаси ва МДҲга аъзо 20 дан зиёд давлатдан келган 100 нафардан ортиқ таҳлилий тузилмалар, ижтимоий-сиёсий доиралар вакиллари иштирок этди. 

Ҳиндистон халқаро муносабатлар кенгаши етакчи илмий ходими А.Зафарнинг таъкидлашича, бугун Ўзбекистон сиёсий тизимини демократлаштириш жараёнларидаги салмоқли ўзгаришлар ва амалий натижалар яққол кўзга ташланмоқда. Қисқа фурсатда мамлакат сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётида қатор йирик ислоҳотлар амалга оширилди. Бу айниқса Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришларни қўллаб-қувватлаётган ва сиёсий жараёнларнинг кун тартибини белгилашда фаол иштирок этаётган сайловчиларнинг кайфиятида ўзгача сезилмоқда.

21.12.2019 463