АҚШ ЭЛЧИСИ БИЛАН УЧРАШУВ

Жорий йил 5 март куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси Зайниддин Низамходжаев билан Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Даниел Розенблюмнинг учрашуви бўлиб ўтди. Видеоконференцалоқа орқали ташкил этилган тадбирда Марказий сайлов комиссияси аъзолари ҳамда ЮСАИДнинг Демократия ва бошқарув масалалари бўйича офиси директори Дана Биган иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги ҳамкорлик стратегик шериклик ва икки томонлама манфаатдорлик тамойиллари асосида ривожланиб бораётгани ва бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар муҳим омил бўлаётгани алоҳида таъкидланди.

АҚШ ижтимоий-сиёсий доиралари Ўзбекистонда барча соҳаларда, жумладан, миллий сайлов тизимида собитқадамлик билан амалга оширилаётган ислоҳотларни катта қизиқиш ва хайрихоҳлик билан кузатиб бормоқда. Учрашувда Ўзбекистоннинг сайлов тизимида сўнгги йилларда тизимли равишда рўёбга чиқарилаётган муҳим ўзгаришларга эътибор қаратилди. Жорий йилнинг февралида “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши миллий сайлов тизимини янада демократлаштириш, сайлов қонунчилиги ва амалиётини умум эътироф этилган халқаро демократик стандартларга уйғунлаштириш орқали фуқароларнинг сайловга оид ҳуқуқларини янада кенгроқ ва тўлароқ таъминлашга хизмат қилади. Ушбу қонуннинг қабул қилинишида ўтган сайловларда орттирилган миллий тажриба ҳамда халқаро кузатувчилар ва халқаро ташкилотлар, хусусан, ЕҲХТ ДИИҲБ Якуний ҳисоботида қайд этилган тавсиялари ҳам инобатга олинган.

АҚШ элчиси Ўзбекистонда миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларга юксак баҳо берди.

Мулоқот чоғида икки мамлакатнинг сайлов органлари ўртасидаги ўзаро алоқаларни, шунингдек, халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга оид масалалар муҳокама қилинди.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

05.03.2021 361