САЙЛОВЧИЛАР РЎЙХАТИ - САЙЛОВ НИНГ МУҲИМ ҲУЖЖАТИ 2-қисм

Сайловчилар рўйхатини тузишда миллий тажриба ва амалиёт

Республикамизда сайловчиларни рўйхатини тузишда қуйидаги муҳим шартлар бажарилиши зарур: сайловчи Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши , сайловчи сайлов кунигача ёки сайлов куни 18 ёшга тўлган бўлиши, сайловчи ушбу сайлов участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча яшаётган бўлиши керак.

Бир сўз билан айтганда, участка сайлов комиссияси ўз сайлов участкаси ҳудудидаги хонадонлар, кўп қаватли уйларда доимий ёки вақтинча яшаётган сайлов ҳуқуқига эга бўлган фуқароларни сайловчилар рўйхатига киритади.

Қонунга мувофиқ сайловчилар рўйхати тузиб бўлингач, сайловга ўн беш кун қолганида сайлов участкасида сайловчиларга таништириш учун ҳаммага кўринарли жойга жойлаштирилади.

Сайловчилар рўйхатини тузиш учун рўйхат намуналари Ўзбекистон Республикаси  Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади. Сайловчилар рўйхати икки хил шаклда тузилади, сайловчиларга таништириш учунва сайловчиларнинг овоз беришини ташкил этиш учун фойдаланилади.

Ҳар иккала шаклдаги сайловчилар рўйхатида сайловчилар ҳақидаги маълумотлар бир хил тартибда, бир хил рақамланган ҳолда тузилади.

Сайловчилар рўйхати бош саҳифа, ички варақлар ва сўнгги варақдан иборат бўлади.

Бош саҳифада ўтказилаётган сайлов номи, сайлов участкасининг тартиб рақами, жойлашган манзили ҳамда сайловчилар рўйхати кўрсатилган бўлади, ички варақларида эса сайловчиларнинг рўйхати тартиб билан берилган бўлади, сўнгги варағида сайловчилар рўйхатининг якунловчи қисми ҳамда участка сайлов комиссияси раиси ва котибининг фамилияси, исми, отасининг исми ва имзолари ҳамда имзо қўйилган сана кўрсатилган бўлади.

Сайловчилар рўйхати бир неча варақдан иборат бўлганлиги сабабли унинг барча варақлари ягона тартибда рақамланади.

Сайловчининг фамилияси, исми ва отасининг исми ҳақидаги маълумотлар унинг паспорти ёки ID картаси асосида тўлиқ ёзилиши шарт.

Маълумки, фуқаролар янги яшаш жойига келган кундан эътиборан ўн беш кун ичида ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари, Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали доимий ёки вақтинча рўйхатдан ўтадилар. Участка сайлов комиссияси сайловчилар рўйхатини тузиш давомида ушбу ҳолатларни ҳам ҳисобга олиши зарур.

Сайловчининг бир ҳудуддан бошқа ҳудудга яшаш учун кўчиб ўтиши унинг бир сайловчилар рўйхатидан чиқарилиб, иккинчи сайловчилар рўйхатига киритилишига сабаб бўлади.

Шу сабабли сайлов кампанияси даврида сайловчи янги кўчиб келган ҳудудидаги участка сайлов комиссиясига албатта ўша кунни ўзида мурожаат қилиши лозим бўлади. Бу ҳолат сайловчининг электорал маданиятини кўрсатувчи мезон ҳисобланади.

Агарда сайловчининг яшаш жойи ўзгарса, сайловчи кўчиб келган ёки вақтинча бўлиб турган жойдаги участка сайлов комиссиясига ўз вақтида хабар бериши зарур. Агар бу ҳақда тегишли участка сайлов комиссияси маълумотга эга бўлмаса, сайлов кунига қисқа вақт қолганида ёки сайлов куни сайловчи овоз беришга келганда у сайловчилар рўйхатига киритилмай қолганлиги сабабли овоз бера олмай қолиши мумкин.

Башарти шундай ҳолатлар юзага келганда, сайловчининг сайлов ҳуқуқини таъминлаш нуқтаи назаридан Сайлов кодексига алоҳида норма киритилган, шунга мувофиқ участка сайлов комиссияси сайловчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжати асосида сайловчининг қайси сайлов участкаси бўйича рўйхатга киритилганлигини сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидан излаб топади ва муддатидан олдин овоз берган ёки бермаганлигини аниқлаштиради. Муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланмаган сайловчиларгина ҳақиқатан вақтинча яшаш жойидаги сайлов участкаси бўйича сайловчилар рўйхати иловасига киритилиши мумкин.

Кўриб турганимиздек, бу жараён овоз бериш кунида сайлов комиссияларига сайловчининг доимий яшаш жойини аниқлаш, унинг аввал қайси сайлов участкасида бўлганлигини бошқа ҳудуддаги сайлов комиссиялари билан боғланган ҳолда аниқлик киритиш, аввалги сайловчилар рўйхатидан чиқариш ва янги сайловчилар рўйхати иловасига киритиш билан боғлиқ масалаларни тезкорлик билан ҳал этишни тақозо қилади.

Агарда бундай ҳолатлар амалиётда кўп такрорланса, сайловчилар рўйхатига бўлган ишонч сусайиши ва “Бир сайловчи-бир овоз” қоидасининг бузилишга олиб келувчи хатоликка сабабчи бўлиши мумкин.

Амалиётда шундай ҳолатларни олдини олиш учун мамлакатимизда сайлов кампаниясида сайловчиларнинг Ягона электрон рўйхатидан фойдаланиш йўлга қўйилган.

Шунинг учун сайловчи ҳам сайлов ташкилотчилари ҳам бундай ҳолатнинг олдини олиш учун якдил бўлиб иш ташкил этишни тақозо этади.

Шу билан биргаликда, сайлов кампанияси даврида ҳар бир сайловчи ўзининг қайси сайловчилар рўйхатига киритилганлигини аниқлаши, уни участка сайлов комиссиясидан сўраши ва сайловчилар рўйхати билан танишиб, зарур ҳолларда унга тегишли ўзгартириш киритилиши бўйича  сайлов комиссиясига мурожаат қилиши кўзланган мақсадга эришишда алоҳида аҳамиятга эга.

Амалиётда ушбу жараён сайловга камида беш кун қолганига қадар бажарилса, сайлов кампаниясида сайловчининг электорал ҳуқуқини амалга оширишга ҳар томонлама ёрдам беради.

Сайловчиларга ўз сайлов участкасини топишида қулайлик яратиш мақсадида бир неча қулай воситалар ишлаб чиқилган. Бунинг учун Марказий сайлов комиссиясининг elections.uz  веб-сайтида  ташкил этилган “Ўзингизни сайловчилар рўйхатидан аниқланг”, “Ўз сайлов участкангизни топинг” номли саҳифалари орқали мурожаат қилиши унинг ўз вақтида сайловчилар рўйхатига киритилишига ёрдам беради.

Бу ҳақда сўз юритганда Ўзбекистон Республикасида 2019 йил 22 декабрда ўтказилган сайловлар якуни бўйича ЕХҲТ ДИИҲБнинг якуний хулосасида қуйидаги фикрларини келтириш ўринлидир: “Сайловчиларни рўйхатга олиш пассив(нофаол) бўлиб, сайловчилар ўзларининг доимий ёки вақтинчалик рўйхатдан ўтган яшаш жойларидаги сайловчилар рўйхатига киритилганлар. Бу сайловларда илк бор марказлашган Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидан (СЯЭР) фойдаланилди. У қайта-қайта овоз беришни камайтириш ва сайловчилар қамровини анча кенгайтиришни олдига мақсад қилиб қўйган”.

Ушбу мисоллар мамлакатимизда сайловчиларни рўйхатга олиш амалиёти халқаро қоидалар билан ҳамоҳанг равишда такомиллаштириб борилаётганини кўрсатади.

Демак, сайловчилар рўйхатини очиқ-ошкора тузиш бўйича амалдаги қонун ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилган тартиб амалиётда фуқаролар хоҳиш-иродаси тўлиқ ифодаланишини таъминлабгина қолмай, балки мамлакатимизда ҳар бир фуқаронинг овози муҳим аҳамиятга эга эканлигидан далолат беради.

Зеро, жорий йилда ўтказиладиган сайлов кампанияси Янги Ўзбекистон шароитида сайловчиларимиз, барча фуқароларимизнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданияти, дунёқараши, гражданлик позицияси мустаҳкамланиб бораётганини яна бир бор намоён этадиган муҳим сиёсий воқеликдир.

 

Баҳодиржон ЮНУСОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссияси аъзоси

 

 

“Маърифат” газетасининг 2021 йил 3 март кунги сони

03.03.2021 151