ЎЗБEКИСТОН АЁЛЛАРИНИНГ СИЁСИЙ ҲАЁТДАГИ ВА САЙЛОВ ЖАРАЁНЛАРИДАГИ ИШТИРОКИ КЕНГАЙМОҚДА

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиеев 2021 йил 22 февралда ҳар йили ўтказиладиган асосий сиёсий тадбир - БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашининг 46-сессиясида, гендер масаласига тўхталар экан, Ўзбекистондаги демократик ўзгаришларнинг устувор йўналишлари ва мамлакатимизнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши фаолияти ҳақида: «Биз гендер сиёсати масалалари борасида мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва ишбилармонлик соҳасида аёлларнинг ролини тубдан оширишга қаратилган ишларни қатъий давом эттирамиз», — деб алоҳида таъкидлади.

 

Энг муҳим масалалардан бири

Жамият тараққиётини демократлаштириш жараёнини аёлларнинг сиёсий ҳаётда фаол иштирокисиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Ўзбекистонда қонунчилик ва давлат сиёсати даражасида аёллар ҳуқуқларини, шу жумладан сиёсий ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш механизмлари яратилди.

Инсон ҳуқуқларининг асосий стандартларини белгилайдиган халқаро ҳуқуқий ҳужжатларнинг қоидаларини амалга ошириш учун, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасида эркак ва аёлларнинг қонун олдида тенглиги мустаҳкамланган, ҳуқуқ ва эркинликларни амалга оширишда гендер нуқтаи назаридан камситишларни ва уларнинг чекланишини тақиқлайди. Мамлакатимиз Асосий Қонунига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш, шунингдек давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қоидаларининг мантиқий давоми сайлов қонунчилигида ўз аксини топган.

Хусусан, Сайлов кодекси ва “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги қонунда овоз бериш куни 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси қонун ҳужжатларида назарда тутилган сайлов ҳаракатларида, шунингдек, референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича бошқа жараёнларда қатнашиш ҳуқуқига эга эканлиги мустаҳкамланган. Шу билан бирга, қонунда белгиланганидек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий мавқеи, ирқий ва миллий мансублиги, жинси, маълумоти, тили, динга муносабати, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъий назар сайлаш ва референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга. Кўриниб турибдики,  мамлакатимизда хотин-қизларнинг сайлов жараёнидаги иштироки, ҳуқуқий тартибга солиш нуқтаи назаридан, эркаклар иштирокидан фарқ қилмайди.

Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонуни аёллар ва эркаклар ҳокимиятнинг вакиллик органларига сайланишида, шунингдек сиёсий партиялардан номзодлар кўрсатилишида тенг ҳуқуқ ва имкониятлар билан таъминланишини белгилайди.

 

Ҳеч қандай чекловлар йўқ

Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси хотин-қизларнинг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг барча босқичларида иштирок этиш имкониятларини янада кенгайтиришда муҳим омил бўлаётир.

Кодексга мувофиқ, аёллар сиёсий қарорларни қабул қилишда овоз бериш ва сайланиш орқали амалда таъсир кўрсатиши мумкин. Аёлларнинг сайловлардаги иштироки уларнинг давлат бошқаруви органларидаги вакиллигини таъминлаш имкониятини беради.

Аёлларнинг сайловларда номзод сифатида иштирок этиши, сайловолди ташвиқотини олиб бориши ва ҳокимиятнинг вакиллик органларига сайланиши учун ҳеч қандай чекловлар мавжуд эмас.

Шу билан бирга, қонунда белгиланган партиялар томонидан кўрсатилган номзодларнинг умумий сонидан 30 фоизи аёллар бўлиши лозимлиги ҳақидаги талаб Ўзбекистонда хотин-қизларнинг сайлов жараёнидаги иштирокининг қўшимча кафолати ҳисобланади.

Бу аёлларнинг депутатликка номзод бўлиши учун катта имконият яратилишида катта аҳамият касб этади. Бу уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини сиёсий даражада ҳимоя қилишга ёрдам беради.

Гендер квотасининг изчил қўлланилиши 2019 йилги парламент сайловларида ўз натижаларини берди. Ўзбекистон тарихида биринчи марта Қонунчилик палатасига сайланган депутатлар умумий сонининг 32 фоизини, Сенат таркибининг эса  25 фоизини аёллар  ташкил этди. Миллий парламентдаги аёллар сони БМТ тавсияларида белгиланган даражага етди.

 

Ислоҳотларнинг юксак самаралари

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йили Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимда: “Бугунги кунда кенг кўламли демократик ислоҳотларимиз натижасида аёлларимизнинг сиёсий-ижтимоий жараёнлардаги иштироки тобора кучайиб бормоқда. Буни ўтган йил декабрь ойида мамлакатимиз парламенти ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтган сайловлар яна бир бор тасдиқлади” -  деб таъкидлади.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон тарихида биринчи марта миллий парламентда аёллар сони Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етди. Мамлакатимиз парламенти аёл депутатлар сони бўйича дунёдаги 190 миллий парламент ўртасида 37-ўринга кўтарилди. Бундан 5 йил аввал Ўзбекистон ушбу рейтингда 128-ўринни эгаллаб турган эди.

 “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонун сайловларни бошқариш органларида ҳам гендер мувозанатига риоя қилишни талаб қилади. Сайлов органларида, барча даражадаги сайлов комиссияларида аёллар сони ошди. 2019 йилда Марказий сайлов комиссиясининг таркибидаги ўзгаришлар натижасида аёллар сонининг 19 фоиздан 33 фоизгача кўпайиши кузатилди.

Жамиятнинг энг фаол, обрўли хотин-қизлари маҳалла фуқаролар йиғинлари, касаба уюшмалари, ногиронлар жамиятлари, фахрийлар ташкилотларининг вакиллари сифатида участка сайлов комиссиясига аъзо бўлиш имконияти янада кенгайди. Шунингдек, улар сайловларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари кузатувчилари сифатида қатнашадилар.

Шундай қилиб, 2019 йилги сайлов кампанияси даврида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларини сайлаш бўйича сайлов комиссияларида аёлларнинг сони ортди, аёллар округ ва участка сайлов комиссиялари таркибининг мос роваишда 46 ва 49 фоизини ташкил этди.

 

Халқаро эътироф

Ўзбекистон аёлларининг сиёсий жараёнлардаги роли оширилганлиги ва уларнинг 2019 йилги сайлов кампаниясидаги иштироки кенгайтирилганлиги халқаро миқёсда ҳам кенг эътироф этилмоқда.

ЕХҲТ ДИИҲБ Кузатувчилар миссиясининг 2019 йилги парламент сайловлари бўйича Якуний ҳисоботида, жумладан қуйидагилар ижобий баҳоланган:

ҳар бир партия томонидан номзодлар кўрсатишда гендер квотасига амал қилинди. Барча партиялар томонидан жами 310 нафар аёл номзод кўрсатилди (41 фоиз);

Қонунчилик палатаси таркибида аёллар сонининг ортгани (16 фоизга). Янги парламентдаги аёллар сони икки бараварга кўпайгани (48 аёл ёки 32 фоиз);

сайлов органларда аёллар сонининг ортгани. 2019 йилда Марказий сайлов комиссиясининг аёл аъзолари сони 3 нафардан 7 кишига ошди. Участка сайлов комиссиялари аъзоларининг ярмини аёллар ташкил этди.

Шуни таъкидлаш жоизки, 2020 йил декабрда Тошкент шаҳрида халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида  “Ўзбекистон тараққиётида парламентдаги аёлларнинг роли” мавзусида биринчи Форум бўлиб ўтди. Унинг амалий аҳамияти юқорилиги шундаки, у бизнинг жамиятимизда иқтисодий тараққиёт, демократик ривожланиш ва барқарорликнинг асосий шарти бўлган аёлларнинг сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий вазифаларни ҳал қилишдаги фаол иштирокининг бутун  мажмуасини очиқ муҳокама қилиш учун ажойиб имконият яратди.

 

Ишлар изчил давом этмоқда

Ўзбекистоннинг сиёсий ҳаётида аёлларнинг тенг иштирок этишига эришишнинг муҳим вазифаларидан бири - хабардорликни ошириш, хотин-қизларнинг сиёсий жараёнларда иштирок этиши аҳамияти ҳақидаги тушунчаларини кенгайтириш мақсадида аёллар ва эркаклар таълимини олиб бориш, миллий қонунчилик, Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция, Пекин Ҳаракатлар платформаси ва БМТ Минг йиллик ривожланиш мақсадларини ўз ичига олган гендер тенглиги соҳасидаги халқаро ва миллий мажбуриятлар ва битимлар тўғрисидаги маълумотларни кенг ёйишдан иборат.

Бундан ташқари, амалий ва илғор тажрибани алмашиш орқали аёлларнинг сиёсий фаоллигини ошириш мақсадида мавжуд хотин-қизлар ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва илмий ҳамжамиятни кучайтириш каби тадбирлар муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, оммавий ахборот воситаларида аёллар ва эркакларнинг ҳам номзодлар сифатида, ҳам сиёсий арбоблар сифатида фаолиятини ёритишда уларнинг тенг иштирокини таъминлаш ҳам шундай муҳим вазифалардандир.

Дарҳақиқат,  сўнгги йилларда Ўзбекистонда гендер тенглигини, аёлларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва ишбилармонлик соҳасидаги иштирокини таъминлаш бўйича улкан ишлар амалга оширилди. Бу борадаги ишлар собитқадамлик билан давом эттирилмоқда.

 

Гулноза РАҲИМОВА,

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссиясининг

доимий асосда ишловчи аъзоси.

 

17.04.2021 151