Қирғизистонда депутатлик сайловлари учун жами 2 минг 474 та сайлов участкаси ташкил этилди

Бу йил Қирғизистон Республикасида VI чақириқ Жўқорғи Кенгесининг ваколат муддати тугайди. Қирғизистон сайлов қонунчилигига мувофиқ қонун чиқарувчи палатага бўлиб ўтадиган сайловлар куни 2020 йилнинг 4 октябрь санаси этиб белгиланган.

Марказий сайлов комиссияси томонидан ўтказилган анжуманда комиссия раиси Нуржан Шайлдабекова депутатлик сайловлари учун жами бўлиб 2 минг 474 та сайлов участкаси ташкил этилганини қайд этиб ўтди. У ўз сўзида МСК қўшимча равишда 11 та жумладан, Ўшда 10 та, Москва шаҳрида эса битта сайлов участкасини очганини маълум қилди.

МСК раиси шунингдек, 2020 йилги парламент сайловларида овоз берувчилар сони 2015 йилга нисбатан 27,6 фоизга ошганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Унинг сўзларига кўра, жами 3 миллион 523 минг 532 нафар сайловчи рўйхатга олинган. 2015 йилга нисбатан сайловчилар сони 762 минг 235 нафарга кўпайиб,  27,6 фоизни ташкил этган.  

Қирғизистонда бўлиб ўтадиган парламент сайловларида 200 дан зиёд халқаро кузатувчилар иштирок этади. Жумладан, Ўзбекистон делегацияси аъзолари ҳам сайловларни бевосита кузатиб боради.

 

МСК Матбуот хизмати

29.09.2020 293