САЙЛОВЧИЛАР РЎЙХАТИ - САЙЛОВ НИНГ МУҲИМ ҲУЖЖАТИ

Сайловчилар рўйхатини тузишнинг ҳуқуқий асослари

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига асосан 18 ёшга тўлган фуқаро давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ҳуқуқига  эга бўлади.  

Бугунги кунда сайловчиларнинг электорал маданиятини юксалтириш мавзуси долзарб аҳамиятга эга. Сайловчининг сайлов ҳуқуқини амалга ошириши унинг сайлов кампаниясидаги электорал маданиятини кўрсатадиган асосий мезон ҳисобланади. Кўпчилик ҳолларда сайловчининг электорал маданияти унинг  у ёки бу сиёсий партияга хайриҳоҳлиги билан белгиланади, деган фикр ҳам учрайди. Шу билан биргаликда сайловчининг ўз ҳоҳиш–иродасини ифода этиб давлат ва жамият бошқарувига ўз вакилини танлашдаги  иштироки унинг электорал маданиятининг даражасини кўрсатади.

Шундай экан, энг аввало, сайлов қонунчилиги ҳақида сайловчиларга кўпроқ маълумот етказиш бериш ва ушбу қоидаларни амалга оширишда сайловчининг ҳуқуқлари ва масъул ходимларининг мажбуриятларини ўрганишимиз зарур ҳисобланади.

Келинг, шу ҳақда сўз юритар эканмиз,сайловчилар рўйхатини тузиш масалаларига кенгроқ тўхталиб ўтсак. Ўйлайманки, газетхонлар  учун бу маълумотлар қизиқарли ва сайлов жараёнида ундан фойдаланиш ўз самарасини беради.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига асосан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз ҳоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади.

Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларацияси 21-моддасида ҳам  “Ҳар бир инсон бевосита ёки эркин сайланган вакиллар воситаси орқали ўз мамлакатини бошқаришда қатнашиш ҳуқуқига эга” эканлиги белгиланганлиги ушбу норма халқаро умум эътироф этилган қоида эканлигидан далолатдир.

Сайловчининг сайловда иштирокини таъминлаш учун унинг қаерда овоз бериши ва бошқа жойда иккинчи марта овоз беришининг олдини олиш мақсадида сайловчининг овоз бериш жойини белгилаш, худди шунингдек бир жойда яшаётган кўплаб сайловчиларга овоз беришини ўтказишга қулайлик яратиш мақсадида сайловчилар рўйхати тузилади.

Шунинг учун сайловчилар рўйхати сайлов кампанияси давридаги энг муҳим ва ҳал қилувчи ҳужжатлардан бири ҳисобланади.

Сайловчилар рўйхатини тузилиши - фуқароларнинг умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқини - халқаро сайлов стандартларини рўёбга чиқаришда муҳим аҳамиятга эга.

Сайловчиларни рўйхатга олиниши овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган фуқаронинг сайловда шахсан ўзи иштирок этишини таъминловчи ҳамда сайловчини рўйхатга олиш имконини берадиган асосий восита ҳисобланади.

Бунинг учун сайловчиларнинг рўйхатларининг тузилиши ва янгиланиши шаффофлик ва аниқлик асосида амалга оширилиши керак, бунда ҳар бир овоз бериш ҳуқуқига эга фуқаронинг рўйхатдан ўтказилиши таъминланиши керак.

Бирлашган Миллатлар ташкилоти томонидан қабул қилинган “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги пакт”да қайд этилганидек,  ҳар бир давлат ўз ҳудудида турган ва ўз юрисдикцияси остида бўлган барча шахсларнинг ҳукуқларини ҳеч бир айирмачиликсиз, жумладан, ирқи, тана ранги, жинси, тили, дини, сиёсий ёки бошқа эътиқодидан, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мулкий аҳволи, туғилиши ёки ўзга ҳолатидан қатъи назар ҳурмат қилиш ва таъминлаш мажбуриятини олади. Пактда иштирок этувчи давлатлар эркаклар ва аёллар учун ушбу Пактда назарда тутилган барча фукаролик ва сиёсий ҳуқуқлардан бир хилда фойдаланилишини таъминлаш мажбуриятини оладилар.

Мамлакатимиз сайлов қонунчилигига ушбу қоида имплементация қилинган бўлиб, ушбу норма Ўзбекистон Республикаси Сайлов Кодексининг 4-моддасида акс эттирилганлигини кўришимиз мумкин. Унга кўра: “Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловлари умумийдир. Сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадир. Фуқаролар жинси, ирқий ва миллий мансублиги, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи, маълумоти, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар, тенг сайлов ҳуқуқига эгадир”.

Сайловчилар рўйхатига Ўзбекистон Республикасининг барча  сайлов ҳуқуқига эга бўлган фуқаролари киритилади.

Сайловчиларни рўйхатга олиш жараёни барча ҳуқуққа эга бўлган сайловчиларга имконият яратиш учун муҳимдир ва демократия “бир киши, битта овоз, битта қадрият” асосий принципини амалга оширишга хизмат қиладиган тадбирдир.

Сайловчилар рўйхати ҳаммага тенг шароит яратилишини, аниқ ва кенг қамровли бўлишини ва унинг жараёнлари барча манфаатдор томонлар учун очиқ бўлишини таъминлаш сайловни бошқариш органларининг энг муҳим вазифаси ҳисобланади.

Кўриб турганимиздек, сайловчиларни сайловчилар рўйхатига киритишнинг ҳуқуқий асосларига Конституциявий қоидалар, сайловчиларни рўйхатга олишни тартибга солувчи сайлов қонунчилигининг қоидалари, сайловчиларни рўйхатга олиш билан бевосита боғлиқ қонунлар, фуқаролик ҳолати тўғрисидаги қонунлар, бошқа тегишли қонунчилик, масалан, тил тўғрисидаги қонунлар ёки фуқаролик тўғрисидаги қонунлар, қонун қоидаларни амалга ошириш тартибини белгилайдиган маъмурий қоидалар ва нормалар ҳам киради.

Сайловчиларни рўйхатдан ўтказиш овоз бериш ҳуқуқига эга бўлганлар учун сайловларда иштирок  этишида тенгликни таъминлашнинг муҳим асосидир.

Синчиклаб назар солсак, рўйхатдан ўтган сайловчилар сонидан келиб чиққан ҳолда,  сайлов округлари сони ва сайлов участкаларининг жойлашуви, сайлов бюллетенлари сони ва чоп этиш учун сайлов бюллетенлари миқдори, улар билан сайлов участкаларини таъминлаш ҳамда сайловчиларнинг овоз беришда иштирок этишини баҳолаш каби муҳим қарорлар қабул қилинади.

Ҳар бир сайловчи фақат битта сайловчилар рўйхатига киритилиши мумкин. Сайловчининг иккинчи сайловчилар рўйхатига киритилиши сайловда тенглик принципини бузилишига сабаб бўлади.

Ушбу ҳолатнинг сайлов участкасида бор-йўқлиги биринчи навбатда округ ва участка сайлов комиссияси аъзолари томонидан, шунингдек кузатувчилар томонидан сайлов жараёнида синчиклаб ўрганилади.

Сайлов кузатувчиларининг сайловчилар рўйхатини баҳолашда эътиборга олишлари лозим бўлган ушбу рўйхатнинг аниқлигини белгиловчи бир қанча жиҳатлар мавжуд:

-ҳар бир маълумотлар тўплами овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган бир киши билан боғланган бўлиши керак;

-маълумотлар фуқаролик ҳолати ёки яшаш жойидаги сўнгги ўзгартишларни, шунингдек, инсон ҳаётидаги бошқа воқеаларни акс эттирувчи янги маълумотлардан иборат бўлиши керак;

-рўйхат тўлиқ бўлиши керак, шу жумладан, овоз бериш ҳуқуқига эга барча шахслар ҳисобга олинган бўлиши керак;

-маълумотларда имло ёки бошқа хатоларни ўз ичига олмаслиги керак.

Сайловчилар рўйхатига ҳар бир сайловчининг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва яшаш жойи манзили киритилади. Сайловчилар рўйхатига маълумотлар аниқ, тушунарли, саналар ва жой манзиллари тўғри киритилиши шарт.

Сайловчилар рўйхатини тузиш бўйича халқаро тажриба

Сайловчилар рўйхатини тузишда халқаро тажрибадан нималарни ўрганиш мумкин?

Сайловчилар рўйхатида сайлов ўтказиладиган йили ва сайлов куни 18 ёшга тўлган сайловчиларнинг туғилган йили, ойи ва куни кўрсатилган бўлиши керак. Мазкур ҳолат сайловда “бир сайловчи-бир овоз” тамойилини амалга оширишда муҳим ҳисобланади.

Фуқароларнинг сайлаш ҳуқуқи  (фаол сайлов ҳуқуқи)га эга бўлиши учун белгиланган ёш чегараси турли мамлакатларда турлича. Масалан, Бразилия, Куба, Никарагуа, Эрон давлатларида фуқаролар 16 ёшдан, Индонезияда 17 ёшдан сайлаш ҳуқуқига эга бўлса, айрим мамлакатларда бундай ҳуқуқни олишга бўлган чегара ёш анча юқори белгиланган.

Малайзия, Марокаш, Боливияда фуқаролар 21 ёшга тўлганидан кейингина сайлаш ҳуқуқига эга бўлишади. Буюк Британия, Франция, Испания, Германия, Чехия, Россия, Хитой, Украина, Беларусь ва бошқа кўпчилик давлатларда ҳам бизнинг мамлакатимиздаги сингари сайлов кунигача ёки сайлов куни 18 ёшга тўлган фуқаролар сайлаш ҳуқуқига эга.

Италияда парламент қуйи палатаси депутатлигига, маҳаллий ҳокимият вакиллик органларига депутатларни сайлаш учун фуқаро 18 ёшга, Сенатга сайловларда иштирок этиш учун эса камида 25 ёшга тўлган бўлиши талаб этилади.

Жаҳон амалиётида сайловчиларни рўйхатларга киритишнинг турли шакллари қўлланилади. Халқаро тажрибага кўра қонунга боғлиқ равишда сайловчиларни рўйхатга олиш жараёни фаол ва нофаол бўлиши мумкин.

Фаол тизимда - сайловчилар сайловчи сифатида рўйхатга олиниш учун ариза билан мурожаат қилиш ёки бошқа фаол ҳаракат қилиши керак. Нофаол тизимли мамлакатларда - фуқаролар ўз номидан қандайдир бир чоралар кўриши шарт эмас, сайловчилар рўйхати эса маҳаллий ҳокимият органлари олиб борадиган аҳоли рўйхати асосида тузилади.

Баъзи давлатларда овоз бериш учун сайловчилар ўзларини тасдиқловчи ҳужжатни-электрон сайловчилар картасини (масалан, Албания, Латвия) тақдим этишлари шарт, буни олиш айрим давлатларда бепул (Латвия) ёки пуллик (масалан Албания, уни олиш учун 9 евро тўлаши шарт) амалга оширилади.

Баъзи давлатларда сайловчиларни  нофаол (стандарт) ва фаол (қўшимча) рўйхатга олиш усуллари кўзда тутилган, бунда фаол (қўшимча) рўйхатга олиш усули  сайловчиларнинг муайян тоифаларига нисбатан қўлланилади (масалан, Болгария, Венгрия).

Болгария Сайлов кодексига мувофиқ сайловчи фақат битта сайловчилар рўйхатига киритилиши мумкин, шу билан бирга қонун ҳужжатларида бир вақтнинг ўзида доимий яшаш жойидан фарқ қилувчи сайлов участкасида овоз бера оладиган бешта тоифадаги сайловчилар белгиланган.

Булар, хусусан, ҳар қандай сайлов участкасида овоз бера оладиган ўқувчилар, талабалар ва ногиронлар ҳамда ўзларининг хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан улар тайинланган сайлов участкаларида овоз берадиган участка сайлов комиссиялари аъзолари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан иборат.

Айрим мамлакатларда сайловга келмаганлик учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилганлигини ҳисобга олсак, бизнинг миллий сайлов қонунчилигимиз демократик принципларга нақадар мос келишини гувоҳи бўламиз.

Европа-Осиё минтақасининг 30 та давлатининг аксарият қисмида сайловчиларни рўйхатдан ўтказиш нофаол ҳисобланади – сайловчиларни рўйхатга олиш давлат ёки сайлов ёки ҳокимият томонидан амалга оширилади, Кипр ва Афғонистонда эса рўйхатдан ўтиш декларатив ҳисобланади, (сайловчи тегишли рўйхатга олиш органи ёки сайлов комиссиясига ўз сайловчиси сифатида рўйхатдан ўтиш учун белгиланган шаклдаги аризани тақдим этиши шарт).

Кипр қонунчилиги сайловчи сифатида рўйхатдан ўтмаган ёки фамилияси, исми ёки яшаш жойининг манзили ўзгарганлиги бўйича ўз вақтида аниқлик киритмаган  сайловчига нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарлик кўзда тутилган.

Сайловчи қонун томонидан унга юклатилган мажбуриятни бажармаган тақдирда, шу жумладан яшаш жойининг ўзгаргани тўғрисида ўз вақтида хабар бермаганлиги учун сайловчига нисбатан жавобгарлик белгиланади: 340 евро миқдорида жарима ёки  олти ойгача озодликдан маҳрум қилиш ёки белгиланган жазо турларини бир вақтнинг ўзида қўллаш(сайловчи сифатида рўйхатдан ўтишни сўраб ариза топширилмаганлиги учун) ёки 85 евро миқдорида жарима ёки бир ойгача озодликдан маҳрум қилиш ёки ушбу жазо турларини бир вақтнинг ўзида қўллаш (яшаш жойининг ўзгаргани ҳақида маълумот тақдим қилмагани учун) жазо чоралари қўлланилади.

 

Баҳодиржон ЮНУСОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссияси аъзоси

 

 

“Маърифат” газетасининг 2021 йил 3 март кунги сони

03.03.2021 80