Қашқадарёда бўлиб ўтадиган сайловлар олдидан семинар ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2020 йил 26 августдаги 1033-сонли қароридан келиб чиққан ҳолда халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгашининг 20-Дашт, 45-Жар ҳамда 50-Ғ.Ғулом сайлов округларида бўшаб қолган депутатлик ўринларига бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга бағишланган онлайн семинар ўтказилди.

 

Семинарда вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиялари, округ ва участка сайлов комиссия раислари ва аъзолари иштирок этди. Унда  сайловларни Сайлов кодекси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2020 йил 26 августдаги 1033-сонли қарори билан тасдиқланган Низомда белгиланган меъёрларга мувофиқ, шунингдек, карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда ўтказиш масалалари кўриб чиқилди. Шу билан бирга,   сайловчилар ва сайлов ташкилотчиларини ҳимоя воситалари билан таъминлаш, уларни касаллик юқтириб олишини олдини олишга қаратилган ҳамда сайлов қонунчилиги бўйича муҳим вазифалар ҳам муҳокама қилинди.

 

Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгашининг 2020 йил 28 августдаги “Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига бўшаб қолган депутатлик ўринларига сайлов ўтказиш тўғрисида”ги қарорига асосан жорий йилнинг 4 октябрь куни бўшаб қолган депутатлик ўринларига сайлов ўтказилади.

 

Сайловни тайинлаш ҳақидаги қарор қабул қилинишидан аввал ушбу сайлов округи ҳудудининг эпидемиологик ҳаритаси ишлаб чиқилади ҳамда   махсус комиссиясининг хулосаси олинади. Эпидемиологик ҳолат ҳақидаги хулосага кўра сайловни ўтказиш мақсадга мувофиқ эмас деб топилса, сайловни ўтказиш муддатини белгилаш эпидемиологик осойишталик юзага келгандан сўнг кўриб чиқилади.

 

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

 

28.09.2020 254