Марказий сайлов комиссиясининг мажлисида ташкилий масалалар кўрилди

5 февраль куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Комиссия аъзолари ҳамда ходимлари иштирок этган мажлис кун тартибидан ташкилий масалалар ўрин олди.

Комиссия аъзолари томонидан даставвал Мирзо-Улуғбек Элчиевич Абдусаломов Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди Раиси лавозимига сайлангани муносабати билан уни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси лавозимидан озод этиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Сайлов кодексининг 12 ва 16-моддаларига биноан М.Абдусаломов Марказий сайлов комиссияси Раиси лавозимидан озод этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Зайниддин Махаматович Низамходжаев Марказий сайлов комиссияси аъзоси этиб сайланганлиги ҳамда унинг Халқ депутатлари Қибрай тумани Кенгаши депутати ваколати муддатидан олдин тугатилганлиги муносабати билан  у Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари рўйхатидан чиқарилди. Сайлов кодексининг 12 ва 16-моддалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоси Зайниддин Махаматович Низамходжаев  Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси этиб сайланди.

Марказий Сайлов комиссияси Раиси ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келган Маҳмуд Шуҳратович Истамов Бухоро вилоятининг прокурори этиб тайинланганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоси Қўчқоров Баҳром Тўлқинович Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари этиб сайланди.

Мажлисда шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Феруза Фарҳодовна Эшматова Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) этиб сайланганлиги муносабати билан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Абдуқодир Ҳамидович  Тошқулов Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири этиб тайинланганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари рўйхатидан чиқарилди.

Мажлисда Марказий сайлов комиссияси ваколатига доир бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

05.02.2021 272