Хайрулло Бозоров ва Манзура Салимова Олий Мажлис Сенати аъзоси этиб сайландилар

Фарғона шаҳридаги Ислом Каримов номидаги вилоят театр-концерт саройида халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман кенгашларининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари сайлови бўйича қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Марказий сайлов комиссиясининг шу йил 23 февралдаги қарорига асосан, ўтказилаётган мажлис ишида Фарғона вилоятидаги халқ депутатлари вилоят, туманлар ва шаҳарлар Кенгашларининг 603 нафар депутатлари, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Мажлис кун тартибидан Фарғона вилояти бўйича бўшаб қолган иккита ўринга Олий Мажлис Сенати аъзоларини сайлаш масаласи ўрин олди.

Мажлисни Марказий сайлов комиссияси Раисининг ўринбосари Баҳром Кучкаров очиб берди.

Шаҳар—туман кенгашлари депутатларидан иборат маслаҳат кенгаши қўшма мажлис муҳокамасига  2-Мирзо Улуғбек сайлов округи бўйича халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати, вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров номзодини,  31-Қува сайлов округи бўйича вилоят кенгаши депутати, вилоят она ва бола скрининг маркази директори Манзура Салимова номзодини яширин овоз бериш учун бюллетенга киритиш таклифи берилди. Мазкур таклиф маъқуллангач яширин овоз бериш жараёнлари бўлиб ўтди.

Сайлов якунларидан сўнг, Саноқ комиссиясининг ҳисоботи тингланди. Унга кўра, Хайрулло Бозоров ҳамда Манзура Салимова Олий Мажлис Сенати аъзоси этиб сайландилар.
Депутатлар овоз бериш натижаларини тасдиқлади.

— Билдирилган катта ишонч учун миннатдорчилик билдираман. Бор кучим, ғайратим, билимим билан Фарғона вилоятига, халқимизга хизмат қилишга ваъда бераман. Халқимизда “Ёлғиз отнинг чанги чиқмас, чанги чиқса ҳам донғи чиқмас” деган мақол бор. Бирликда, ҳамжиҳатликда иш олиб борсак, вилоятимиз аҳлини рози қиламиз, халқимиз олдида, Давлатимиз раҳбари олдида юзимиз ёруғ бўлади. Муҳтарам Президентимиз бир неча кун олдин Фарғонага қилган ташрифлари чоғида вилоятимиз учун катта марраларни белгилаб бердилар. Бундан келиб чиқиб улкан мақсадларни режа қилганмиз. 2021 йил барча жабҳада Фарғона йили бўлади — деди Хайрулло Бозоров. 

Олий Мажлис Сенати аъзолари сайлови бўйича қўшма мажлис ўз ишини якунлади.

27.02.2021 157